Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:45

Ўшда ўзбек мактаби тикланди


Тошлоқлик болалар янги ўқув йилидан янги мактабга боришади.
Тошлоқлик болалар янги ўқув йилидан янги мактабга боришади.

Ўтган йили содир этилган қирғин пайтида ёндириб юборилган Ўшдаги Толстой номидаги ўзбек мактаби қайта қурилди.

Толстой мактаби Ўш шаҳрига туташ бўлган Тошлоқ қишлоғида жойлашган. Бу мактаб бир қаватли бўлиб, ўтган йилги қирғин кунлари ёндириб юборилган эди. Шу кунларда мазкур мактаб қайта қурилди.

Тошлоқ қишлоғида яшовчи аҳоли "мактаб сифатсиз қурилиш материалларидан бунёд этилди", деган иддао билан Бишкекдаги “Фуқаролик жасмияти коррупцияга қарши” нодавлат ташкилотига шикоят йўллаган.

Бироқ Толстой номидаги мактаб директори Муродилжон Мўйдинов бу иддао ассосиз эканини, қишлоқ аҳолиси ўз муаммолари ҳал этилмаётганидан норози бўлиб шикоят ёзганини ва мазкур шикоят хатига мактаб қурилиши ҳақида нотўғри маълумотлар киритилганини айтди:

- Шу ерда яшовчи аҳоли ёзиб юборибди-да, шикоят хатини. Унда мактаб 3 қаватли қилиб қурилиши керак эди, аммо 2 қаватли қилиб қурилиб қолди, сифатсиз материаллардан қурилди, деб ёзишибди. Кейин аҳоли тоза ичимлик суви масаласини ҳам кўтарган ўз шикоятида, -дейди Муродилжон Мўйдинов.

Ўшни қайта тиклаш дирекцияси раҳбари Жонтўра Сотиболдиевнинг айтишича, ҳақиқатан ҳам Толстой номидаги мактаб лойиҳаси 3 қаватга мўлжалланган эди. Аммо ер шароитининг тўғри келмагани оқибатида мактабни 2 қаватли қилиб қуришга қарор қилинган.

- Биз мактаб 3 қаватли бўлса кўп муаммолар ҳал бўлар экан, деб ўйлаб, лойиҳани 3 қаватга мўлжаллаб чизганмиз. Бироқ мутахасисларимиз текширувлар натижасида ер шароити 3 қаватли бинога тўғри келмаслигини аниқлашди. Шунинг учун 2 қаватли бино қурилди,-деди Жонтўра Сотиболдиев.

Мактаб директори Муродилжон Мўйдинов янги бино сифатидан қониқишини айтди. Унинг айтишича, мактаб қурилишида четдан келган усталар эмас, айнан маҳаллий аҳоли ишлаган.

Муродилжон Мўйдиновга кўра, янги мактаб биносини ўқув қуроллари ва жиҳозлар билан тўлдиришга халқаро ташкилотлар ёрдам бермоқда.

- Мен бир лойиҳа ёзиб, халқаро ташкилотларга топширган эдим. Ҳозир Япония элчихонаси томонидан химия, физика ва бошқа фан кабинетларига керакли жиҳозлар учун 55 минг доллар бериладиган бўлди. ЮНИСЕФ ташкилоти эса 13 та синфга парта ва шунга ўхшаш жиҳозларни тақдим этмоқчи, -дейди мактаб директори.

Айни пайтда Толстой мактаби сифатсиз қурилган деб ҳисоблаётган Тошлоқ қишлоғи аҳолиси 2010 йил июлида вайрон этилган уйларини қайта тиклаш ишлари пайсалга солинаётганидан ҳам шикоят қилганлар. Ўшни қайта тиклаш дирекцияси раҳбари Жонтўра Сотиболдиев билан бўлиб ўтган учрашув пайтида тошлоқликлар ўзларининг тоза сув билан таъминланмаганликларини ҳам айтганлар. Ўшни қайта тиклаш дирекцияси раҳбари тошлоқлиларга бу муаммоларни ҳал этиш йўллари изланаётганини билдирган.
XS
SM
MD
LG