Линклар

logo-print

Қирғиз расмийлари сайловлар бўйича келиша олмаяптилар


Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси раиси Ақилбек Сариев мамлакатда МСКнинг янги таркиби аниқланмагунича эски таркибдаги комиссия ўз фаолиятини давом эттираверишини айтди.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси раиси Ақилбек Сариев мамлакатда МСКнинг янги таркиби аниқланмагунича эски таркибдаги комиссия ўз фаолиятини давом эттираверишини айтди.

Қирғизистонда парламент ва президент ўртасида Марказий сайлов комиссияси юзасидан келишмовчилик юзага келди.

Парламент ва президент ўртасидаги қарама-қаршилик “Марказий сайлов комиссияси” ва “Сайлов тўғрисида”ги қонунларга президент вето қўйгач, пайдо бўлди.

Президент ветоси туфайли мазкур қонунларни қабул қилиш икки ой ортга сурилиб кетди, натижада шу кунгача Марказий сайлов комиссиясининг тўла таркиби ва президентлик сайлови куни аниқлангани йўқ.

Парламент депутатлари ноябр ойида ўтиши лозим бўлган президентлик сайловига тайёргарлик жараёни ортга сурилмаслиги учун мазкур қонунлар қабул қилинмай турибоқ, Марказий сайлов комиссиясининг 12 аъзосидан 8 нафарини тайинладилар.

Қирғизистондаги жорий қонунчиликка мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси аъзоларининг 4 нафари парламентдаги ҳукмрон коалиция, 4 нафари мухолифат ва 4 нафари президент томонидан тайинланади.

Мамлакат сайлов тизимига оид икки қонун қабул қилинмасидан туриб парламент депутатлари Марказий сайлов комиссиясига аъзо сайлаганлари учун президент Ўтунбаева мазкур тайинловни ноқонуний, деб топди. Айни пайтда Марказий сайлов комиссиясининг эски таркиби фаолият юритмоқда.

- Ҳозир эски таркибдаги комиссия ишлаяпти. Қонунчиликка биноан, янги таркиб аниқланмагунича, биз ўз фаолиятимизни давом эттираверамиз, - деди Марказий сайлов комиссияси раҳбари Ақилбек Сариев.

Парламент депутатлари эса эски таркибдаги Марказий сайлов комиссиясининг янги президентлик сайловларига тайёргарлик жараёнига раҳбарлик қилиши ноқонуний бўлишини иддао қилмоқдалар.

Айни пайтда парламент президент ветоси қўйилган “Сайловлар тўғрисида”ги қонунни янгитдан муҳокама қилишни бошлади. Бу қонун парламент томонидан 30 июнгача қабул қилиниши керак. Чунки 1 июлдан бошлаб парламент таътилга чиқади ва шу кунгача президентлик сайлови кунини аниқлаб бериши керак.

Агар парламент кўпчилик овоз билан мазкур қонундан президент ветосини олиб ташлаш тўғрисида қарор чиқарса, унда “Сайловлар тўғрисида”ги қонун кучга киради ва депутатлар президентлик сайловининг қайси куни ўтказилишини аниқлайдилар. Агар президент ветосини олиб ташлаш учун овозлар етмай қолса, унда президентлик сайловини аниқлаш кузга қолдирилади. Бу ҳолатда эса президентлик сайлови 2012 йилга қолдирилиши мумкин.

Аммо президентнинг парламентдаги вакили Азимбек Бекназаров депутатлар сайлов кунини кузда аниқласалар ҳам, президентлик сайловини 2011 йилда ўтказиш имконияти сақланиб қолинишини, энг муҳими, сайлов билан боғлиқ барча жараёнлар қонун асосида ҳал этилиши лозимлигини билдирди.

Бундан аввалроқ Қирғизистон ҳукумати парламентга президентлик сайловларини 20 ноябрда ўтказишни таклиф қилган эди. Аммо қонунлар қабул қилинишининг кечиктирилиши оқибатида, парламент президентлик сайловини тахминан 30 ноябрга ўтказилишини режаламоқда. Аммо бу режа “Сайловлар тўғрисида”ги қонун 30 июнгача қабул қилинган тақдирдагина амалга оширилиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG