Линклар

logo-print

Сен фақирми, мен фақир?


Қирғизистондаги энг бой одамлардан бири ўлароқ шуҳрат қозонган Бош вазир ўринбосари Ўмурбек Бабановнинг бутун бойлиги, у топширган декларацияга кўра, 12 минг долларлик квартира ва 7 минг долларлик автомашинадан иборат, холос.

Қирғизистондаги энг бой одамлардан бири ўлароқ шуҳрат қозонган Бош вазир ўринбосари Ўмурбек Бабановнинг бутун бойлиги, у топширган декларацияга кўра, 12 минг долларлик квартира ва 7 минг долларлик автомашинадан иборат, холос.

Қирғизистонда давлат амалдорларининг мол-мулклари тўғрисида топширган декларациялари ўрганилганда уларнинг кўпчилиги ўз бойликларини оддий халқдан яшириши маълум бўлди.

Агар солиқ декларациясига ишонадиган бўлсак, Қирғизистондаги энг бой амалдор Бош вазир Алмазбек Атамбаев экан. У 2010 йилда 500 минг долларга уй сотиб олибди, бундан ташқари, унинг 6 миллион долларлик кўчмас мулки ва бир қатор қимматбаҳо автомашиналари бор экан.

Халқ орасида Қирғизистондаги энг бой одам деб шуҳрат қозонган Бош вазир ўринбосари Ўмурбек Бабановнинг декларацияси эса барча фуқароларни ҳайратга солди. Декларацияга ишонсак, Ўмурбек Бабанов 12 минг долларлик квартира ва 7 минг долларлик автомашинага эга. Унинг шундан бошқа бойлиги йўқ экан.

Президент Ўтунбаева эса декларацияда Бишкекда битта квартирасидан бошқа мулки йўқлигини кўрсатган. Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Кенешбек Дуйшебаевнинг 3 та уйи, 3 та автомашинаси ва битта ер участкаси бор экан.

Алмазбек Атамбаевдан ташқари ҳукуматнинг барча амалдорлари декларация тўлдирар эканлар, ўзларини мана шундай бечорасифат қилиб кўрсатишган.

Маълум бўлишича, Қирғизистон парламентида ўтирган мамлакатнинг энг бой одамлари ҳам ўз декларацияларида бойликларини тўла кўрсатмаганлар. Масалан, Феликс Қулов декларацияда битта квартираси ва битта ҳовлиси борлигини билдирган. Экспертлар фикрича эса, Феликс Қулов Қирғизистондаги энг бой одамлардан биридир.

Бишкек тадбиркорлар клуби аъзоси Бақай Жунусовнинг айтишича, амалдорларнинг декларацияси таҳлил қилинар экан, улар томонидан бойликлари яширилганини сезиш мумкин.

- Фақатгина Бош вазир Алмазбек Атамбаевнинг декларацияси ҳақиқатга яқин. Бош вазир ўринбосари Ўмурбек Бабановнинг декларациясига эса ёш бола ҳам ишонмайди. У фақат арзонгина квартираси ва машинаси борлигини ёзибди. Ҳолбуки, Бабановнинг Қирғизистондаги энг бой одамлигини бутун аҳоли билади, - дейди Бақай Жунусов.

Таҳлилчи Эсен Мўмунқуловнинг айтишича, Қирғизистоннинг бой одамлари бойликларини ўз номига эмас, бошқаларнинг номларига расмийлаштиришни маъқул кўрадилар, шу сабабли ҳам амалдорлар ва бойларнинг номларига деряли ҳеч қандай мулк рўйхатга олинмайди.

- Қирғизистон кичкина давлат. Шунинг учун ҳам сиёсатчилар ўз бойликларини халқдан яшира олмайдилар. Аммо Қирғизистонда мол-мулкни асосан қариндошлар ва ишончли одамлар номига расмийлаштириш одат бўлиб қолган. Бу Шўролар давридан қолган одат. Масалан, собиқ президент Асқар Ақаевнинг номида фақат биттагина Волга автомашинаси бор эди, холос. Қолган бойликларининг барчаси эса қариндошлари ва ишончли кишилар номига расмийлаштирилган эди, - дейди Эсен Мўмунқулов.

Қирғизистонда амалдорлар томонидан солиқ декларацияси тўлдирилиши мажбурийдир ва бу коррупрцияга қарши курашнинг усули сифатида талқин этилади. Амалдорлар томонидан декларация тўлдирилишини Давлат кадр хизмати назорат қилади. Аммо мазкур ташкилот раҳбари Чўлпўнқул Арабаевнинг айтишича, бугунги кунда тўлдирилган декларацияларни текшириш ва бойлигини яширган амалдорларни жазога тортиш механизми қонунчиликда белгиланмаган.

- Бугунги кунда қонунчиликка асосан декларациядаги маълумотларнинг тўғрилигига амалдор фақат ўз виждони олдидагина жавоб беради. Шунинг учун ҳам амалдаги қонунчиликка ўзгартишлар киритиш ва ёлғон маълумотларни ёзган амалдорларга жазо чораларини қўллаш керак, деб ҳисоблаймиз, - дейди Чўлпўнқул Арабаев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG