Линклар

logo-print

Абдул Қодир Фитрат ҳукумат амалдорлари далхдор бўлган коррупция бўйича текшируви боис истеъфо беришга мажбур бўлгани айтмоқда.

Афғонистонни тарк этиб, АҚШга борган Марказий банк раҳбари Абдул Қодир Фитрат мамлакатдаги таниқли шахслар далхдор бўлган коррупция бўйича текширувлари боис истеъфо беришга мажбур бўлгани маълум қилди.

Абдул Қодир Фитратга кўра, ҳукумат расмийлари унинг коррупцион гуруҳлар ортидан олиб бораётган текширувларига тўсқинлик қилган.

Фитрат ҳукумат лавозимидаги амалдор шахслар, шу жумладан, президент Карзайнинг қариндошларига бекитиқча ярим миллиард долларга яқин қарз берганликда айбланган Кобул банк устидан текширувни бошлаган эди.

Вашингтондаги меҳмонхонадан туриб, Озодлик радиосига берган интервюсида Фитрат ҳаётига “муқаррар таҳдид” пайдо бўлганини айтар экан, бу ҳақда очиқ гапира олмаслигини айтди.

- Мен бу масалада очиқ-ойдин гапира олмайман. Аммо, ишончли манбалардан олинган ишончли ахборотлардан менинг ҳаётимга “муқаррар хатар” борлиги маълум бўлди. Бундан ташқари, бир вақтлар мен бу масалани парламентда кўтарганимда парламент аъзолари ҳам келгуси ҳаётимга ўзим хавф солишим мумкинлигидан хавотир билдирган эди, - деди Афғонистон Марказий банки раҳбари.

Шунингдек, Абдул Қодир Фитрат унга нуфузли мижозларга яширин қарз берилишини уюштирган банк мутасаддилари ишини суриштиришга имкон берилмаганини ҳам қўшимча қилди.

Фитрат Озодлик радиоси билан суҳбатда Кобул банкнинг қонунни бузган амалдорлари ишларини ошкор қилишда Халқаро Валюта жамғармаси ва “халқаро жамоатчилик” кўмагига таянганини айтди.

- Айнан ҳозир истеъфо беришга қарор қилганимнинг сабаби шундаки, мен қилишим керак бўлган, аммо қила олмаган иш билан шуғулланишдан чарчадим. Бундай ишлардан бири Кобул банк инқирозига боғлиқ бўлган шахслар ортидан текширув ўтказиш эди, - деди Абдул Қодир Фитрат.

Президент Карзайнинг матубот вакили Воҳид Умар Фитратнинг даъволарини тўлиқ инкор қилди ва аксинча, унинг ўзини Кобул банк инқирозига қисман дахлдор шахслардан бири, деб айблади.

“Бу истеъфо эмас. Бу афғон халқига хиёнат ва жуда масъулиятсизлик билан ташланган қадамдир”, деди Воҳид Умар Рейтер агентлигига берган интервюсида.

АҚШ расмийлари Кобул банк томонидан айрим акциядорларга кафолатланмаган, ҳужжатлаштирилмаган ҳолда қарийб 850 миллион АҚШ долларига яқин маблағ берилганини иддао қилмоқда.

Бу акциядорлар орасида эса баъзи вазирлар, шу жумладан, президент Карзайнинг катта акаси ва Афғонистон киборлари доирасининг бошқа таниқли вакиллари борлиги айтилмоқда.

Кобул банкдаги инқироз халқаро ташкилотлар томонидан Афғонистонга бериладиган келгуси ёрдам пулларининг ажратилиши масаласини савол остида қолдирди.

Жумладан, Халқаро валюта жамғармаси Афғонистон ҳукуматидан банк соҳасида зудлик билан ислоҳот ўтказишни талаб қилмоқда.
XS
SM
MD
LG