Линклар

Freedom House: Ўзбекистонда 2010 йилда ўзгариш бўлмади


Freedom House Ўзбекистонда демократининг йўқлигини Ислом Каримов ҳукмронлиги билан боғламоқда.

Freedom House Ўзбекистонда демократининг йўқлигини Ислом Каримов ҳукмронлиги билан боғламоқда.

“Ўтиш давридаги давлатлар 2011” номли ҳисоботда Каримов давлат тепасида қолса, Ўзбекистонда демократик ўзгаришлар рўй бермайди, дея хулоса қилинади.


Freedom House – Озодлик уйи ташкилоти “Ўтиш давридаги давлатлар 2011” номли ҳисоботни эълон қилди. Марказий ва Шарқий Европа, Болқон ва собиқ иттифоқ давлатларидаги демократик ўзгаришлар тўғрисидаги ҳисоботга кўра, авторитар мамлакатлар ҳукмдорларининг ҳокимият устидан ўз назоратини кучайтириб боргани ҳукумат бошқарувида муаммоларни вужудга келтирди, хусусан уларнинг қонунга асосланган тизимларни йўлга қўйиш ва коррупцияга қарши кураш имкониятларини йўққа чиқарди.

Ҳисоботнинг Ўзбекистонга оид қисмида айтилишича, ўтган йил давомида президент Ислом Каримов ҳокимият тепасига келганидан бери кузатилгани каби, мамлакатда ҳеч бир демократик ўзгариш рўй бермаган.

“Ҳар йилги анъанага кўра, Ўзбекистон мустақиллигининг 19 йиллиги арафасида, 31 август куни нутқ сўзлаган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов демократия ҳақида гапирди. “Бизнинг энг эзгу ниятимиз жаҳоннинг тараққий этган ва демократик давлатлари қаторига қўшилишдир”, деди. Аслида 2010 йил ҳам Каримов ҳукмронлигининг аввалги йилларидан деморкатик ўзгаришлар билан фарқ қилмади. 1991 йилдан бери Каримов Ўзбекистон бошқарувининг барча соҳалари ва ижтимойи ҳаётининг аксар соҳалари устидан ҳукмронлик қилиб келди... Ижроия ҳокимият фақат ва фақат президентнинг амрини барашни ўзининг ягона вазифаси, деб билувчи қонунчилик ва суд ҳокимиятидан устун туради”, дейилади ҳисоботда.

Freedom House ташкилоти деярли барча танқидчилари, жумладан журналистлар, ҳуқуқ фаоллари ва сиёсий рақиблари овозини ўчирган Каримов режими 2010 йилда энди Ўзбекистон обрўйига путур етказгани важидан мамлакат ва ҳукуматнинг баъзи камчиликларига эътибор қаратган зиёлиларни таъқиб қила бошлаганини қайд этади.

Ўзбекистон ҳукумати, дейилади ҳисоботда, бу сиёсатни ҳеч қандай тўсиқсиз олиб бормоқда. Боиси Каримов ҳукуматига на мамлакат ичда, на халқаро миқёсда босим бор. Ўзбекистоннинг Афғонистондаги НАТО қўшинлари таъминотини амалга оширишдаги роли Ғарб давлатларининг бу мамлакатда демократик ислоҳотлар ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш борасида босим ўтказиш имкониятларини чеклаб қўйган, дейилади “Ўтиш давридаги давлатлар 2011” ҳисоботида.

Ҳужжатда шунингдек, Ўзбекистон ҳукуматининг 2010 йилги Ўш қирғинидан ўзига сиёсий очко тўпланганига эътибор қаратилади.

“2010 йил апрелида Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиевнинг ҳокимиятдан ағдарилиши ва Қирғизистон жанубида июн ойи ўрталарида авж олган этник зўравонликлар президент Каримов тегирмонига сув қуйди. Ваҳшийликларнинг асосий нишони этник ўзбеклар бўлган июн зўравонликлари пайтида жанубий Қирғизистонга қўшин юбормагани учун Каримов халқаро ҳамжамиятнинг тақсинига сазовор бўлди”, дея қайд этилади ҳисоботда.

Унда айтилишича, Каримов 400 минг этник ўзбек қочқинлардан 100 мингининг мамлакатга киришига руҳсат бергани ҳам халқаро олқишларга ҳисса қўшди. Ҳисобот муаллифлари қочқинларнинг барчаси бир ой ичида қайтариб юборилгани, уларнинг кўпчилиги мажбурлаб чегара ортига чиқариб юборилганини таъкидлганини ҳам қайд этади.

Ўзбекистон ички сиёсати фалаж аҳволда қолаётгани, соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш ёхуд келгусида мамлакатни бошқарадиган мутахассисларни етиштириб чиқара оладиган таълим тизимини йўлга қўйиш борасида давлат томонида ҳеч қандай чора кўрилмаётгани ҳам дозарб муаммолигича қолаётгани айтилади ҳисоботда.

Президент Каримов ва унга яқин доира мамлакатни истаганича бошқаришда давом этмоқда, бунда хавфсизлик кучлари режимнинг ҳокимият тепасида қолишини таъминламоқда, дея хулоса қилади Freedom House Ўзбекистондаги бошқарув тизими ҳақида.

Мустақил матбуот ҳақида ёзар экан ҳисобот муаллифлари, “Ўзбекистон расмийлари мамалкатда мустақил матбуотни йўқ қилганига бир неча йиллар бўлди. Давлат Ўзбекистондаги воқеаларга оид расмийлар ва давлат матбуоти тарқатаётган маълумотлардан фарқ қилувчи хабарларни берган шахсларни таъқиб қилиш ва қамоққа ташлашни давом эттирди. Хусусан, 2010 йилда давлат қашшоқлик ва ахлоқсизлик каби, ҳукумат Ўзбекистоннинг халқаро обрўйига путур етказади, деб ҳисобловчи мавзулар ёритилишига тўсқинлик қилди”, дея қайд этади.

Ҳисобот муаллифлари Ўзбекистонда коррупция даражасининг юқорилиги, сайлов тизимининг ноқислиги, фуқаровий жамиятнинг қийин аҳволда қолаётгани ва кўплаб бошқа муаммоларни ҳам қайд этади.

Ўзбекистон истиқобллари ҳақида Freedom House тадқиқотчилари "Каримов соғ-саломат давлат тепасида қоладиган бўлса, бу мамлакат демократик тизимга ўтишини кутишга асослар йўқ", дея хулоса қилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG