Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:21

Тожикистонда аёллар ўзларига ўт қўймоқда


Тожинисо танасининг 95 фоизи куйиб кетган эди.
Тожинисо танасининг 95 фоизи куйиб кетган эди.

28 ёшли Тожинисонинг фожеали ўлими Тожикистондаги Яхчи қишлоғи аҳолисини ларзага солди.

Тожикистон шарқидаги Нуробод туманига қарашли Яхчи қишлоғида яшаган Тожинисо ўзига ўт қўйди ва ўн кун ўтиб вафот этди. Аёлдан бир фарзанд ёдгорлик қолди.

Марҳуманинг яқинларига кўра, Тожинисо аввалига тандирга нон ёпаётганида куйганини айтган. Фожеадан икки кун ўтиб эса, оиладаги таҳқирлашлар туфайли ўз жонига қасд қилганига иқрор бўлган.

Тожинисонинг акаси Заробиддиннинг айтишича, синглиси уйнинг ҳаммомига кириб, бошидан керосин қуйиб ўзини ёқиб юборган.

- Синглим қайнонаси ва эрининг сингиллари уни дўппослаб ҳовлидан ташқарига чиқариб қўйганидан шикоят қилиб уйимизга келганди. Биз билан 15 кун туриб, уйига қайтганидан кейин уч кун ўтиб шу воқеа рўй берди, - дейди Заробиддин.

Нуробод туман шифокорларининг айтишича, аёл баданининг 95 фоизи куйиб кетган. Шу сабабли фожеадан кейин ўн кун умр кўрган аёлнинг ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлмаган.

Воқеа гувоҳларидан бири қайнонасининг уйига қайтган Тожинисони оила аъзолари аввалига дарвозадан ичкарига киритмаганини, кейин орада муштлашув, соч юлиш бўлиб ўтганини айтади.

- У эрининг қистови билан уйига қайтиб келганида қайнонаси тўполон кўтарди. “Биз уни зўрға уйдан ҳайдаган эдик, яна нега қайтиб келади”, деб. Ана ўша тўполондан кейин Тожиниссо ночорликдан ўзига ўт қўйди, -дейди марҳумнинг қайнонасига қўшни бўлган гувоҳ аёл.

Айтиш жоизки, Тожинисонинг фожеали ўлими тожик жамиятида кутилмаган ҳодиса эмас. Тожикистонлик ўнлаб қиз ва жувонлар оиладаги зўравонлик туфайли ҳаёт билан ана шундай фожеали видолашаётгани ҳақида маҳаллий рўзномаларда кўп марта ёзилган.

Гарчи Тожикистон хотин-қизлар билан ишлаш қўмитаси масъуллари республика туман ва вилоятларида аёллар билан зич ҳамкорлик йўлга қўйилганидан мақтанса-да, тоғли ҳудудлардаги аёллар мустақиллик йилларида қишлоқ оралаб, аёллар муаммолари билан қизиққан бирорта расмийни кўрмаганларини айтадилар.

Айни пайтда хотин-қизлар билан ишлаш қўмитаси масъули Саодат Мўминовадаги маълумотларга кўра, жамиятда зўравонлик қурбони бўлаётган аёллар сони камайган.

Расмийнинг таъкидича, аёлларнинг ўз-ўзини қурбон қилишларидаги асосий омил бу – аёлларнинг ҳаддан ортиқ рашкли эканидадир.

- Ваҳдат туманида рашк сабаб бир аёл болалари билан бирга ўзини ёқиб юборди. Ўзи билан бирга бир қизчаси ўлди. Бошқа қизи эса бир умрлик ногирон бўлиб қолди, - дейди хотин-қизлар билан ишлаш қўмитаси расмийси Мўминова хоним.

Бироқ аёллар ва болалар масалалари бўйича халқаро ташкилотлардаги маълумотларга кўра, Тожикистонда зўравонлик ҳоллари ўтган беш йилга нисбатан 13 фоизга ошган.

Тожикистондаги маърифатли аёллар ташкилоти расмийлари жамиятда зўравонликка қарши курашишининг ягона омили бу қишлоқ аёлларини маърифатли қилиш эканини уқтиради.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийлари зўравонликни тугатиш мақсадида ўтган йил вазирлик қошида махсус марказ ташкил топтирилганини маълум қилди.

Манбага кўра, марказга тушган шикоятларнинг 55 фоизидан кўпроғи оиладаги зўравонлик билан боғлиқдир.
XS
SM
MD
LG