Линклар

logo-print

АҚШнинг Афғонистондан кетиши Россия манфаатидами?


Россия президенти Ўзбекистонда бўлиб қайтганидан кўп ўтмай, президент Каримов яна бир Кремл мулозимини қабул қилди.

Россия президенти Ўзбекистонда бўлиб қайтганидан кўп ўтмай, президент Каримов яна бир Кремл мулозимини қабул қилди.

28 июн куни Ислом Каримов Оқсаройда Россиянинг Ҳарбий-техникавий ҳамкорлик бўйича федерал хизмат директори Михаил Дмитриевни қабул қилди. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, учрашув давомида Ўзбекистон ва Россия ўртасида ҳарбий техника соҳасида ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама этилган. Кузатувчилар Россия ҳарбий ва сиёсий раҳбариятининг кейинги пайтларда Тошкентга тез-тез ташриф буюраётганини америкаликларнинг Афғонистондан чиқиб кетаётгани билан боғлашмоқда.


Ислом Каримов Россия Ҳарбий-техникавий ҳамкорлик бўйича федерал хизмати раҳбари Михаил Дмитриев билан сешанба кунги учрашувни президент Дмитрий Медведев билан 13 июн куни Тошкентда ўтган сўзлашувларининг мантиқий давоми, дея атади. Томонлар ҳарбий соҳадаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр эканликларини намоён қилишди, дея хабар қилди Ўзбекистон президенти матбуот маркази.

Таҳлилчилар Россия кейинги пайтларда Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан Ўзбекистон билан муносабатларини, айниқса ҳарбий соҳадаги алоқаларни яхшилашга уринмоқда, деган фикрда.

Марказий Осиё мамлакатлари орасида Ўзбекистон ўзининг ҳарбий ва демографик потенциали ҳамда географик жойлашуви билан муҳим аҳамиятга эга экани маълум. Шу сабабдан кейинги йилларда Россиянинг бу мамлакатдаги таъсир доираси сусайгани Кремлни ташвишга солиб қўйди, дейди “Независимая газета” нашрининг ҳарбий шарҳловчиси, собиқ полковник Владимир Мухин. Озодлик билан суҳбатда ҳарбий эксперт Россия учун минтақа, айниқса Ўзбекистонда ўз мавқеини тиклаб олиш жуда муҳимдир, дейди.

- Ўзбекистон ўз ҳарбий эҳтиёжларга қўшни республикаларга нисбатан қўпроқ маблағ ажратмоқда, бу мамлакатнинг армияси минтақада энг қудратли ҳисобланади. Лекин у ердаги мустаҳкам полиция режимини ҳисобга олсак, дунёда рўй бераётган воқеалар фонида Россия-Ўзбекистон ҳарбий ҳамкорлиги мамлакатнинг полиция ва армиясини янада мустаҳкамлашга қаратилган бўлса, бу жуда ёмон. Лекин менимча, Россия ҳарбий-техника соҳасида барча собиқ совет республикаларига ёрдам кўрсатишга мажбур, чунки улардаги барқарорлик - Россиянинг барқарорлиги ҳамдир,- дейди Владимир Мухин.

Ҳарбий мутахассиснинг сўзларига кўра, АҚШ Президенти Барак Обаманинг АҚШ қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш режаларига кўра, Афғонистондаги ҳарбий миссияси уч йилдан кейин якунланиши Россиянинг бу минтақага эътибори кучайишини тақозо этади.

Россия ва Марказий Осиё минтақасидаги ҳарбий ҳамкорлик масалалари бўйича яна бир мутахассис – Москва Давлат Университетининг Халқаро сиёсат факультети доценти, Москвадаги Ҳарбий прогноз маркази раҳбари Анатолий Циганок Россия юзага келган вазиятдан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиши лозим дейди.

- Ҳозир россиялик дипломатлар, россиялик ҳарбийлар учун
Афғонистондан қўшинларнинг олиб чиқилишидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга энг қулай вазият юзага келди. Гап шундаки, Россия маълум сабабларга кўра АҚШга берилган иккита ҳарбий базани қайтариб олиш режаларини бекор қилгани йўқ. Лекин Каримовнинг ҳарбий ҳамкорлик соҳасидаги ўзгарувчанлиги – масалан, дам КХШТга кириши, дам чиқиши – 90-чи йиллар охири ва 2000-чи йиллар бошида Ўзбекистоннинг НАТО ва АҚШга яқинлашиб, Россиядан узоқлашишига олиб келган эди. Лекин Андижон воқеаларидан кейин Путин бу вазиятдан яхши фойдаланиб олди... Шунинг учун бугунги кунда Россия, НАТОнинг қаршилигига қарамасдан, Ўзбекистон ёрдамида Афғонистондаги ўз мавқеини тиклаб олишга уринмоқда,- дейди Анатолий Циганок.

Ҳарбий эксперт Москва Ўзбекистон ёрдамида АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилишидан фойдаланиб, Россиянинг ғашини келтираётган Европадаги Ракеталарга Қарши мудофаа (ПРО) тизими масаласида босим ўтказа олиши мумкин, дея қўшимча қилади.

Циганокнинг айтишича, бугунги кунда Москва ва Тошкент ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик бир неча ўн миллион долларни ташкил қилади.

- Қолаверса, Ўзбекистон минтақада энг замонавий қуролга эга, аммо мамлакатда қурол-яроқ мутлақо ишлаб чиқарилмайди, деярли барча ҳарбий техника Россияда ишлаб чиқилган, барча ҳарбий қўмондонлар ва мутаҳассислар Россияда таҳсил олишни давом эттирмоқда. Каримов АҚШ Афғонистондан чиқиб кетганидан кейин Ўзбекистонга қизиқишини йўқотишини ҳам англаб етмоқда. Шу сабабли, ҳарбий соҳада Россия ва Ўзбекистоннинг ҳамкорлиги ўзаро манфаатли, десак хато қилмаган бўламиз,- дейди Москвадаги Ҳарбий прогноз маркази раҳбари Анатолий Циганок.

Унинг таъкидлашича, қурол-аслаҳа эвазига Ўзбекистон йилига Россияга камида 250 минг тонна пахта етказиб бермоқда.

Шунингдек, Россия 1996 йилда Ўзбекистон билан имзолаган шартномага кўра, Қашқадарёдаги Майданак тоғли обсерваторияда жойлашган илмий-тадқиқот комплексидан аксил-ракета мудофаа мақсадларида фойдаланиб келади.

Аммо МДҲ давлатлари ҳудудида 35 та ҳарбий базага эга бўлган Россия бугунга келиб Майданак обсерваториясидан ташқари Ўзбекистонда бирорта бошқа ҳарбий объектни ижарага олмагани айтилади.

Шунингдек, авиасозлик соҳасида ҳам Ўзбекистон Россия билан ҳамкорлигини тўхтатган.

Москва ва Тошкент ўртасида ҳарбий техника ва қурол-аслаҳа ишлаб чиқариш, модернизациялаш ва етказиб бериш тўғрисида имзоланган сўнгги ҳужжат 2008-2010 йиллар учун мўлжалланган эди.

Аммо икки давлат ўртасидаги ҳарбий-техникавий ҳамкорлик асосан 1992 йилда имзоланган “Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида”ги шартнома, 1994 йилги “Қуролли кучларнинг ўзаро техникавий ва моддий таъминоти принциплари тўғрисида”ги келишув ва 1999 йилда имзоланган “Ҳарбий ва ҳарбий техника соҳасида ҳар тарафлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш тўғрисида”ги шартнома доирасида амалга оширилади.

Ундан ташқари, 2005 йилнинг ноябрида Ўзбекистон ва Россия ўртасида “Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида”ги шартнома ҳам имзоланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG