Линклар

Тожикистонда етти ёшдан юқори бўлган болаларга ёзги таътил чоғида диний таълим беришга рухсат этилди.

Бу қарор Тожикистон муфтийси томонидан қабул қилинган.

- Ислом маркази уламолар кенгаши таътил вақтида болалар кўчада бекор юрмай, расмий масжидларга келиб, муллалардан диний таълим олсин, деган қарорга келди. Бунга ҳукумат томонидан ҳам расмий рухсат берилди, аллақачон масжидларда болаларга араб тили ва Ислом арконидан сабоқ берилаяпти, - деди Тожикистон муфтийсининг муовини Саиджон Сорбонхўжа мазкур қарорни шарҳлар экан.

Муфтий ўринбосарининг таъкидича, бола масжидга отаси ёки ўзидан каттароқ кишиси билан қатнаши шарт этиб белгиланган.

Тожикистон муфтиёти масъулларига кўра, уч ой муддат бир боланинг Ислом арконлари, ўз мазҳаби тарихи ва араб тили алифбосини ўрганиш учун етарлидир, дарслар эса босқичма-босқич олиб борилади.

Ёзги таътилда борадиган жойи бўлмаган аксарият кам таъминланган оилалар фарзандларининг кўча чангитиб юргандан кўра, ўзи дини ва мазҳаби тарихини ўрганиши учун берилган имконият кўпчилик ота- оналарни қувонтирди.

- Болалар уч ойлик каникулда ўқишса, ҳамма томонлама яхши-да. Бекор юриб, ҳар хил ёмон йўлларга бормайди, ёлғон гапирмаслик, ҳалолликни ўрганади. Бу дарслар диний томондан болаларга яхши ёрдам беради, -дейди душанбелик оналардан бири Назирахон.

Аснода бир гуруҳ таҳлилчилар расмийларнинг бу қарорини мазҳабий қадриятлар ва диний таълимга нисбатан “юмшаш” ўлароқ баҳоламоқда.

Шуни ҳам айтиш лозимки, тугаб бораётган ой ўрталарида Тожикистон парламенти “Фарзандлар тарбиясида ота-оналарнинг масъулияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини тасдиқлаганди.

Мазкур ҳужжат ҳозирча қонун кучига киргани йўқ. Лекин шундай бўлса-да, ҳозирдан республика масжидларида 18 ёшгача бўлган болаларнинг намоз ўқишию, диний таълим олишларини таъқиқланган.

Сўнгги икки йил ичида эса ўнлаб фуқаро болаларга диний таълим бергани учун маъмурий жавобгарликка тортилди.

Бироқ Тожикистон муфтийсининг қароридан сўнг республика қатор туман ва шаҳарларидаги масжидларда ўсмир ёшдаги болаларнинг диний таълим олаётганлари кузатилади. Ўз-ўзидан бир-бирига зид бу икки ҳужжат кўплаб саволлар туғдиради.

Ана шундай саволлар билан Тожикистон муфтийси муовини Саиджон Сорбонхўжага юзландик.

Тожикистон муфтиёти расмийси Саиджон Сорбонхўжа саволимизга жавоб берар экан, муфтий қарори янги қонунга ҳеч қандай зид бўлмай, у маълум муддатдан кейин автоматик равишда бекор бўлишини айтди.

Муфтий ўринбосарининг айтишича, болаларни диний таълимга чорлашдан мақсад фақат уларни ёзги таътилда фойдали иш билан банд қилиш, холос. Яъни болаларнинг диний таълим олишлари маълум муддатгача белгиланган бўлиб, янги ўқув йили бошланиши билан уларнинг диний таълим олишлари ҳам тўхтатилади.

Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, масжидда вақтинчалик диний таълим олаётган бола масжид биносида намоз ўқишга ҳақсиз.

- Буни янги қонунимиз таъқиқлаган, - дея таъкидлади муфтий муовини Саиджон Сорбонхўжа.

Аснода мустақил кузатувчилар Тожикистон муфтийсининг қарорини сўнгги пайтларда давлат томонидан диний экстремизмга қарши кўрилаётган чоралар халқ орасида салбий кайфият пайдо қилаётгани ортидан шошма-шошарлик билан қабул қилинган ҳужжат ўлароқ баҳоламоқда.

- Гарчи ота-оналарни диний таълим қизиқтирса ҳам, бу нарсани ҳар бир масалада яхлит фикрга эга бўлмаган масжидларга топшириш яхши иш эмас. Афсуски, ҳозир хоҳласак-хоҳламасак, масжидлар ҳар хил оқимлар таъсирида, масжиддаги домлалардаги фикрлари ҳам ҳар бир масалада ҳар хил. Ўсаётган авлодда ҳам ҳар хил фикрлиликни ривожлантиради, - дея мулоҳаза билдиради мустақил таҳлилчи Ҳабибулло Ҳаким.

Таҳлилчи фикрича, бунинг ўрнига Тожикистон ҳукумати Россиядаги сингари диний таълимни марказлашган дастур асосида мактабларда жорий қилиш айни муддао бўлур эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG