Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:01

Ўшда яна икки ўшлик сўроққа тортилди


Ўш қирғинини тергов қилган халқаро комиссияга кўра, зўравонлик қурбонлари ва ундан кейин ҳибсга олинганларнинг аксар кўпчилиги ўзбеклардир.
Ўш қирғинини тергов қилган халқаро комиссияга кўра, зўравонлик қурбонлари ва ундан кейин ҳибсга олинганларнинг аксар кўпчилиги ўзбеклардир.

Ўш қирғинидан бир йилдан ортиқроқ вақт ўтганига қарамасадан ўшлик ўзбекларни асоссиз ҳибсга олиш давом этмоқда.


Ўшнинг Увом кўчаси ўтган йилги воқеалар пайти ёниб култепага айланган маҳаллалардан бири. Мана бир йилдирки, бу маҳаллада ҳам ўзбекларни асоссиз ҳибсга олиш, қийноқларни қўллаш тўхтагани йўқ.

30 июн куни Увом маҳалласида яшовчи Рашид Солибоев Қорасув бозорида савдо қилаётган жойида ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан олиб кетилди.

- Ишлаётган жойимдан, “ўтиринг, ўғирланган телефон масаласида гаплашадиган гапимиз бор” деди ва олиб кетди. ХБКнинг мелисахонасига олиб борди. Ариза иши бўйича олиб боргани йўқ. Олиб бориб, менинг маҳалламда яшовчи одамларнинг қаердалигини сўради. Билганларимни айтдим. Менга қўполроқ муомалада бўлди, лекин куч ишлатишгани йўқ. 10 июндан 13 июнгача қаерда бўлганлигим ҳақида тушунтириш хати ёзиб бердим, дейди Рашид Солибоев.

Бир неча соат ўтиб, Рашид Солибоевнинг маҳалладоши Равшан Кенжабоев ҳам уйидан олиб кетилади. Тунга яқин икки увомлик уйига қўйиб юборилади.

Ўш ички ишлар бошқармасининг матбуот хизмати вакили Замир Сидиқов йигитларнинг олиб кетилгани қонун доирасидан чиқмайди дейди:

- Миллатидан қатъий назар, агар у бирор бир жиноятга алоқадор бўлса ушлашади. Агар бирор бир шахс ҳақида кўрсатма бўлса, ҳуқуқ-тартибот ходими ўша шахсни олиб келиб, сўроқ қилиши мумкин. Бу ҳибсга олиш дегани эмас, дейди у.

Сўроқ пайтида қийноқлар қўлланиляптими, деган саволимизга Ўш ички ишлар бошқармаси матбуот вакили бундай жавоб берди:

- Балким бўлаётгандир. Мен буни эҳтимолдан соқит қилмайман. Бу жавобимда мен бутун ички ишлар органи тизимини назарда тутмоқдаман. Ахир беш бармоқ бир хил эмас. Лекин кўп ҳолатларда бизда қийноқлар қўлланилмайди. Мен шахсан қийноқлар қўлланлгани гувоҳи бўлмаганман, дейди Замир Сидиқов.

Ўш тергов ҳибсхоналарида бир неча соат баъзи ҳолларда бир неча кун қолиб кетган ўшлик ўзбеклар Озодлик билан суҳбатда сўроқлар пайтида қўлланиладиган қийноқлар ҳақида гапириб беришган.

Эркакларнинг бошига полиэтилен пакет кийдириб нафасини қайтариш, баданида изи қолмайдиган қилиб калтаклаш, жинсий аъзоларига тепиш бундай қийноқ турларидандир.

Ўшлик ўзбеклар маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қийноқлар қўлланиши тўғрисида ариза ёзишни истамайди. Улар шикоят қилса, қийноқ ва тазйиқлар нафақат ўзларига, балки оила аъзоларига ҳам қўлланишидан қўрқишларини айьтади.

Ўшда ўзбекларга нисбатан таъқиблар давом этаётганига оид вазиятни маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари мониторинг қилаётгани айтилади. Бироқ ҳалқаро ташкилотларнинг Ўшдаги вакиллари бу борада ахборот беришдан тийилмоқда.

Ўш ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати эса "жиноятлар содир этиларкан, одамларни олиб кетиб, сўроққа тутиш давом этади" демоқда.
XS
SM
MD
LG