Линклар

Ўшдаги ўзбек мактаблари қирғизчалашадими?


Ўшдан олинган маълумотларга кўра, ўзбек мактабларида ўқийдиган ўқувчиларнинг ўзидан ҳеч ким "Сен қирғиз тилида ўқишни истайсанми?" дея сўрамаган.

Ўшдан олинган маълумотларга кўра, ўзбек мактабларида ўқийдиган ўқувчиларнинг ўзидан ҳеч ким "Сен қирғиз тилида ўқишни истайсанми?" дея сўрамаган.

Ўшда айрим шахслар томонидан ўзбек мактабларида қирғиз синфлари ташкил этиш ва ўқитишни қирғиз тилига ўтказиш ташаббуслари кўтарилмоқда.

Ўзбек мактабларида қирғиз синфларини ташкил этиш Ўш шаҳар кенгашининг депутати Омонулло Иминов ташаббусидир.

Унинг айтишича, шу йилнинг 18 июн куни Бишкекда ўтган Қирғизистон Халқлар ассамблеяси қурултойида президент Ўтунбаеванинг қирғиз тилининг мамлакатдаги аҳамияти тўғрисда сўзлаган нутқи таъсирида депутат ўзбек мактабларида қирғиз синфлари ташкил этиш ташаббусини ўртага ташлаган.

Айни масала тез кунларда Ўш шаҳар кенгашида муҳокама этилиши ва қарор қабул қилиниши кутилмоқда. Омонулло Иминов билан мана шу ҳақда суҳбатлашдик.

- Ўтунбаева қурултойда сўзлаган нутқида: “Қирғизистонда бундан кейин фақат қирғиз тили бўлади”, деди. Шундан кейин қирғиз тилини билмаган ўзбеклар қайси корхонада ишлай олади? Сизга шундай савол: шундай давом этса бўладими? Бўлмайди, албатта! Менимча, бу нарсани тубдан ўзгартириш керак. Мен ўзбек мактабларида битта синф ўзбекча, битта синф қирғизча, битта синф аралаш бўлсин, деб таклиф қилаяпман. Ота-она боласини ўз хоҳишига қараб, хоҳласа ўзбек синфига, хоҳласа қирғиз синфига берсин. Лекин, албатта, ўзбек мактабларидан қирғиз тилини биладиган боллар етишиб чиқиши керак, улар шу ерда олийгоҳни тугатиши керак, давлат корхоналарида ишлаши керак.

Озодлик: Кейинчалик ўзбек мактабларини тўлалигича қирғиз тилида ўқитишга ўтказиш масаласи борми?

- Йўқ, бундай масала йўқ. Бундай бўлса, деградация бўлиб кетмаймизми?

Озодлик: Бу масалани шаҳар кенгашида ҳозирча муҳокама қилмадингларми?

- Йўқ, ҳозирча биз муҳокама қилганимиз йўқ. Лекин бу масалани мен 5 йилдан бери кўтариб келаман. Ўзингиз кўриб турганингиздай, қирғиз тилининг аҳамиятини кучайтиришга ҳаракат қилишаяпти. Бу тилни ёшларимиз ўрганиши керак.

Озодлик: Қирғиз тилини ўрганиш учун ота-она фарзандини қирғиз мактабига берса бўлмайдими? Ахир қирғиз мактаблари кўп-ку?

- Ўшда 20 дан ортиқ ўзбек мактаби ва фақат 3 та қирғиз мактаби бор. Боласини қирғиз мактабига бераверсин, деяпсиз. Лекин боласини ўзбек мактабига берса, у ерда бола ўқий олмайди. Уни мактабда калтаклаб қўйишлари мумкин. Муносабатлар масаласи ҳам бор-да бу ерда. Шунинг учун ўзбек мактабида қирғиз синфи очиш қулай бўлади. Ҳозир “боламни қирғиз тилига ўргатаман, қирғизчада ўқитаман” деган ўзбек оилалар нечта, биласизми? Уларнинг ҳам фикрларини эътиборга олишимиз керак.

Озодлик: Сизнинг ташаббусингизнинг амалга ошиши қанчалик реал?

- Мен сизни тушундим. Сиз ўзбек мактаблари соф ўзбек мактаблигича қолсин, демоқчисиз. Лекин у ҳолда бизда прогресс бўлмайди. Прогрессга эса бизнинг ёшларимиз давлат корхоналарида ишлай бошлаганида эришамиз. Чунки бизнинг фарзандларимиз Ўзбекистонга бориб ишлолмаса, у ерда келажаги йўқ бўлса, нима қилишимиз керак? Ўзбек тили билан қаергача бора боламиз, айтинг-чи? Ҳаммамиз бошқа жойларга кўчиб чиқиб кета олмаяпмиз-ку? Мана шу ерда қирғизлар билан бирга яшаяпмиз-ку... Демак, қандайдир компромисс йўлларини излаб топишимиз керак, - деди Омонулло Иминов.

“Ўш оқшоми” газетаси мухбири Эркин Бойназаров эса ўзбек мактабларини қирғизлаштириш тарафдори. Унинг фикрича, ўзбек мактабларида ўзбек тили ва адабиёти дарсларигина ўзбек тилида, қолган фанлар эса қирғиз тилида ўқитилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.

- Бундан 2 йил аввал мен Ўшдаги Ўзбек-Қирғиз университетида абутуриентлар имтиҳон топширганига гувоҳ бўлганман. Тест саволлари қирғиз ва рус тилларида ёзилган экан. Имтиҳон топширгани кирган талабалар эса рус тилида ҳам, қирғиз тилида ҳам ўқишмаган. Шунинг учун саволларни тушунмай, жавоб бера олмай қолишган эди. Ўшанда менга мана шу фикр келган эди. Бугунги кунда мактабларда ўзбек тили ва адабиёти дарсини ўзбек тилида, қолган дарсларни эса қирғиз тилида ўқитилишини истаётган ота-оналар сафи анча кўпайиб қолган.

Озодлик: Бу бир ташаббус гуруҳими?

- Ҳа, ташаббус гуруҳи, албатта.

Озодлик: Бу ташаббус гуруҳида кимлар бор?

-15 тача одам бор. Масалан, Муродхон Собиров номидаги мактаб директори Сайфутдинов Шокиржон бу ташаббусни кўтариб чиққан. Ҳолмуҳаммад Собиров эса механик, Анвардин Тўхтасинов - ҳайдовчи, Абзалдин Самиев - фермер...- дея санайди Эркин Бойназаров.

Бироқ мустақил таҳлилчи Абдумўмин Мамараимов мазкур ташаббуслар оқибатида Ўшда миллатлараро муносабатлар янада кескинлашуви мумкинлигини айтади:

- Бу ташаббускорлар маориф соҳасини яхши тушунмасликлари маълум бўлиб турибди. Мазкур ташаббус жуда катта маблағ талаб қиладиган иш. Мен қирғиз тилига қарши эмасман, аммо ўзбек мактабларида қирғиз тилида ўқитадиган ўқитувчиларни қаердан топамиз? Бугунги кунда қирғиз мактабларининг ўзида ўқитувчилар етишмаяпти. Иккинчидан, дарсликлар масаласини ҳал этиш лозим. Учинчидан, ўзбек тилида ўқитадиган ўқитувчилар қаерга боради? Ишсиз қоладими? Очиғини айтганда, мен бу ташаббусдан мақсад нималигини аниқ илғай олмаяпман: ўзбек ёшларини қирғиз тилига ўргатишми ёки таълим сифатини яхшилашми? Шу нуқтаи назардан қаралганда, битта муаммони ҳал қиламан деб, яна бир нечта муаммони келтириб чиқармоқдамиз. Энг муҳими, яна ўзбек аҳолиси орасида: “Бизни тил томонидан дискриминация қилиб, тилимизни йўқ қилишмоқчи”, деган тушунча хоҳласак ҳам, хоҳламасак ҳам пайдо бўлади. Жамиятимиздаги бугунги вазиятдан келиб чиқадиган бўлсак, бундай кайфиятнинг пайдо бўлиши бугунги кунда Қирғизистонга мутлақо керак эмас, - дейди Абдумўмин Мамараимов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG