Линклар

Футбол бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Уругвай термасига 0-2 ҳисобида бой берди.

Мексикада ўтаётган 17 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг чорак финали якшанба куни Монтеррей шаҳрида бўлиб ўтди.

Ўзбек ва уругвайлик футболчилар учрашув бошида бир хил ўйин кўрсатди. Лекин 1-таймнинг 30-дақиқасида Уругвай ҳужумчиси Сантьяго Шармиони Ғанишер Холмуродов дарвозасини забт этди. Ўйиннинг биринчи ярми 1-0 ҳисобида якунланди.

Ўзбеклар 2-таймни шиддат билан бошлади ва Уругвай жарима майдончасига бир неча марта тўп билан бостириб кирди. Шунга қарамай 2-таймнинг ярмига бориб, Родриго Агуерре Ўзбекистон дарвозасига иккинчи голни урди.

76 дақиқада ўзбеклар ҳимоячиси Муҳсинжон Убайдуллаев ўз жарима майдончасида уругвайлик Гильермо Мендезни оёғидан чалиб юборди ва рефери пенальти берди. Ўзбек дарвозабони Холмуродов 11 метрдан тепилган тўпни қайтарди.

Лекин Ўзбекистон терма жамоаси ўйиннинг охиригача ҳисобни оча олмади.

Энди Уругвай термаси 7 июл куни Гуадалаҳарада ярим финалда Япония ёки Бразилия билан майдонга тушади.
XS
SM
MD
LG