Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:51

Ўшда худкушлик авж олди


Ўш милициясининг маълум қилишича, ўз жонига қасд қилганлар орасида зўрланганлар ҳамда севган йигитидан ажраганлар ҳам бор.
Ўш милициясининг маълум қилишича, ўз жонига қасд қилганлар орасида зўрланганлар ҳамда севган йигитидан ажраганлар ҳам бор.

Расмий маълумотларда айтилишича, Ўшда ўз жонига қасд қилганлар сони ўтган йилларга нисбатан 2 маротаба кўпайган.


Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг Ўш шаҳар бошқармаси тарқатган маълумотга кўра, жорий йилнинг май ва июн ойларида 29 одам ўз жонига қасд қилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда 2 баробар кўпдир.

Маълум бўлишича, ўз жонига қасд қилганларнинг 1 нафари эркак, қолган 28 нафари эса 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган аёллардир.

Ўш шаҳар милицияси бу аёллар аёллар турмуш қийинчиликлари, жумладан, иқтисодий қийинчилик ва оиладаги зўравонликларга чидай олмай ўз жонига қасд қилганини иддао қилади.

Айтиш жоиз, 2010 йилги Ўш қирғинидан сўнг Қирғизистон жанубида иқтисодий вазият жуда оғирлашган. Ҳуқуқ ҳимоячилари минглаб одамлар, асосан ўзбеклар ўз иш ўринларидан ажраганлари ёки тирикчилик қилишларига тўсқинликлар бўлаётгани тўғрисида гапириб келмоқдалар.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, оғир иқтисодий шароит одамларни ўз жонига қасд қилишга ундаётган энг асосий омилдир.

Ўш милицияси ўз жонига қасд қилганлар орасида зўрланганлар ҳамда севган йигитидан ажраганлар ҳам борлигини айтмоқда.

Милиционерларнинг айтишларича, аёллар сирка ичиш ёки кўп миқдорда дори ютиш орқали ҳаёт билан видолашмоқчи бўлганлар.

Расмий маълумотларда ўз жонига қасд қилганларнинг миллати кўрсатилмаган.

Қирғизистон Омбудсмени тарқатган маълумотда айтилишича, ҳар йили мамлакатдаги руҳий кўмак марказларига 10 мингга яқин одам оилавий зўравонликлардан шикоят қилиб мурожаат қилади. Уларнинг 7 минг нафардан кўпроғини аёллар ташкил этади.

Мамлакатда оилавий зўравонлик ҳолатларининг кўпайиши эса аёллар ўртасида ўз жонига қасд қилиш фактларининг тез-тез содир этилишига сабаб бўлмоқда.

Айни пайтда кўпчилик аёллар оиладаги зўравонлик туфайли нафақат ўз жонларига, балки бошқаларнинг ҳам умрига зомин бўлаётгани тўғрисида маълумотлар бор.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги Қирғизистон қамоқларида сақланаётган аёлларнинг 87 фоизи оиладаги зўравонликларга чидай олмай, жиноятларга қўл урганини билдирган.

Шу билан бир қаторда, маълумотларга кўра, аёлларни ўз жонларига қасд қилишга ва турли жиноятларга қўл уришига сабабчи бўлган зўравонлардан фақат 10 фоизигина жиноий жавобгарликка тортилар экан.
XS
SM
MD
LG