Линклар

logo-print

"Диндор ва сиёсий маҳбусларни озод қилинг"

  • Ҳасанжон

Гулистонлик Бобур президент Каримовни "Борса келмас" номи билан машҳур Жаслиқ қамоқхонасини ҳам ёпишга даъват қилади.

Гулистонлик Бобур президент Каримовни "Борса келмас" номи билан машҳур Жаслиқ қамоқхонасини ҳам ёпишга даъват қилади.

Сирдарёлик Бобур Ўзбекистон президентига ана шундай мурожаат билан чиқди.

"Маҳбусларни озод қилиб, Жаслиқни ёпинг"

Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридан қўнғироқ қилган Бобур мустақилликнинг 20 йиллиги муносабати билан президент Ислом Каримовга мурожаат қилиб, сиёсий ва диний айбловлар билан мамлакат қамоқхоналарида сақланаётган маҳбусларни озод қилишга чақирди.

- Ҳурматли президент, биз мустақилликнинг 20 йиллигини нишонлаш арафасида турибмиз. Шу муносабат билан сизга мурожаат қилмоқчиман. Ҳаммамиз яхши биламизки, бугун Ўзбекистон қамоқхоналарида ўнлаб, балки юзлаб сиëсий маҳбуслар, диний эътиқод билан қамалган ўн минглаб ўзбекистонлик инсонлар ўтиришибди. Буларнинг ичида Мурод Жўраев, Самандар Қўқонов, Дилмурод Саййид, Солижон Абдураҳмонов, Хайрулла Ҳамидов ва бошқалар. Мен сиздан илтимос қиламанки, мана шу 20 йиллик арафасида мана шу инсонларни қамоқдан чиқарсангиз. Бу байрамга жуда катта туҳфа бўлган бўлар эди. Сабаби - бу инсонларнинг бирортасининг на айби бор, на гуноҳи бор. Улар фақат сизнинг сиëсий бошқарув тизимингизга, сиëсий системангизга қарши чиққанликлари учун 10-15 йиллаб қамоқда ўтирган инсонлар бор. Шунинг учун айбсиз ўтирган бу одамларни озод қилсангиз, халқаро майдонда, халқаро дунëда сизнинг имижингиз ошган бўларди. Бундан ташқари, Жаслиқ қамоқхонасини 2002 йилда БМТнинг Қийноқлар бўйича комиссари Тео ван Бовен ëпишни маслаҳат берган эди. Бу қамоқхонани Ўзбекистонда ушлаб туриш сизнинг авторитетингизга халқаро майдонда жуда катта салбий кўрсаткич бераяпти. Агар мана шу айтилган ишларни қилсангиз, ўйлайманки, келажакда авторитетингиз ошишига олиб келади. Саломат бўлинг, - дейди гулистонлик Бобур.


"Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омоновани қўллаб-қувватланглар"

Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида жойлашган Тўхта Собуров жамоа хўжалигидан қўнғироқ қилган Ўрол ака “Ёшлар” телеканалининг собиқ журналистлари Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омоноваларнинг суд томонидан жаримага тортилганига муносабат билдирди.

- Кеча Озодлик радиосида Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омонованинг очлик эълон қилганлиги ҳақида фикри берилди. Суд жараëнлари телевидение раҳбарлари фойдасига ҳал қилинибди. Шундан мен норозиман-да. 2011 йил 10 июнда президентга хат қилиб жўнатдик Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омоноваларни қайта ишга тиклаш ҳақида. Шунинг учун мен бутун Ўзбекистондаги соғлом фикрловчи кишилардан илтимос қилиб сўрайманки, Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омоноваларни қўллаб-қувватланглар. Шу иккита синглимизнинг қайта ишга тикланишини сўрайман. Малоҳат билан Саодат эшитиб турган бўлса, эшитсин. Шу икки журналист синглимиздан йўлларидан орқага қайтмасликларини сўрайман, - дейди Жарқўрғондан қўнғироқ қилган Ўрол ака.


"Ўзбекистонда суд ҳокимияти мустақил эмас"

Сурхондарё вилоятининг Узун туманидан қўнғироқ қилган Хурсан Мирзаев “Ёшлар” телеканалининг собиқ журналистлари Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омоноваларнинг суд томонидан жаримага тортилгани суд тизимининг мустақил эмаслигидан далолат эканини айтди.

- Ўзбекистон суд ҳокимияти мустақил дейдию, у мустақил эмас. Чунки у ҳамиша даъвогарнинг илтимосини қондиради-да, жавобгарни иккинчи даражага қўяди. Номига мустақил-да бу суд. Мен журналист сингилларга ҳамиша хайрихоҳлик билдираман. Булар ҳақиқат қурбони бўлаяпти ҳозир. Ўзбекистонда қонунлар халқаро андозага ўлчаб чиқарилгану, лекин халқаро андоза Ўзбекистонда бўлмайди, бўлмаган. Бу номига шундай дейилади-да.

Маҳаллийчилик деган бир гапни Камолиддин Раббимов айтиб қолди-ку. Маҳаллийчилик КПСС даврида ҳам бор эди. Ким райком секретари бўлса, ким райисполкомнинг раиси бўлса, ўша ўзининг яқин қариндош-уруғларини тўплар эди. Амалда “маҳаллийчилик иллат” деб ëзар эди, ҳақиқатда маҳаллийчиликни ўзлари тўплар эди улар. Тўплай олмаса, улар ишлай олмас эди. Гап шу ерда бўлаяпти. Маҳаллийчиликка барҳам бериш учун давлат миқëсида қонун деймизми, ҳукумат раҳбарлари ўртасида холислик, бетарафлик, ҳалоллик деган нарса бўлиши керак. Шу ҳалолликни мен ҳокимиятда ҳам кўрмайман. Бугун ҳам ким ҳоким бўлиб келса, ўзининг қариндош-уруғини излай бошлайди-да, дейди Узун туманидан қўнғироқ қилган Хурсан Мирзаев.


*******************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG