Линклар

Журналистлар очлик эълон қилганига бир ҳафта тўлди


Очлик эълон қилган журналистлар Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омонова ҳолидан маҳаллий ҳуқуқ фаоллари хабар олиб турибдилар.

Очлик эълон қилган журналистлар Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омонова ҳолидан маҳаллий ҳуқуқ фаоллари хабар олиб турибдилар.

Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқулова мадорсизланганига қарамай, очликни тўхтатмоқчи эмас.


Бир ҳафтадан буён очлик акциясини давом эттираётган журналистлар Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омонова 3 июлга келиб анча ҳолсизланди.

- Маза йўқ. Ҳар сафар ҳуқуқ ҳимоячилари келганида ўтириб суҳбатлашар эдик. Бугун ўрнимиздан туришга ҳам имкони бўлмади. Мусулмончиликка тўғри келмаса ҳам нима қиламиз энди? Тез тиббий ёрдамни чақиришга қўрққанимиз учун ҳам эрталаб Суръат Икромов рафиқалари билан сув ва дори олиб келдилар, - дейди журналист Малоҳат Эшонқулова.

Ўзбекистон миллий телерадикомпаниясининг собиқ мухбирлари Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омонова 27 июн куни Ўзбекистон президенти девони олдида очлик акциясини ўтказа бошлагач, милиция ходимлари томонидан олиб кетилиб, уч миллион сўм жаримага тортилган эди. Шундан сўнг очлик акциясини ўз уйларида давом эттиришга қарор қилган журналистлар президент Ислом Каримов билан учрашиш имкони берилмагунича ўз акцияларини тўхтатмасликларини айтмоқдалар. Аммо уларнинг кундан-кунга мадорсизланаётгани ҳуқуқ фаоллари ташвишига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромов очлик эълон қилган тележурналистлар ҳолидан мунтазам равишда хабар олиб турган ҳуқуқ фаолларидан бири.

- Кечагига қараганда анча чарчаган кўринишади, - дейди 3 июл куни журналистларни уйига бориб кўрган ҳуқуқ фаоли Сурат Икромов.

Айни пайтда Ўзбекистон расмийлари, хусусан, президент Ислом Каримов девони, шунингдек, очлик эълон қилган журналистларнинг собиқ иш берувчиси - Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раҳбарлари норозилик акциясига ўз муносабатларини билдирганича йўқ.

Аснода 27 июн куни президент девони олдидаги акцияси учун жаримага тортилган Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омоновани, ҳуқуқшунослар фикрича, очлик эълон қилганлари учун жазога тортиш мумкин эмас. Ўзбекистонлик таниқли адвокат Руҳиддин Комиловнинг айтишича, миллий қонунчиликда очлик эълон қилганни жазолашни кўзда тутувчи меъёрнинг ўзи йўқ.

- Бу ҳолатлар бўйича қонун ҳужжатлари мавжуд эмас, бўлиши мумкин ҳам эмас. Бу норозилик билдиришнинг ўзига хос шакли. Қонунбузарлик бўлиши учун шу тўғрисида қонун бўлиши керак. Бу тўғрисида қонуннинг ўзи йўқ. Ўтириб норозилигини билдириш, туриб норозилигини билдириш, очлик эълон қилиш - бу инсоннинг ўзининг ихтиёри билан боғлиқ муносабатлар, - дейди ҳуқуқшунос Руҳиддин Комилов.

Ўзбекистонлик журналист Абдумалик Бобоев икки ҳамкасбининг очлик акциясини сўнгги чора, дея баҳолайди. Айни пайтда Бобоев очлик акцияси қандай натижа бериши мумкинлигини олдиндан тахмин қилиш қийин дейди.

- Албатта бу ҳақда аниқ бир нарса дейиш қийин. Ҳар ҳолда, журналистлар матбуотда ёритаяпти. Ҳукумат томонидан бирор-бир реакция бўлиши керак, - дейди некбинлик билан Абдумалик Бобоев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG