Линклар

М. Эшонқулова: Тиббий ёрдамга мурожаат қилмаймиз


М. Эшонқулова ва С. Омонова тиббий ёрдамга мурожаат қилиш хавфлилигини айтишмоқда.

М. Эшонқулова ва С. Омонова тиббий ёрдамга мурожаат қилиш хавфлилигини айтишмоқда.

Беш кундан буён Тошкентда очлик акциясини давом эттираётган журналистлар Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқуловаларнинг соғлиги ёмонлашмоқда.


Беш кундан буён очлик акциясини давом эттираётган журналистлардан бири Малоҳат Эшонқулова 1 июл куни Озодлик билан суҳбатда соғлиги ёмонлашаётганини маълум қилди. Бироқ у ва ҳамкасби Саодат Омонова тез тиббий ёрдамга мурожаат қилмасликларини айтмоқда.

- Кеча кечқурун, соат саккизларга яқин аҳволимиз ёмонлиги сабабли яна тез ёрдамга мурожаат қилишга мажбур бўлдик. Иккинчи такрорий чақирувда ҳам Сирожевнинг ўзи келди. “Қон босимингиз кўтарилибди, сизга укол қиламан” деди, дейди Малоҳат Эшонқулова.

Унинг айтишича, уколдан кейин беҳол бўлиб қолган. Айнан шу сабабли ҳамда руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилиши хавфи туфайли улар тиббий ёрдамга мурожаат қилишни тўхтатишганини айтади журналист.

- Агарда тез ёрдам чақирган ҳолатларда шифокор уч марта келиб, асаб билан боғлиқ ташхис қўядиган бўлса, шифокор сизни участка нозири билан мажбурий тарзда руҳий касалликлар диспансерига олиб кетишга ҳақли. Мана бугун, очлик акциясининг бешинчи куни аҳволимиз қанчалик оғир бўлмасин, тез тиббий ёрдамга мурожаат қилмасликка қарор қилдик, дейди Малоҳат Эшонқулова.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўлими бошлиқ ўринбосари Рейчел Денбер журналистлар билан боғлиқ вазиятни яқиндан кузатяпмиз, дейди:

- Биз албатта Омонова ва Эшонқуловаларнинг очлик акциясини кузатиб бормоқдамиз. Ўтган йил декабр ойида бошланган норозилик намойиши, кейинчалик суд маҳкамасини ҳам кузатиб келмоқдамиз. Уларни очлик акцияси пайти ушлаб, кейин жаримага тортилишининг ўзи Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, айниқса сўз эркинлигининг аянчли ҳолатда эканлигини кўрсатади, дейди Денбер хоним.

27 июн куни Ўзбекистон президенти девони олдида очлик акцияси ўтказа бошлагач, милиция ходимлари томонидан олиб кетилиб, уч миллион сўм жаримага тортилганларидан кейин Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омонова ўзларига президент Ислом Каримов билан учрашиш имкони берилмагунича ўз акцияларини тўхтатмасликларини айтмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG