Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:29

“Ҳар бир домда камида биттадан фоҳишахона бор”


Пойтахтнинг баъзи мавзеларида кўп қаватли уйларда беш-олтитадан фоҳишахоналар бор.
Пойтахтнинг баъзи мавзеларида кўп қаватли уйларда беш-олтитадан фоҳишахоналар бор.

Ўзбекистон шаҳарларида кенг тарқалган фоҳишабозликка ҳуқуқ-тартибот органларининг алоқаси борлиги айтилади.


“Ҳар бир домда камида биттадан фоҳишахона бор”, дейди Тошкентнинг Сағбон мавзеида яшайдиган ҳуқуқшунос Гулнора Оқилова.

Уч йилдан бери мавзедаги притонларга қарши муваффақиятсиз курашиб чарчаган бу фаол аёлнинг айтишича, иллат илдизи ҳуқуқ-тартибот органларига бориб тақалади.

Айни пайтда - 28 июн куни баъзи ахборот воситалари Тошкентда фоҳишахонага айлантирилган ўнлаб квартира мусодара қилингани тўғрисида хабар қилди.

Бу хабар, Оқилова хонимнинг айтганлари фонида, маъмурларнинг мазкур иллатга қарши кураш бошлаганидан эмас, балки фаҳш бозорини назорат қилувчиларнинг ўзаро жангидан дарак бўлиб туюлади.



Курашидан иш чиқмаётган давлат

АҚШ Давлат департаменти 28 июн куни жаҳон мамлакатлари бўйлаб одам савдоси билан боғлиқ вазият юзасидан навбатдаги ҳисоботини эълон қилди.

Ҳужжатда Ўзбекистон одам савдосига қарши курашаётган, лекин бу соҳада муваффақиятга эришолмаётган мамлакатлар рўйхатига киритилган.

Халқаро ҳужжатларда “Одам савдоси” тушунчасига катталар ва болаларни жинсий эксплуатация қилиш ҳам киришини ҳисобга олсак, Давлат департaменти эълон қилган ҳисоботнинг бугунги мавзумизга алоқаси бевосита эканлиги кўринади.

“Учрашув уйлари” мусодара қилинди”

Ҳисобот эълон қилинган куни Узметроном сайти ўзининг ишончли манбаларига таяниб, мижозларини Тошкентнинг хос тунги клубларидан “илаштирувчи” нархи баланд жувончалар хизмат кўрсатадиган ўнлаб квартира мусодара қилингани тўғрисида ёзди.

Бу хабарни чуқурроқ ўрганишга киришар эканмиз, изланишларимиз кутилмаган натижа берди: ўзи яшаб турган мавзедаги притонларни ёптириш учун бир неча йилдан бери курашиб келаётган фаол аёл - Гулнора Оқилова билан гаплашишга муваффақ бўлдик.

“Ёзмаган жойимиз қолмади”

Гулнора Оқилованинг айтишича, у Себзор мавзеидаги 44-домда яшайди. Ўзи яшаб турган турган домдаги квартиралардан бири притонга айлантирилган. Бундай “ёмон квартиралар”, деб давом этади Гулнора Оқилова

- 40-даям бор, 39-домда ҳам бор. Бир неча марта бизлар участковойларни чақирамиз. Участковой милициялар булардан пул оладида, яна чиқариб юбораверади. Притонлар роса ҳам кўп. Битта хонадонда кечаси билан жанжал бўлиб чиққани ундан ҳам кўп. Уларни хотини қидириб келади, хотинлари йиғлайди, додлайди. Неча марта бизлар участковой милиционерларни чақириб, ариза билан ҳам мурожаат қилганмиз. Чақирамиз, келишади. Уларнинг чўнтагига ишлаймиз. Биз хабар берамиз, фақат уларнинг чўнтагига ишлайди. Йўқотиб бўлмаяпти ҳеч ҳам. Мен яқидна комитет собственний безопастностга ëзиб юбордим. Билмадим энди қанақа резултат бўлади. Мен ҳали жавоб олганим йўқ.

Озодлик: Ҳар бир домда биттадан притон борми?

- Биттадан эмас учта-тўрттадан бор. Мана 40-домнинг ўзида олтитами-еттита, тўртта подъездли домда олтита-еттита притон бор. Битта подъездда иккита-учтадан, дейди Гулнора Оқилова.

Балки Гулнора Оқилова оширвораётгандир? Бу информацияни қандай текшириш мумкин?

Бу савол пойтахтдан энг узоқ вилоят – Хоразмга етаклади.

“Хоразмда ҳам “Учрашув уйлари” кўпаймоқда”

Вилоятдаги хотин-қизлар масалалари билан шуғулланувчи бир жамоат ташкилотининг ўзини Ражаббой, деб таништирган ходими билан гаплашдик.

Ёши 42 га кирган Ражаббой ташкилот номидан гапиришдан бош тортди. Лекин саволларимизга оддий бир хоразмлик сифатида жавоб берди.

Озодлик: Кейинги йиллардан жинсий хизмат кўрсатувчи аëллар кўпаяяптими озаяяптими сизнинг назарингизда? Оддий бир хоразмликнинг назарида.

- Мен энди олдин буни эшитмаганман тўғриси. Ҳозир у ëқ бу ëқдан эшитаман. Шунақа жойлар бор деб эшитаяпман,. Ўзим бир кўзим билан кўрмадим, нима қилмадим.

Озодлик: Олдин эшитмаганлигингиз бу олдин йўқлигининг белгисими?

- Шу йўқлиги бўлса керак. Йўқ бўлгандан кейин эшитилмайди. Ҳозир энди у ëқда, бу ëқда очилибди.

Озодлик: Демак, алоҳида ўшанақа уйлар бор.

- Бор. Энди мен мана шу уй, мана шу квартира деб айта олмайман, дейди
Хоразмдан Ражаббой.

“Учрашув уйлари” очганлар 3 йилга қамалиши мумкин”

Тошкентлик юрист Гулнора Оқилова билан масаланинг юридик жиҳатлари тўғрисида ҳам гаплашдик.

- Ҳар битта квартира давлат тарафидан бир пайтлар берилган, кейин приватизация қилинган. Обшественний уйлардачи бунақа притонхоналар, то ест фоҳишахоналар очиб қўйиш қонунга зид нарса.

Озодлик: Ўша домнинг у ëки бу квартирасида притон очилганини айтайлик исботлашди. Қанақа жазо белгиланган ўша притон очиб қўйгани учун?

- Жазо уч йилгача. Агар уни ушлаб олиб, ҳақиқатан ҳам қонун доирасида иш қиламан деса, суд орқали уч йилгача жазо беради. Лекин штрафи ҳам бор, условнийси бор. Унгача судга олиб чиқадиган одамлар ким? Непосредственно ўша жойнинг инспекторлари. Мавзенинг старший инспекторлари бор. Ўшалар дело тайëрлаб судга олиб чиқиши керак. Унгача булар пулини олиб тинчитиб юбораверади. Бирортаси чиққани йўқ судга, дейди Гулнора Оқилова.

Юрист Гулнора Оқилованинг бу гаплари юзасидан ички ишлар бошқармасидан бирон бир информация олишнинг иложи бўлмади.

Юристнинг гаплари рост-ёлғонлиги тўғрисида ҳар бир ўзбекистонлик ўз атрофидаги вазиятга қараб хулоса чиқариши мумкин.

Биз эса, суҳбатдошимизга навбатдаги саволни берамиз.

Конкрет фамилиялар бор

Юрист Гулнора Оқилова конкрет амалдорлар фамилияларини тилга олди.

Озодлик: Сиз ëки сизлар қўни-қўшниларинглар билан кейинги ойлардами, кейинги бир йилдами кимларга ва неча марта мурожаат қилдинглар?

- Масалан, биринчидан, бир неча марта участковой милиционерларга мурожаат қиламиз. Телефон қилдик, ëзма ҳам бердик. Кейин буларнинг старшийси бор районда ўтриадиган старший участковой надзор бўйича. Уларга ҳам бердик. Дилшод деган бир бола бор экан. Унга телефон қилиб ҳам мурожаат қилдик. Кейин началник бор Давлатов. Олмазор томонининг началник милицияси и.о ҳозирги пайтда ишлаб турган. Унга ҳам айтдик. Фойдаси йўқ. Хўп, хўп, хўп, тамом. Хўп, хўпдан ўтмайди булар, дейди Гулнора Оқилова.

Жинсий хизмат кўрсатувчиларни ҳимоя қиладиган борми?

Ўзметроном ўзининг кечаги хабарида нархи баланд жувончалар ишлайдиган тунги клублар юқори лавозимли давлат мулозимларига қарашли эканлигини, шунинг учун ҳам ўша клублар номлари притонлар билан боғлиқ жиноят ишларида тилга олинмагани тўғрисида ёзди.

Баъзиларнинг қулоғига қанчалик ножоиз эшитилмасин, жинсий эксплуатация қилинаётганлар халқаро ҳужжатларда одам савдоси қурбонлари сифатида тан олинар экан, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тўғрисида ўйлашга тўғри келади.

Масалага калондимоғлик билан эмас, балки воқелик сифатида ёндошадиган мамлакатларда жинсий хизмат кўрсатувчи аёллар ҳуқуқларини нафақат қонун, балки жамоат ташкилотлари ҳам ҳимоя қилади.

Ўзбекистонда эса, бундай аёллар билан СПИД марказларидан ташқари бошқа ҳеч ким шуғулланмайди. Ҳар ҳолда бояги Ражаббой ишлайдиган ташкилот раҳбари билан бўлган қисқа савол-жавобдан мана шундай хулосага келдик.

Озодлик: Гап жинсий хизмат кўрсатувчи аëллар устида. Шунақа аëлларга сизларнинг марказингларнинг қандайдир алоқаси борми йўқми уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш ëки уларга қарши курашиш масаласида?

- Йўқ, биз у аëллар билан ишламаганмиз. Фаолиятимизда ундай аëллар билан ҳеч қачон нима қилмаганмиз. СПИД центримиз фаолият қилаяпти ундай аëллар билан.

Озодлик: СПИД центрдан ташқари уларнинг ҳуқуқини нимоя қилиш ëки уларга қарши курашиш билан шуғулланадиган қандайдир ташкилот борми?

- Йўқ, шекилли. Билмадим, деган жавобни олдик Хоразм вилоятидаги хотин-қизлар билан ишловчи ташкилот раҳбаридан.

У киши ташкилоти номини ҳам, ўз исмини ҳам аташимизга рухсат бермади.

Ўзбекистон одам савдосига қарши курашаяпти...

Жинсий эксплуатация таркибий қисми бўлган одам савдосига қарши Ўзбекистон ҳукумати кейинги йилларда курашни кучайтирган. Бу мавзу мамлакатдаги оммавий ахборот воситалари учун ҳам ёт эмас.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 2010 йилда 2325 киши одам савдоси қурбони бўлган.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси Светлана Ортиқова жорий йил баҳорида Озодлик саволларига жавоб берар экан, жумладан мана бундай деган эди:

- Одам савдосига қарши кураш тўғрисида қонун ҳам қабул қилинган. Президентимиз томонидан махсус идоралараро комиссия ҳам тузилган. Комиссия раиси этиб Бош прокурор тайинланган.

...бироқ иллат илдизини қаердан излашни билмаётган кўринади

АҚШ Давлат департаментининг 28 июн куни эълон қилинган ҳисоботида Ўзбекистон одам савдосига қарши курашаётган, лекин бу соҳада муваффақиятга эришолмаётган мамлакатлар рўйхатига киритилган экан, сенатор Ортиқова тилга олган комиссия балки иллат илдизини қаердан излашни билмаётгандир?

Балки, комиссия Ўзметрономда чиққан хабарга, юрист Гулнора Оқилова Озодликка айтиб берган фактларга эътибор қаратар?
XS
SM
MD
LG