Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:34

АҚШ мулозими Тожикистондаги вазиятдан ташвишда


АҚШ ҳукумати Тожикистонда қабул қилиниши кутилаётган қонун диний эркинликларни чеклаши мумкинлигилдан ташвиш билдирди.
АҚШ ҳукумати Тожикистонда қабул қилиниши кутилаётган қонун диний эркинликларни чеклаши мумкинлигилдан ташвиш билдирди.

Халқаро диний эркинликлар бўйича АҚШ комиссияси раиси Леонард Лео ўз ҳукуматини Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонга босим ўтказишга чақирди.


Гап шундаки, 15 июн куни Тожикистон парлaменти ”Фарзандлар тарбиясида ота-оналарнинг масъулияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини тасдиқлаган.

АҚШ расмийсига кўра, агар Имомали Раҳмон мазкур ҳужжатга имзо чекса, у ҳолда 18 ёшгача бўлган миллионлаб тожикистонликларнинг диний эркинлиги чекланади.

Халқаро диний эркинликлар бўйича АҚШ комиссияси раиси Леонард Лео Тожикистонда шундай бир қонуннинг қабул қилиниши билан рози бўла олмаслигини таъкидлаган. Чунки, АҚШ расмийсига кўра, мазкур ҳужжат айрим бандлари билан Тожикистонда шусиз ҳам чекланган диний эркинликни янада торроқ доирага солиб қўяди.

Халқаро диний эркинликлар бўйича АҚШ комиссияси расмийси янги қонуннинг 18-бандига эътиборни қаратиб, “Бу модда болаларнинг дафн маросимларида қатнашишларига йўл қўймас экан, Тожикистондаги диний эътиқод эркинлиги билан боғлиқ вазиятни аянчли аҳволга солиб қўяди”, дея таъкидлаган.

Шу нуқтаи назардан, АҚШ комиссияси раиси Леонард Лео Америка ҳукуматига мурожаат қилиб, президент Имомали Раҳмоннинг ана шу ҳужжатга имзо чекмаслиги учун босим ўтказишга чақирган.

Айни пайтда Халқаро диний эркинликлар бўйича АҚШ комиссияси масъули баёнотига муносабат билдирган Тожикистон парламенти қуйи палатаси раиси Шукуржон Зуҳуров Тожикистон мустақил давлат сифатида ҳар бир масала юзасидан ўзи мустақил тарзда қарор қабул қилишга ҳақлилигини таъкидлади.

Айни фикрларни қувватлаган тожикистонлик бошқа мулозим Мавлон Мухторов ҳали президент томонидан имзоланмаган ҳужжат атрофида ваҳима кўтариш халқаро одоб доирасидан ташқарида эканини айтади.

- Мазкур қонун давлатимизнинг ички масаласи. Нега бошқалар бизнинг ички сиёсатимизга бурнини тиқиши керак? Давлатимиз, парламентимиз мустақил бўлиб, улар ўз ҳолича истаган қонунни қабул қилиш ҳуқуқига эга, - дейди Тожикистон президенти ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита расмийси Мавлон Мухторов.

Шу ўринда айтиб ўтсак, Тожикистон парламенти вакиллари томонидан қабул қилинган янги қонун умумхалқ муҳокамасидан ўтган эди. Аммо икки ой давом этган баҳсларда қонундаги бандлар барчага баравар маъқул келди, деб бўлмайди.

Аксарият дин уламолари ва оддий фуқароларни ташвишга солган нарса бу 18 ёшгача бўлган болаларнинг масжидда намоз ўқишлари, диний таълим олишлари ва диний маросимларда қатнашишлари қонун доирасида таъқиқлаб қўйилгани бўлди.

Бироқ қонун муҳокамасида қатнашган тожик депутати Марҳабо Жабборова қонуннинг бу банди аксинча ёшлар фойдасига хизмат қилишини таъкидлайди.

- Агар гап фарзандларимизнинг 18 ёшгача масжидга боришлари таъқиқланиши борасида кетаётган бўлса, бу фақат улар фойдасини ўйлаб қилинган иш. Давлатимиз келажаги бўлган ёшларимиз масжидга бориш ўрнига дунёвий билим олиш, касбу ҳунар ўрганиш фикрида бўлишлари лозим, - дейди парламент қуйи палатаси депутати Жабборова хоним.

Бироқ тожикистонлик ёшларнинг кўпчилиги парламент вакиласи фикрларига қўшила олмасликларини айтади. Улардан бири Абдужалил Омонов мулоҳазасича, Тожикистон келажаги саналган муҳим қатлам, яъни ёшлар ўз мазҳаби ва маданиятини ўрганишдан маҳрум этилмаслиги лозим.

- 18 ёшгача бўлган ёшларга диний таълим олиш, диний маросимларда қатнашишни таъқиқлар экан, биз қандай қилиб ўтмишимизни тиклайлик, динимиз ва мазҳабимиз тарихини қандай қилиб ўрганайлик? Ёшлар давлат келажаги экан, уларга энг аввало эркинлик берилиши керак, -дейди тожикистонлик ёшлардан бири Абдужалил Омонов.
Эслатсак, ўтган ҳафтада АҚШнинг ЕХҲТ қошидаги сиёсий масалалар бўйича доимий маслаҳатчиси Патрик Коннелл ҳам Тожикистонда кучга кириши кутилаётган мазкур ҳужжат юзасидан ташвиш билдирган эди.

“Ҳукуматнинг диний эркинликларни систематик равишда бузиши бу мамлакатни дин эркинлиги билан боғлиқ вазият ташвишланарли бўлган мамлакатлар рўйхатига тушириб қўяди” дея мулоҳаза билдирганди АҚШ вакили Патрик Коннелл.

Тожикистоннинг ЕХҲТдаги вакили Нуриддин Шамсов эса: “Янги қабул қилинган қонун аксинча ёшларни жамиятдаги радикаллашув тенденциясидан ҳимоя қилади”, деган эди Коннелл жанобларига жавобан.
XS
SM
MD
LG