Линклар

Тожикистонда жинсий алоқага мажбурланганини иддао қилаётган аёлнинг шикоят аризаси устидан маҳкама жараёни бошланди.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги корхоналардан бирида фаолият юритган душанбелик Дилафрузнинг шикоят аризаси пойтахтнинг Шоҳмансур туман судида ўрганилмоқда.

Дилафруз корхона бошлиғи Афғонов ўзига нисбатан бир неча марта жинсий тегажоғлик қилганидан шикоят қилади.

- Бир марта эмас, бир неча марта ана шундай ҳаракатлар бўлган. Бир гал Афғонов иш столим устига спиртли ичимлик қўйиб, ичишга мажбурлади. Мен ҳомиладорлигим туфайли ичмаслигимни айтдим. У боламнинг отаси йўқлиги туфайли уни олдириб ташлашимни таклиф қилди. Кейин менга ташланди, мен уни итариб юбориб, кабинетдан чиқиб кетдим, - дер экан Дилафруз ўзига нисбатан бундай муносабатдан кейинчалик Соғлиқни сақлаш вазирини ҳам расман хабардор қилганини қўшимча қилди.

Бироқ, Дилафрузнинг гапига қараганда, вазир номига ёзилган шикоятдан сўнг у ўз вазифасига лоқайдлик айби билан Тожикистон Меҳнат кодексининг 46-бандига мувофиқ ишдан ҳайдалган.

Шоҳмансур туман судида давом этаётган маҳкама жараёнида айбланувчи сифатида қатнашаётган Афғонов эса қўл остида ишлаган ходимаси Дилафруз қонун доирасида ишдан ҳайдалганини айтди.

- Менинг бу аёлга жинсий тегажоғлик қилганим ёки бўлмаса уни жинсий яқинликка мажбурлаганим ҳақида аризада ёзилганларнинг ҳаммаси асоссиз. Унинг ишдан кетиши эса қонун доирасида бўлган. Давлат муассасаларидаги санитария ҳолатини назорат қилиш ва хулосалаш зиммасида бўлган бу собиқ ходимамиз устидан жуда шикоят кўп бўлди. Мана, қўлимизда асослар ҳам бор, йигирмата муассаса бошлиғи Дилафрузнинг ўзларига нисбатан дағал муносабати ва кўп ҳолларда текширувлар юзаки бўлгани ҳақида ёзма шикоят ҳам қилган. Бу ходимамиз корхона умумий мажлиси қарорига биноан ишдан ҳайдалган, - дейди Афғонов.

Шу ўринда айтиш жоизки, ходим ёки ходиманинг ўз бошлиғи жинсий яқинликка мажбурлагани юзасидан шикоят аризаси беришию бу ишнинг судда кўрилиши тожик жамиятида илк бор кузатилмоқда.

Гарчи тожикистонликлар орасида раҳбар шахсларнинг ўз қўли остидаги ходималарига жинсий тажовузи, жинсий тегажоғлиги ва кўп ҳолларда жинсий яқинлик туфайли ишга олиниши мавзуси очиқ мавзу эса-да, кузатувчилар аксарият жувонлар бу масалани маҳкамага олиб чиқишдан тийилишини урғулайдилар.

Мавзу юзасидан фикр билдирган суҳбатдошимиз Аслияхон кундалик ҳаётда бундай ҳолатлар ҳар қадамда бўлмас ҳам, учраб туришини айтади.

- Мен ҳам шундай ҳолатларни кузатганман. Балким ишни йўқотмаслик, оиласи бузилмаслиги, обрўси тўкилмаслиги учун кўпроқ судга мурожаат қилмайди. Иш судга боргандан кейин бундан аёлнинг оиласи хабардор бўлади, қўни-қўшнилар, қариндош-уруғ орасида овоза бўлади. Жуда покиза аёл бўлган тақдирда ҳам унинг ҳаётига бу нарса салбий таъсир кўрсатади барибир, - дея мулоҳаза билдиради Аслия.

Жамиятшунослар фикрича, мавзунинг жамиятда ёпиқлигича қолаётганининг яна бир сабаби Тожикистон судларининг мустақил эмасликларидир.

Шу нуқтаи назардан, бошлиқлар томонидан жинсий тажовузга учраган ёки жинсий яқинликка мажбурланаётган кўпчилик ходима аёллар, жамиятшуносларга кўра, шу “тартиб”га одатланиб, уни табиий бир ҳол ўлароқ қабул қилади.

Тожикистонлик ҳуқуқшунос Ойниҳол Бобоназарова Дилафрузнинг журъати бошқа аёлларга сабоқ бўлиши лозимлигини таъкидлайди.

- Биргина Тожикистонда эмас, балки минтақанинг бошқа мамлакатларидаги давлат идораларида ҳам аёлларни жинсий яқинликка мажбурлаш ҳолатлари кузатилади. Лекин ҳамма ҳам Дилафруз сингари буни судга олиб чиқишга журъат қила олмайди. Бошлиқнинг ўз ходимасига нисбатан бундай муносабати халқаро меъёрларда ҳам, Тожикистон қонунларида ҳам жиноят саналади. Бироқ, афсуски, ўз ҳуқуқини ҳимоялаш ўрнига улар ихтиёрий тарзда ишдан кетади. Менимча, бу анъанани йўқ қилиш вақти етди, - дейди тожикистонлик ҳуқуқшунос Ойниҳол Бобоназарова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG