Линклар

Тожикистонда ўзбеклар жамияти қад ростлади

  • Гулнора Равшан

Шу йилнинг 25 июн куни бўлиб ўтган йиғилишда Муҳаррама Мирзоалиева Тожикистондаги Ўзбеклар жамиятининг янги раисаси этиб сайланди.

Шу йилнинг 25 июн куни бўлиб ўтган йиғилишда Муҳаррама Мирзоалиева Тожикистондаги Ўзбеклар жамиятининг янги раисаси этиб сайланди.

Узоқ йиллик карахтликдан сўнг Тожикистондаги ўзбеклар жамияти қайта иш бошлади.

Тожикистондаги кўп миллионлик ўзбеклар ижтимоий, иқтисодий, маданий, қолаверса, сиёсий муаммоларини ҳал қилиш бу сафар аёл киши зиммасига юклатилди.

- Жамиятни тиклаб, ўзбеклар турмушини, ҳуқуқини, иш жойларини ҳал қиламиз, ёрдам берамиз. Деҳқон хўжаликларини кўтарамиз, Худо хоҳласа. Танимда жоним бор экан, бу ишончни оқлаб, халққа хизмат қиламан, - деди 25 июн куни Ўзбеклар жамиятига раҳбари этиб тайинланган Муҳаррама Мирзоалиева.

Чойхонада ўтган йиғин

Ўзбеклар жамиятининг ҳаёт барча жабҳасидаги фаолиятини қайта тиклаш борасидаги янги қарор норасмий муҳитда қабул қилинди.

Гап шундаки, ўзбеклар жамиятининг навбатдаги йиғилиши 25 июн куни Тожикистон президенти ҳузуридаги “Шарқ” нашриётида ўтказилиши режалаштирилган эди. Жамият фаоллари бунинг учун аввалроқ расмий рухсат олган бўлса-да, бироқ тўпланганлар бино ичкарисига киритилмади.

Буни расмийлар Ваҳдат (Миллий ярашув куни) байрами муносабати билан ҳар қандай тадбирлар, мажлислар ўтказиш маън қилингани билан изоҳлади.

Шундан сўнг мажлис аҳолисининг аксар қисми ўзбеклар бўлган Рудакий туманига қарашли Россия колхозидаги “Чинор” чойхонасига кўчирилди.

Тарихга назар

Тожикистондаги ўзбеклар жамияти ўтган асрнинг 90-йиллари бошида ташкил топган эди.

1991 йил Душанбе шаҳрида жамият ташкил топиши муносабати билан ўтказилган катта тадбирда Тожикистон расмийлари билан бирга Ўзбекистон ҳукуматидан ҳам вакиллар қатнашган эди.

- Конфренцияга Ўзбекистон телевидениеси, матбуотидан вакиллар келган эди. Ўшандан кейин Ўзбекистон телевидениесида тожик бўлими очилди. Ўзбекистондаги кўплаб газеталар билан қўшма сон чиқарилганди, - дейди ўзбек жамияти фаолларидан бири Неъматулло Мамасаидов ўша тадбирни хотирлар экан.

“Бироқ, - дейди у, - йиллар ўтиб нимагадир ўзбек жамиятининг қадр-қиммати тушиб кетди”.

Айримлар тахминича, бунга Душанбе ва Тошкент ўртасидаги сиёсий муҳит сабаб бўлган.

Лекин, жамият фаолларидан бири Бахтиёр Мўминов мулоҳазасича, ўзбеклар жамиятининг обрўсизланиши ва кейинчалик сусайиб кетишига унинг собиқ раҳбари Жаҳонгир Рўзиевнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари туртки бўлган.

- Рўзиев жамиятимизга эмас, ўзбек миллатига хиёнат қилди. Шу туфайли бизнинг обрўмиз тўкилди. У жуда кўп жиноятлар қилган экан, қонунга биноан жазоланди ва шу туфайли у одам бизнинг сафимиздан кетди, - дейди Мўминов жаноблари.

Мажлис иштирокчилари айниқса 2006 йилдан кейин Тожикистондаги ўзбеклар жамиятининг амалий фаолияти мутлақо сезилмай қолганини қайд этдилар.

Жамиятми, маданий марказ?

Жамиятнинг обрўсини ва аввалги шуҳратини қайта тиклаш атрофидаги турли мулоҳазалар аввалда бўлгани каби кечаги йиғинда ҳам айтилди.

- Биз туб жойли ўзбеклармиз, нега энди жамият тузар эканмиз? Қонунимизда: “Ҳар бир халқ (миллат демоқчи – таҳр.) ўзининг маънавий хазинасини сақлаш учун маданий марказ ташкил қилиш ҳуқуқига эга”, дейилган. Биз жамиятнинг номини ўзгартириб, ўзбеклар маданий марказини ташкил қилишимиз керак, - дер экан Жуманазар Ҳасанов “тожик расмийларини чўчитаётган нарса ҳам ўзбекларнинг жамият номини маданий марказга алмаштирмаганларида, деб билади.

Бироқ ўзбеклар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш учун шундай бир сиёсий ташкилот зарур, деган фикрлар ҳам билдирилди.

- Нимага айримлар миллатини бошқа миллат номига ёзаяпти, яхши-яхши журналларимиз тўхтаб қолди. Буларни ўрганиш учун, буларни тартибга солиш учун албатта жамият керак ва жамият ишлаши керак. Демак, номни ўзгартиришда эмас экан иш. Меҳнат қилиш керак, ўша халққа хизмат қилиш керак, - дейди жамият аъзоси Муҳаммаджон Турсунов.

Ўзбеклар жамиятининг ўз байроғи бўлади

Мустақил кузатувчиларга кўра, сўнгги ўн йилликда тожикистонлик ўзбекларнинг ижтимоий, иқтисодий муаммолари ҳукумат даражасида ҳал қилинмай қолаётгани яққол сезилади.

Айни пайтда ўзбеклар жамиятининг қайта тикланиши кўпчиликнинг қувончига сабаб бўлди.

- Ўзбеклар умуман ўзлигини йўқотиб қўйган эди. Ҳатто ўзбек бўлганимиздан ўзимиз баъзан пушаймон бўлган вақтларимиз бўлди. Умуман бир калима тожик тилини билмайдиганлар шаҳодатномаларида миллатини “тожик” қилиб олишаяпти. Ўзбек мактаблари йўқолиб кетаяпти, - дер экан шоира Гуландом Ёқубова бугунги кунда жамиятни жонлантиришга жуда катта эҳтиёж сезилаётганини қўшимча қилди.

Ўзбеклар жамиятининг кечаги қарорига асосан ўзбек жамиятнинг ўз байроғи бўлади.

Ўзбекнинг 92 уруғи акс этган байроқ остида бирлашган тожикистонлик ўзбеклар тожик халқи билан дўстлик риштасини мустаҳкамлаш билан бирга ота-боболари тарихи, урф-одати, маданиятини ривожлантириш йўлида саъй-ҳаракат қилишлари таъкидланди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG