Линклар

Россия Беларусга электрни қайта улади


Россия 30 июн куни Беларусга электр таъминотини қайта улади. Бу ҳақда журналистларга Россиянинг "Интер РАО ЕЭС" ширкати вакили Антон Назаров билдирди.

Назаровга кўра, Беларус электр ҳақини тўламасдан Россиядан қарздор бўлиб қолгани боис 29 июндан бошлаб электр узиб қўйилган эди.
Мулозим тафсилотларни очиқламади.

Электр таъминоти Тошкент вақти билан тонгги бирда тўхтатилганини чоршанба куни билдирган Интер РАО ширкати қарз тўланганидан кейин 24 соат ичида электр етказиб бериш қайта тикланишини маълум қилган эди.

Чоршанба оқшомида Беларус тарафи Россияга 600 миллион рубл тўлагани билдирилди.

Хабарларга кўра, Беларус 20 июнга қадар Россияга 1,2 миллиард рубл, яъни 42,8 миллион АҚШ доллари тўлаши керак бўлган.

Беларус мамлакатда сарфланаётган электрнинг тақрибан 10 фоизини Россиядан сотиб олади.

Ҳозир Беларусда Совет давридан бери энг ёмон иқтисодий бўҳрон кузатилмоқда.

Россия Бош вазири ўринбосари Игор Сечин Беларус Россиядан электр учун бир миллиард 200 миллион рубл қарз эканини айтар экан, Минск билан бўлаётган электр можаросига сиёсатнинг дахли йўқ эканини урғулади.
XS
SM
MD
LG