Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:59

Туя гўшти еган қурилишга жон кирди


"Бунёдкор" футбол клуби сайтида эълон қилинанг стадион макети.
"Бунёдкор" футбол клуби сайтида эълон қилинанг стадион макети.

“Бунёдкор” стадионининг қурилиши яқин 50 фоизга бажарилди. Озодликка бу ҳақда стадион қурилиши билан шуғулланаётган ташкилотлардан бири, “Ташгипрогор” лойиҳалаш интитути бош инженери маълум қилди. Ўтган йили Мустақиллик байрамига қадар битирилиши ваъда қилинган “Бунёдкор” футбол клубига қарашли спорт комплекси қурилиши 2010 йилнинг баҳорида тўхтаб қолган эди. Бунга клубнинг ҳомийси “Зеромакс” ширкати ёпилгани сабаб бўлган эди. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 5 апрелдаги “Бунёдкор” стадиони қурилишини тугатишни тезлатиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридан сўнг қурилиш ишлари яна бошланди. Бироқ қурувчиларнинг айтишларича, бу энди аввалги лойиҳадаги катта спорт комплекси эмас, оддий бир стадион бўлади.


Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, “Бунёдкор” стадиони 2012 йилнинг 10 мартида топширилиши керак. Қурилишни “Нефтгазмонтаж” компанияси билан “Тошгипрогор” лойиҳалаш институти олиб бормоқда.

"Тошгипрогор" лойиҳалаш институти бош муҳандиси Владимир Рижовнинг Озодликка айтишича, шу кунларда стадион қурилиши жадал суръатларда давом этяпти:

- Стадион қурилишига мингдан ортиқ қурувчи жалб қилинган. Узлуксиз иш бошланганига ярим йил бўлди. Менинг тахминий ҳисоб-китобимга кўра 50 фоиз иш бажарилиб бўлди,- деди Владимир Рижов.

Бош муҳандис стадион қурилишининг аввалги лойиҳаси ўзгарган ва бу энди йирик спорт комплекси эмас, балки оддий футбол стадиони бўлади, дея давом этади:

- Бунда асосан ФИФА талаблари ҳисобга олинади. Аввалги лойиҳанинг асосий чизгилари қолган холос. Энди стадион режаси, конструкцияси бошқа бўлади, томошабинлар ўтирадиган ўриндиқлар, фасад, зиналар бошқа бўлади. Футбол ўйналадиган майдон атрофида югуриш йўлакчалари ҳам бўлмайди, яъни юз фоиз ФИФА талабига биноан қуриладиган стадион бўлади. “Бунёдкор” стадиони 33 минг кишига мўлжалланган,- дейди Владимир Рижов.

“Зеромакс” ширкати ҳомийлигида “Бунёдкор” спорт комплекси қурилиши бошланганда, унинг лойиҳасига 45 минг одам сиғадиган ярим ёпиқ стадион, 150 кишилик меҳмонхона, болалар спорт мактаби ва бошқа иншоотлар киритилган эди.

У нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёдаги энг йирик спорт комплексаларидан бири бўлиши айтилган эди.

"Зеромакс" ширкатининг ёпилиши "Бунёдкор" стадиони учун ҳам ҳайрли бўлмади.
Германиянинг GMP фирмаси томонидан лойиҳалаштирилган спорт комплекси қурилиши 2008 йил бошланган ва кейинроқ тўхтаб қолган эди. Бунга “Бунёдкор” жамоасининг муассиси, Гулнора Каримовага тегишли экани айтиладиган "Зеромакс" ширкатининг ёпилиши ва унинг бош ижрочи директори Миродил Жалоловнинг ҳибсга олиниши сабаб бўлган эди. Шундан сўнг қурилиш ҳомийсиз қолди. Бир йилдан бери тўхтаб қолган объектга, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 5 апрелдаги қароридан сўнг яна жон кирди.

Бироқ, энди 45 минг одамни сиғдира оладиган Марказий Осиёдаги энг катта спорт комплекси эмас, балки томошабинлар ўриндиқлари сонига кўра “Пахтакор” стадионидан ҳам кейин турадиган стадион қуриладиган бўлди.

Аввалги лойиҳада стадионга очилиб-ёпиладиган механик том қурилиши назарда тутилган эди. Бироқ сўнгги лойиҳага кўра, стадионнинг усти очиқ бўлади.

Кузатувчилар бунинг сабабини спорт комплексининг аввалги лойиҳаси жуда қимматлиги ва бу мамлакат бюджетига оғир тушаётганлиги билан изоҳлашмоқда.

“Бунёдкор” спорт комплексининг аввалги лойиҳаси 150 миллион АҚШ долларига тенг экани айтилган эди.

“Роdrobno.uz” Интернет сайтига кўра, “Бунёдкор” стадиони қурилишининг янги лойиҳаси 50 миллиард сўм (расмий курсда 29,17 миллион АҚШ доллари) қийматга эга ва бу маблағ республикадаги газ, кимё, тоғ-кон, автомобил саноати корхоналари ва ҳукумат бюджети ҳисобидан таъминланади.

Бироқ, Newsuz.com сайти “Бунёдкор” клуби матбуот хизматига таяниб, бошқача хабарни тарқатди. Унга кўра, 18 гектардан иборат, 7 та футбол майдонини ўз ичига олган ўйингоҳ қурилиши учун 60 миллиард сўм сарфланади. Қурилишга пул хайрия маблағи ҳисобига амалга оширилиши айтилган. Бироқ ҳозирча ҳомийлар номи очиқланганича йўқ.
XS
SM
MD
LG