Линклар

Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омонова уч кундан буён очлик акциясини давом эттирмоқда.

Ўзбекистон президенти девони олдида очлик акцияси ўтказгани учун қарийб уч миллион сўм жаримага тортилгач, акцияни уйда давом эттиришга қарор қилган икки журналист Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омонова президент Каримов билан учрашув белгиланмагунча ўз акцияларини тўхтатиш ниятида эмаслар.

- Кучимиз етгунча, соғлиғимиз кўтаргунча давом эттирамиз. Чунки курашни охиригача давом эттириш лозимда барибир, - дейди Саодат Омонова.

Малоҳат Эшонқуловага кўра, 28 июн куни улар соғлиғи ёмонлашгани боис тез тиббий ёрдам чақиришга мажбур бўлишган.

- Мана бугун очлик эълон қилганимизнинг учинчи кунини давом эттираяпмиз. Қанчалик қийин, қанчалик оғир бўлмасин, мақсадимизга эришиш учун давом эттиришга ҳаракат қилиб ўтирибмиз. Кеча энди балки очликнинг иккинчи куни бўлгани учундир, бундай жараëн бизнинг организмимизда кечмаганлиги учунми - жуда оғир бўлди. Бош оғриб, ҳолсизланиб ўзимизни йўқотиш даражасига етганимиз учун ҳам тез ëрдамга мурожаат қилишга мажбур бўлдик. Жаҳонгир исмли тиббий ëрдам шифокори келиб, ҳар иккаламизнинг ҳам қон босимимизни ўлчади, юрак уришини текширди. Ҳаммаси жойида эканлигини таъкидлади. Лекин у: “Иккита одамнинг бор ëки йўқлиги мамлакат учун фожиа эмас. Бу ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Мен шифокор сифатида биламан. Биласизми, Тошкентда бир кунда қанчадан қанча одамлар ҳақ-ноҳақ ўлиб кетаяпти. Бу нима ахмоқчилик? Очлик эълон қиласизларми? Ундан кўра, агар Ўзбекистон ëқмаëтган бўлса, Россияга чиқиб кетинглар, хорижга чиқиб кетинглар ëки умуман касбларингни ўзгартиринглар” деган маънода турли гапларни гапириб, руҳий таъсир кўрсатиб кетди, - дейди Малоҳат Эшонқулова.

Журналистлар Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқулова 27 июн куни Ўзбекистон президенти девони олдига чиқиб очлик эълон қилган ва орадан 2 дақиқа ўтмай уларни фуқаролик кийимидаги милиция олиб кетган эди.

Журналист Малоҳат Эшонқулова 27 июн кунги акция пайтида

Душанба куни Яккасарой туман фуқаролик ишлари бўйича суди Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омоновани ноқонуний равишда очлик ўтказган деб топиб, маъмурий жавобгарликка тортди ва уларга энг кам иш ҳақининг 60 баравари миқдорида жарима белгилади.

Бироқ журналистлар очлик акциясини уйда давом эттиришга қарор қилди.

Малоҳат Эшонқуловага кўра, улар бу ҳақда президентга, шаҳар ва туман ҳокимлигига, хавфсизлик хизматларига ва соғлиқни сақлаш идораларига расмий мактуб йўллаган.

Эшонқулованинг айтишича, ҳуқуқ фаоллари улар ҳолидан хабар олаяпти, бироқ расмий идоралардан ҳеч ким келмаган.

- Кеча халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотидан уч киши келиб ҳуқуқий маслаҳатларини бериб кетдилар. Мана бугун, раҳмат, Ўзбекистондаги таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромов рафиқалари билан бизнинг ҳолимизни сўраш учун ташриф буюрдилар. Анча суҳбатлашиб ўтирдик. Кўнглимизни кўтардилар ва бизга керакли ҳуқуқий маслаҳатни бердилар, - дейди Малоҳат Эшонқулова.

Ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов очлик акцияси ўтказаётган журналистлар уйида

Эслатамиз, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг "Ёшлар" телеканалида ишлаб келган журналистлар Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқуловалар телевидениедаги қонунбузарликлар, маҳаллийчилик ва цензурага чек қўйилишини талаб қилиб, ўтган йили 6 декабр куни Тошкентнинг марказий майдонида пикет ўтказганидан кейин 9 декабр куни ишдан ҳайдалган эдилар.

Журналистлар ноҳақ ишдан бўшатилганини даъво қилиб, "Ёшлар" канали раҳбариятини судга берди.

31 май куни Шайҳонтоҳур туманлараро суди икки журналистнинг ишдан бўшатилганини қонуний деб топиб, “Ёшлар” телеканали раҳбарияти фойдасига ҳукм чиқарди.

Озодлик журналистлар аҳволини кузатишда давом этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG