Линклар

Ўзбек сўми 17 га кирди


Бугун бозорга борган ўзбек ўзи билан бир қоп ўзбек сўмини олиб боришга мажбур.

Бугун бозорга борган ўзбек ўзи билан бир қоп ўзбек сўмини олиб боришга мажбур.

1 июлда Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси – сўм муомалага киритилганига 17 йил тўлди. Халқаро Валюта Жамғармаси низомининг 8-моддасига биноан олган мажбуриятларига кўра, Ўзбекистон миллий валютасини конвертация қилганига эса 7 йилдан ошди. Шу йиллар давомида нима ўзгарди, ўзбек миллий валютасининг бугунги аҳволи қандай?


Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 1994 йил 16 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасини муомалага киритиш тўғрисида”ги фармони билан 1994 йил 1 июлдан сўм мамлакат ҳудудида ягона чекланмаган ва қонуний тўлов воситаси сифатида муомалага киритилди.

Сўмнинг миллий валюта сифатида жорий қилиниши Россия ўзининг рублини киритишига жавобан ҳаракат эди, деб эслайди Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ ходими, ҳозирда эса Остонадаги Евроосиё миллий университети доценти Сапарбой Жубаев.

- 1992 йил июнда Россия ўз пулини киритди. Кейин 1993 йилнинг 15 январида сўм-купонни киритганмиз. Лекин Ўрта Осиё республикалари, хусусан Ўзбекистон, Қозоғистон рубл зонасида қоламиз, деб гап кетаётган эди. Лекин Россия рублни киритганидан кейин бизнинг раҳбарлар тушундики, энди ўзимизнинг пулимизни киритмасак бўлмайди, чунки биз Россия Марказий банкига боғланиб қоламизда, улар нима деса шуни қилдиган бўлиб қоламиз,- дейди профессор Сапарбай Жубаев.

1993 йилнинг 15 ноябрида Қозоғистон ҳам ўз тенгесини беш юзга бир қиймати билан муомалага киритиши ортидан, ўзбек сўми бирга бир қиймати билан жорий қилинган эди, дея давом этади иқтисодчи Сапарбой Жубаев.

- Кейин 1 июлда 1000 сўм-купонни бир сўмга ўтказдик. Энди қайсиниси ижобийроқ, қайси бири халққа кўпроқ ёрдам берди, деганига мен шу ўзбек сўм-купонига қойил қолганман. Ўшанда, хато қилмасам, 7 сўмимиз бир долларга баҳоланган эди. Яхши бошладигу, минг афсус, бирданига эркин конвертацияни жорий қилмадик-да. 1998 йилгача биз рухсат билан конвертация қилиб, нормални юрдик. Лекин 1999-2000 йиллардан кейин бошланди... Лекин бизнинг раҳбарларимиз глобаллашув, яъни эркин экономикага киришдан кўра Ўзбекистонни ўзининг ички имкониятларидан фойдаланиб ривожланиш йўлини танлади, дейди Сапарбай Жубаев.

Унинг айтишича, Ўзбекистоннинг банк-молия соҳасида олиб бораётган изоляция сиёсати ўта салбий кўринишларнинг юзага келишига сабаб бўлди. Банк-молия тизимида ўз камчиликларини бартараф эта олган Қозоғистон Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, жаҳон иқтисодиёти билан бирлашиш йўлини танлади дейди Жубаев.

- Ўзбекистонда эркин конвертацияси бўлмай турган вақтда Божхона иттифоқига кириш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Мен минг маротаба айтаман – пачка-пачка пул олиб санаб юрадиган одамларнинг банкдаги қийинчилигининг ўндан биргинаси. Банкдаги пул билан ишлайдиганлар тамом бўлди-да, дейди Сапарбой Жубаев.

Иқтисодчи Ўзбекистон ҳукумати ўзи олиб борган валюта сиёсати самарасиз экани, унинг оддий ўзбекистонликлар турмушига салбий таъсир қилишини ҳукумат раҳбарлари жуда яхши биларди, лекин яратилган тизим уларнинг шахсий манфаатлари йўлида хизмат қилмоқда, деб қўшимча қилади.

У 2003 йилнинг октябр ойида Халқаро Валюта Жамғармаси босими остида Ўзбекистон ўзининг миллий валютасини халқаро операциялар бўйича конвертациясини жорий қилганига қарамасдан катта ўзгаришлар рўй бермади, деб хулоса қилди.

Охирги бир неча йил ичида банк тизимида бироз бўлсада ўзгаришлар рўй бермоқда, дейди ўз номини ошкора қилишни истамаган собиқ молиячи, ҳозирда самарқандлик нафақахўр акахон.

- Анча ҳозир дуруст бўлган. Илгари банкдан пул олиш қийин эди. Мен ҳозир пул қўяман, любой вақт борсам ҳаммасини оласизми ёки процентини оласизми, деб туради. Вақтида пулни беряпти, лекин 10 числода нафақамни олмоқчи бўлганимда бугун олиб келиб берди. Почтальондан “Нимага кечикдинг?”, деб сўрасам, “Банкда пул йўқда”, деди. Пулимизнинг кучи албатта кун сайин беш-олти сўмга долларга қараганда ўсяпти, демак қадри тушиб кетяптида. Сабаби, ишлаб чиқариш камроқ, ҳунармандчилик билан пул бўлмайдида. Банкга пул келиши учун товарни пулга сотиб олиш керак, унинг учун валюта керак. Мана “қора бозор” бор. Шу ноқонунийку, лекин у ноқонуний қонунийлаштирилган аслида. Чунки “қора бозор” бўлмаса Урумчидан нарса олиб келиб бўлмайди, демак товар айибошлаш ҳам бўлмайди. Шунинг учун ҳам ўша бозор бизга ишлаяпти,- дейди ўзини таништирмаган самарқандлик собиқ солиқ тизими ходими.

Миллий валюта жорий қилинган охирги 17 йил давомида 50 сўмлик қоғоз пул ва тангалар мутлақо муомаладан чиқарилди. Шунга қарамасдан, ҳозирда 1000 сўмлик номиналга эга ўзбек сўми олди-сотдида ишлатилаётган энг йирик пул бирлигича қолмоқда.

Сўм муомалага киритлганида 1 АҚШ доллари 7 сўм бўлган. Бугун расмий курс бўйича 1 АҚШ доллари 1711 сўм, қора бозорда эса 2420 сўмга тенг.

Ўзбекистон Марказий банки эса мамлакатда келгуси йилда инфляция даражасини 7-9 фоиз атрофида ушлаб туришни режалаштирмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG