Линклар

logo-print

Кобулдаги Интерконтинентал меҳмонхонасига жанггарилар уюштирган ҳужумда тинч аҳоли вакилларидан тўққиз киши, икки полиция ходим, бир Испания фуқароси ва ҳужум қилган саккиз жанггари ўлди. Тўқнашувдан кейин Афғонистон полицияси меҳмонхонанинг хоналарини бирма-бир текширишга киришди.


Афғонистон президенти Ҳамид Карзай ўн нафар тинч фуқаро ҳалок бўлган ҳужумни “шавқатсиз террор ҳуружи” дея атади.

Беш соат давом этган отишма пайтида НАТО вертолёти меҳмонхона томига ўрнашиб олган бир неча жанггариларни йўқ қилди.



Гранатомётлар, автоматлар билан қуролланган ва портловчи белбоғлар тақиб олган ҳужумчилар сешанба куни кечқурун Кобулдаги хавфсизлик чоралари кучайтирилган Интерконтинентал меҳмонхонасига бостириб кирди.

Афғонистон расмийлари 6-8 кишидан иборат ҳужумчилар гуруҳи тўла йўқ қилинганини таъкидламоқда. Ички ишлар вазирлиги эълон қилган баёнотда саккиз жанггарининг жасадлари топилгани билдирилди.

Меҳмонхона ходимларига кўра, жанггарилар магнитофон орқали толибларнинг қўшиқларини қўйган. Улар кўп қаватли меҳмонхона биносида йўлларидан чиққан одамларни отиб ўлдирган.

Баъзи меҳмонлар ўз ҳаётини сақлаб қолиш учун бинонинг иккинчи ва учинчи қаватларидан ерга сакраб қочган.

Воқеага гувоҳ бўлган Ҳамид исмли кобуллик йигит Рейтерс мухбирига буларни айтди.

- Меҳмонхона биноси ичида кучли портлаш рўй берганида соат ўн ярим бўлган эди. Мен худкуш ўзини портлатди деб ўйладим. Шундан кейин отишма овозларини эшитдик. Меҳмонхона яқинида яшайдиган одамлар қўрқиб кетишди. Отишма эрталабки олти яримгача давом этди,- деди Ҳамид.

Кобул полицияси бошлиғи Аъюб Саланг мухбирларга полиция ҳар бир хонани текшириб чиқаётганини маълум қилди.

Интерконтинентал меҳмонхонаси хорижликлар билан гавжум бўлган ва турли анжуманлар ва тўйлар ўтказиладиган жой эди.

Кобул Афғонистоннинг нисбатан тинч шаҳарларидан бири экани инобатга олинса, сешанба кунги ҳужум толиб жанггарилари истаган ерида ҳужумларни амалга ошира олиши мумкинлиги кўрсатади, демоқда кузатувчилар.

Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили Сиддиқ Сиддиқий Озодликка ҳужум юзасидан текширув давом этаётганини айтди.

- Ҳужум юзасидан текширув олиб бориляпти. Террорчилар шундай муҳим жойларга ҳужум қилишга уриниши шубҳасиз. Улар Афғонистон ҳукуматининг юқори лавозимли расмийлари ва хорижликларни нишонга олишни истайди,- деди Афғонистон Ички ишлар вазирлиги расмийси.

Кобулдаги Интерконтинентал меҳмонхонасига қилинган ҳужум учун масъулиятни Толибон ҳаракати ўз зиммасига олди.

Ҳужум бошланиши билан Толибон матбуот вакили Забиҳулла Мужоҳид қатор ахборот агентликларига ҳаракати жанггарилари меҳмонхонага ҳужум қилганини билдирди.

Забиҳулла Мужоҳид ҳужум оқибатида катта талафот етказилганини сўзига қўшимча қилди. Одатда толиблар етказилган талафотлар сонини бўрттириб кўрсатади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG