Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:14

Қозоғистон берган яна бир қочқин Сурхондарёга жўнатилган


Яқиндагина Қозоғистоннинг Олмали туман судига озод этилишини талаб қилиб, мурожаат қилган ўзбекистонлик қочқинлар шу йил 9 июн куни кутилмаганда Ўзбекистонга экстрадиция қилинган эди.
Яқиндагина Қозоғистоннинг Олмали туман судига озод этилишини талаб қилиб, мурожаат қилган ўзбекистонлик қочқинлар шу йил 9 июн куни кутилмаганда Ўзбекистонга экстрадиция қилинган эди.

Аҳмад Болтаевнинг яқинларига бу маълумот республика Ички ишлар вазирлигидан берилган.

Сурхондарё вилоятининг Олтинсой тумани, Алпомиш маҳалласида истиқомат қилувчи Олим Болтаев Қозоғистондан Ўзбекистонга экстрадиция қилинган ўғли Аҳмад Болтаевни қидириб, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига борганида уни яна Сурхондарёга қайтаришганини сўзлаб берди.

- Сурхондарëда эканлигини Тошкентда Ички ишлар вазирлигида айтишди. Шу ëққа кетди, деб айтди. Ҳозир Сурхондарëга бориб, энди уни Термиздан излайман.

Озодлик: Термизнинг қаерида эканлигини айтишмадими?

- Айтгани йўқ. “Термизга поезд билан кетди” деди, - дейди Олим Болтаев.

Унинг 1968 йилда туғилган ўғли Аҳмад Болтаев илк бор 2000 йилнинг 3 апрелида Тошкент шаҳрида ҳибсга олинган ва шу йили Тошкент вилояти Жиноят ишлари бўйича суди томонидан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг бир йўла 6 та моддаси — 155, 156, 159, 161, 242, 276-моддаларига биноан айбдор топилган ва 20 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи тарқатган хабарга кўра, Аҳмад Болтаевга қўйилган айбловлар судда ўз тасдиғини топмаган.

Шунга қарамай, қамоққа жўнатилган Болтаев, отаси Олим Болтаевнинг сўзларига кўра, 2003 йилда президент фармони билан амнистия акти қўлланиб озодликка чиқарилган.

- Ўғлимни олдиндан Тошкентда ушлаб қамаган. Магазинда ишлаб юрганида ушлаб қамаган. Террорист, деган бўлганда. У жиноят қилмаган. Намозхон, деб қамаганда.

Озодлик: Ўзи намозхонмиди?

- Намоз гоҳ ўқиб, гоҳ ўқимас эди. Кейин 2003 йилда амнистия билан чиқиб келди. Кейин Қозоғистонга пул топаман, деб ишга кетди. Орқасидан хтини ҳам тўрт боласини олиб кетган эди, - дейди Олим Болтаев.

Аҳмад Болтаевнинг иши билан у илк бор ҳибсга олингандан бери шуғулланиб келаётган Суръат Икромовнинг сўзларига кўра, 2006 йилда Олтинсойда диндорларни яна оммавий тарзда қамаш бошланганидан сўнг Аҳмаджон Қозоғистонга чиқиб кетишга қарор қилган.

- Аҳмадни олдиндан билардим. Қозоғистонга кетишидан олдин менга келган эди 2006 йилда. Қўрққанидан паспортини ҳам ташлаб келган. Шунақа қочиб келган Тошкентга. Кейин у ёққа ўтиб кетган. Лекин нимага бу боланинг учинчи давлатга чиқиб кетмагани менга маълум эмас. Менга бу қочқинлардан олдин мурожаат қилган бир нечтаси бор. Мен ўшанда буларга қочқин мақомини олиш учун рўйхатдан ўтишга ëрдам берган эдим. Нимага буларнинг 5-6 йилдан бери Қозоғистонда юргани менга қоронғи, - дейди Суръат Икромов.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбарига кўра, амнистия акти қўлланиб озодликка чиққан ва сўнгра Қозоғистонга бориб ишлаб юрган кезларида ҳам Аҳмад Болтаевнинг ортидан қидирув эълон қилинганидан ҳеч кимнинг хабари бўлмаган.

Ҳозирга қадар Қозоғистондан Ўзбекистонга бериб юборилган 29 қочқиндан 5 нафарининг яқинлари ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларига мурожаат қилгани маълум бўлди.

Улардан айримлари билан суҳбатлардан олинган маълумотларга кўра, 9 июн куни Ўзбекистонга келтирилган қочқинлардан 2 нафари Тоштурмада, яна 3 нафари Ўзбекистон ИИВнинг турли ҳудудларидаги тергов изоляторларида, 1 нафари Сирдарё вилояти Миллий хавфсизлик хизмати бошқармасида сақланаётгани ҳақида норасмий маълумотлар олинди.

Суръат Икромовга кўра, 29 қочқин турли ҳудудлардаги ҳибсхоналарда сақланиши ва бу уларнинг яқинларидан сир тутилиши боиси жамоатчилик эътиборини чалғитиш мақсадида қилинаётган бўлиши мумкин.

- Менимча, қаердан қидирув эълон қилинган бўлса, балки ўша УВДга, ўша вилоятга олиб борилаётган бўлиши ҳам мумкин. Аммо, ҳозир буни ҳам аниқ, деб бўлмайди. Улар чалғитиши мумкин ҳозир,- дейди ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов.

29 қочқин Олмаотадаги ҳибсхонада сақланаётган кезда Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан уларнинг экстрадицияси сўралиб, юборилган сўровномада бу қочқинларнинг айримлари 1999 йилдаги портлашлар, айримлари 2008 йилда Анвар қори Турсуновга суиқасд ва Ички ишлар вазирлиги мулозими Ҳасан Асадов ўлимига алоқадорлик, яна айримлари эса “Жиҳодчилар”, “Ваҳҳобийлар” каби диний оқимларига алоқадорликда айблангани ҳақида норасмий манбалар маълум қилган эди.

Бу қочқинларнинг Ўзбекистонга келтирилганидан уч ҳафта ўтиб ҳам яқинларига кўрсатилмаётгани ва мамлакатнинг турли нуқталарга тарқатилаётгани яна бир сабаби сифатида уларнинг турли давр ва турли ҳудудлардаги жиноятларга алоқадорликда айблангани ҳам айтилмоқда.

Аммо, бу маълумотларга ойдинлик киритиш учун Озодлик радиоси мухбирининг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидан маълумот олишга қилган уринишлари натижа бергани йўқ.

Худди шундай ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларининг ёзма мурожаатлари ҳам ҳануз жавобсиз қолмоқда.
XS
SM
MD
LG