Линклар

logo-print

Янги табрикдаги эски гаплар

  • Сарвар Усмон

Ислом Каримовнинг фикрича, сўз эркинлик қанчалар муҳимлигини “тушунтириб беришга ҳеч қандай ҳожат йўқ”

Ислом Каримовнинг фикрича, сўз эркинлик қанчалар муҳимлигини “тушунтириб беришга ҳеч қандай ҳожат йўқ”

Матбуот ходимлари куни мунобати билан журналистларни табриклаган президент уларни журъатсизликда айблади.

“Ахборот оламида қандайдир девор ўрнатиш, ўз қобиғига ўралиб, маҳдудликка юз тутиш йўли бизга асло маъқул эмас”.

Бу чиройли гапни Ўзбекистон Республикаси президенти номидан 27 июн – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Тошкентда ўтказилган тантанали йиғилишда президент давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди.



“…ортиқча гапиришга ҳожат йўқ” гаплар

Ўзбекистон президентининг “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига” табригида янги гап деярли йўқ.
Табрик матни баъзи абзацлари қандай якунланганига эътибор беринг:
“…миллионлаб юртдошларимиз, бутун халқимиз яхши англайди”;
“…ортиқча гапиришга ҳожат йўқ, деб ўйлайман”;
“…заруратга айланиб бораётганини барчамиз чуқур англаб олмоқдамиз”;
“…матбуот жамоатчилиги жуда яхши англаб, сезиб турибди”;
“…ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда”;
“…ўзининг амалий ижросини кутиб турибди”;
“…катта таъсир кўрсатиши шубҳасиздир”;
“…ҳали кўп иш қилишимиз керак”;
“…барчамиз яхши тушунамиз”;
“…ортиқча гапиришга зарурат йўқ, деб ўйлайман”;
“…тушунтириб беришга ҳеч қандай ҳожат йўқ”;
“…аҳамияти борлиги ҳеч ким инкор этолмайди”.

Бас, “Тушунтириб беришга ҳеч қандай ҳожат” йўқ экан, “Аҳамияти борлигини ҳеч ким инкор этолмас” экан, нима қиларди Хайриддин Султонов ўзини қийнаб?

Ўзини қийнаб президент номидан табрик ёзиб, ўзини қийнаб президент номидан уни ўқиб?

Биттагина янги, конкрет гап

Табрикномада биттагина янги конкрет гап бор. Айтилишича, “матбуот тарқатувчи ташкилотлар фаолиятини янада ривожлантириш учун уларга янги имтиёз ва преференциялар берилади” – янги йилдан бошлаб уларга солиқ юкини камайтириш бўйича имтиёзлар бериш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон ҳукуматининг бу йўналишдаги қарори тўғрисида ўтган ҳафтада хабар қилган эдикки, шунинг учун бу масалага алоҳида тўхталмоқчи эмасмиз.

Яна бир эски гап

Ўзбекистон президенти бу йилги табригида ҳам анъанага кўра, журналистларни журъатсизликда айблади.

“Олдимизда турган яна бир муҳим вазифа борки, у ҳам бўлса, матбуот соҳасида ҳали-бери учраб турадиган ўткир мавзуларни четлаб ўтиш, ўзини ўзи назорат қилиш, мансабда ўтирган кишиларга итоатгўйлик, кимгадир ёмон кўринмаслик, воқеликка бир бир хил ёндашув каби камчиликларни бартараф этиш билан боғлиқдир”, деб уқтиради президент.

Нега бунчалик журъатсизсизлар?

Бу саволни республика миқёсидаги газеталардан бирининг мухбирига бердик. Исмини айтмаслигимизни шарт қилиб қўйган журналист бундай деди:

- Менимча, журналистлар журъатсиз эмас. Бизнинг газетага қўл қўядиган бош муҳаррирлар, бош муҳаррир ўринбосарлари журъатсиз. Чунки журналистларимиз ëзаяпти, дейди исмини айтмаслигимизни шарт қилиб қўйган республика миқёсидаги газеталардан бирининг журналисти.

Фикрига далил сифатида суҳбатдошимиз ўзи ёзган бир мақола ва унинг бош муҳаррир столида қолиб кетгани тўғрисида айтиб берди.

- Касб-ҳунар коллежи бититувчиларини иш билан таъминлаш, эндигина ҳаëтга қадам қўйган болаларнинг орзу-ўйларини, ниятларини синдирмаслик учун мен “битувчиларга иш борми” деган маънода туман мисолида ўрганиб, икки-уч ой вақтимни кетказиб, райондаги мавжуд камчиликларни, касб-ҳунар коллежи битирувчиларининг ўзининг соҳаси бўйича ишга жойлаша олмаëтганини, бундан ташқари район раҳбарлари, мутасадди ташкилотлар масалан тумандаги меҳнат биржаси, аҳолини иш билан таъминлаш марказлари борку, ҳокимга ҳам учрашиб, тумандаги ҳар бир электр тармоқлари корхонаси билан, тумандаги консерва заводининг раҳбарлари билсан, коллеж директори билан, битирувчилар билан учрашиб ўзимнинг кўнглимда мақола талабига жавоб берадиган танқидий мақола ëзган эдим. Лекин айтганимдай “Жуда ҳам қалтис мавзуга қўл урибсиз. Тўғри шунақа муаммо бор. Лекин биз буни чиқара олмаймиз” деб ўша нарса столнинг устида қолиб кетган, деб эслади бош муҳаррир столида қолиб кетган мақолаларидан бирини республика миқёсидаги газеталардан бирининг мухбири.

Эътибор беринг, шугина гапни айтар экан, мухбир исмини айтмаслигимизни сўради.

Демак, Ўзбекистонда журналист овозини бўғаётганлар бош муҳаррирлару уларнинг ўринбосарлари эканда?!

Балки, уларни “ ёт унсур”, деб эълон қилиш керакдир? Большевикча усуллар билан уларни синф сифатида тугатиш керакдир?

“Кескин гап айтмадим шекилли?”

Бош муҳаррирлару уларнинг ўринбосарлари синф сифатида тугатилса, Ўзбекистонда сўз эркин, матбуот эркин бўлиб қоладими?
Бундай бўлиб қолмаслигини ҳамма билади. Ҳатто журналистларни табриклаётган, уларнинг йиллар давомида журъатсиз, деб камситаётган Каримовнинг ўзи ҳам билади.

Яна бир журналист – “Халқ сўзи” газетасида 1996 йилгача ишлаган ҳамкасбимиз билан суҳбатда масалани кўндаланг қўйдим:

Озодлик: Умуман гаплашмаслигингиз ҳам мумкинда. Иккаламизнинг шароитимиз икки хил. Мен бемалол мана бу ерда ўтириб гапираяпман. Сиз мамлакатннг ичидасиз. Шунинг учун жавоб бермасангиз ҳам майли. Президент ўзи сиëсий режимни қаттиқ қилиб олиб, “уни гапирмайсан, буни гапирмайсан” деб бош муҳаррирларни Хайриддин Султонов орқали, бошқа, умумий яратилган режимдан келиб чиқиб ўзи оëқ-қўлини, оғзини боғлаб қўйиб, яна “журъат етишмаяпти” деб бошига тарақлатиб уравериши тўғрими?

- Ҳақиқатан бу саволингизга жавоб бериш қийин. Энди мен ўзим мана шу ерда чиқаришмаëтган бўлса, мана интернет деган нарса бор экан чиқаяпман. Анча кўп гапларни айтиб юбораяпман. Перестройка даврида оддий мақолалар эди булар. Ҳеч ким эътибор ҳам қилмас эди танқидий руҳда ëзиладиган нарсаларга. Кейинги даврда ўрта бўғин ҳам ваҳимани кўпайтириб юборди шекиллида. Ўрта бўғиндаги Хайриддин Султонов, бош редакторлар ўзларини айлантириб олиб, ўраб олиб, иҳота қилиб “у гапни ëзма, бу гапни айтма, ундай қилма, бундай қилма, фақат мақтов”, сизнинг бу саволингизга жавоб бериш жуда қийинда. Вазият шундайда, ўзгариб қолар деб умид қиламиз. Бошқа нима қилишимиз мумкин?

Озодлик: Агар рухсат берсангиз, суҳбатнинг баъзи жойларидан фойдаланаман. Исмингизни айтмайман. Айт десангиз, айтавераман.

- Энди кескин гап айтмадим шекилли.

“Кескин гап айтмадим шекилли?”

Тажрибали журналистнинг оғзидан чиққан бу гап ўзбек журналистнинг миясида доим ғимирлаб турадиган саволдир.

Обид Асомов - ўзбек матбуоти учун “персона нон грата”лардан бири

Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида нима ёзиш мумкину нима – мумкин эмас – муҳаррирлар, ҳатто “сариқ” матбуот муҳарирлари ҳам аниқ билади.

Таниқли ўзбек қизиқчиси Обид Асомовнинг куни кеча Озодликка берган интервьюсидан бир парча эшитинг:

- Мен 100 марта айтдим. Жëлтая пресса дейди. Даракчи, Сўғдиëна деган газеталар бор. Шуларга телефон қилдим. “Илтимос, кичкина информация бериб юборинглар. Обид соғ-саломат, қамалмаган, яхши юрибди. Мен чарчадим ҳаммага жавоб беравериб” десам, “Мумкин эмас. Сизнинг исмингиз ва фамилиянгиз чиқиши мумкин эмас” дейди. Мана бир йилдан ошди мени телевизорда кўрсатмайди Ўзбекистон каналлари. Радиода гапириш мумкин эмас. Газетада гҳам фамилиям чиқиши мумкин эмас экан, деган эди Обид Асомов.

Компьютернинг 12-нчи ўлчамдаги ҳарфларида 4 ярим қоғозни эгаллайдиган табрикномадаги “Интернет ва ўзбек журналистлари” мавзуида гап ҳам эски гапдир.

Бу мавзуга президент бу гал кенгроқ тўхталгани учун, майли, уни янги гап, деб қабул қиламиз ва бу мавзуга алоҳида тўхталамиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG