Линклар

Чегарада отилганлар орасида қирғизистонликлар йўқ


Ўзбек-қирғиз чегараси 2010 йил апрелидан буён ёпиқлигича қолмоқда.

Ўзбек-қирғиз чегараси 2010 йил апрелидан буён ёпиқлигича қолмоқда.

Қирғизистон Чегара хизмати сўнгги икки ой ичида ўзбек-қирғиз чегарасида юз берган нохуш ҳодисалар юзасидан ана шундай баёнот берди.

Ўзбекистон–Қирғизистон чегарасида сўнгги икки ой ичида 13 одам отиб ўлдирилгани тўғрисида Озодликнинг 21 июн кунги эшиттиришида маълумот берилган эди.

Қирғизистон Чегара хизмати раҳбари Зокир Тиленов сўнгги ойларда Ўзбекистон чегарачилари томонидан Қирғизистон фуқаросига фақат бир марта ўқ отилганини айтди:

- Чегарада отиб ўлдирилганларнинг ҳаммаси Ўзбекистон фуқаролари. Сўнгги ойларда Ўзбек чегарачилари томонидан бир марта Қирғизистон фуқаросига ўқ отилган ва бу воқеа Новкен туманида бўлиб ўтган. Аслини олганда, бугунги кунда Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини ноқонуний бузиб ўтиш ҳолатлари тез-тез содир бўлиб турибди. Чегарада асосан контрабанда маҳсулотлари олиб ўтаётган одамлар қўлга олинаяпти, - деди Зокир Тиленов.

Қирғизистонлик таҳлилчилар чегарадаги бундай вазият Ўзбекистон ўз чегарасини бир томонлама ёпиб қўйгач, юзага келди, деб ҳисоблайдилар. Чегара ёпилгунига қадар Ўзбекистон бозорларини ноозиқ-овқат маҳсулотлари билан асосан Қирғизистон таъминлар эди. Чегара ёпилгач, ўзбекистонлик савдогарларнинг асосий қисми маҳсулотларни Қирғизистондан Ўзбекистонга контрабанда йўли билан олиб ўтишга ва чегарани ноқонуний кесиб ўтишга мажбур бўлмоқда.

Ўзбекистон чегараси яқинида жойлашган Қирғизистоннинг Холмиён бозоридаги милиция участкаси раҳбари Нурбек Пўлўтовнинг айтишича, Ўзбекистон чегараларни бир томонлама ёпиб қўйганидан сўнг ўзбекистонлик савдогарлар чегарадан катта миқдорда мол олиб ўтмай қўйганлар.

- Аввалгидай кўп миқдорда мол олиб ўтишмай қўйишган. Ҳозир чегарадан ўтадиган жойнинг ўзи йўқ. Шунинг учун Ўзбекистон фуқаролари қандайдир йўллар билан яшириниб бозорга келишади ва яна бир амаллаб чегарадан ўтиб кетишади. Чегаранинг ёпилгани энг аввало Ўзбекистон фуқароларига зиён бўлди, - деди Нурбек Пўлўтов.

Аммо Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг ёпиқ қолаётгани қирғиз томонига ҳам катта зиён етказмоқда. Мутахассисларнинг айтишларича, Ўзбекистондан Қирғизистонга мева-чева, озиқ-овқат маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги учун зарур бўлган кимёвий ўғитлар ва ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари олиб ўтилар эди. Чегаранинг бир томонлама ёпилиши оқибатида бу маҳсулотлар Қирғизистонга келмай қўйган, натижада эса Ўш, Боткен ва Жалолобод вилоятларида қимматчилик юзага келган. Масалан, бугунги кунда Қирғизистоннинг жанубий вилоятларида энг сифатсиз бензиннинг нархи Бишкекка солиштирганда 10 сўмга қиммат.

- Ёнилғи мойлаш маҳсулотларигт, мева-сабзавотни, минерал ўғитларни Ўзбекистондан олар эдик. Бугунги кунда бу маҳсулотларнинг келмай қўйгани учун нарх-наво жуда кўтарилиб кетган. Оқибатда бизнинг деҳқонларга жуда қийин бўлди. Улар етиштирган маҳсулотнинг таннарҳи хориждан олиб келинадиган маҳсулотлардан ҳам қимматга тушиб кетаяпти, - дейди Ўшдаги “Антикризис” маркази директори Эркин Абдразақов.

Ўзбекистон ва Қозоғистон Қирғизистон билан чегараларини 2010 йилнинг 7 апрелидан сўнг бир томонлама ёпиб қўйган эди. Қозоғистон орадан бир неча ой ўтгач, чегараларини очган эди. Аммо Ўзбекистон шу кунгача чегараларини очиш ниятини билдирмаяпти. Олинган айрим маълумотларга кўра, Ўзбекистон Қирғизистон билан чегараларини янада мустаҳкамламоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG