Линклар

Гулнора учун куйлаган Стинг Назарбоевга қўшиқ айтмайди

  • Абдулла Искандар

Стинг Гулнора Каримова даврасида.

Стинг Гулнора Каримова даврасида.

Британиялик поп машшоқ Стинг президент Назарбоев таввалудига аталган концертда иштирок этишдан воз кечди.



Расман Остона шаҳар кунига бағишланган бу концертда британиялик поп-мусиқачи Стингнинг иштирок қилиши тантана дастурига киритилган эди.

3 июл куни Стинг концерт ташкилотчиларига “техник сабабларга кўра” Остонага бора олмаслигини билдирди.

Айни пайтда Стинг расмий нашрида Қозоғистондаги репрессиялар боис концерт қолдирилгани ҳақида маълумот берилди.

Нашрга кўра¸ Халқаро Амнистия Стингга “Оқтовдаги нефтчилар иш ташлагани ва Назарбоев ҳукумати норозилар ва касаба уюшма фаолларини қисувга олгани" ҳақида билдирган.

Бу қиссадан ҳисса чиқарган машшоқ¸ Нурсултон Назарбоев туғилган кунида ашула айтмаслик қарорига келган.

Мазкур қарорини ўз нашрида изоҳлаган Стинг " Қозоқ нефтчилари ва уларнинг оиласи бизнинг қўлловимиз ва оммавий ахборот воситалари эътиборига муҳтождир. Бу эътиборимиз ижобий ўзгаришларга бўлган умидимиз инъикосидир¸” деб ëзди.

“Стингнинг Остонада қўшиқ айтиши Назарбоев сиëсатини маъқуллаганлик муждасини берган бўлар эди” дейди Австриядаги мусиқа тадқиқодчиси Герман Попов.

30 йилдан бери Халқаро Амнистия фаоли сифатида "Бразилияда ўрмонлар кесилмасин!" деб пикетларга чиққан Стингнинг ҳассос шуури 2009 йил ноябр ойида Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова дилхушлиги учун куйлашга халақит бермаган эди” дейди Попов.

The Guardian нашрининг ëзишича¸ Ўзбекистон президентининг қизи Стингни Тошкентга олиб келиш учун 2 миллион фунт стерлинг атрофида пул тўлаган.

Мусиқа тадқиқотчиси Герман Попов назарида “башангларнинг бундай кўнгилхушлиги” ўзбеклар учун қимматга тушмоқда.

- Бу даҳшат. Бу ўз халқини писанд қилмаган мешчанларнинг ҳокимиятга эришгандан кейин қилаëтган кўнгилхушлигини фақат шу калима билан изоҳлаш мумкин. Улар бир қарасангиз миллий мусиқа ривожи¸ маънавият ҳақида гапиришади. Амалда эса Стингга ўхшаган Ғарб отарчиларининг икки соатлик хонишига бир дунë пул тўлашади. Бу пуллар халқ мусиқаси ривожи учун сарф бўлиши мумкин эди. Мен Марказий Осиëга кўп саëҳат қилганман. Овлоқ ҳудудларда талантли мусиқачиларнинг ночор турмушига гувоҳ бўлганман. Хароб бўлган мусиқа мактаблари¸ бинолари бузилаëтган консерватория фонида Каримова хонимнинг Стинглар учун ҳотамтойлиги мен учун даҳшат каби туюлади¸ дейди Озодлик билан суҳбатда мусиқашунос Попов.

Мусиқа тадқиқотчиси Герман Попов айтган мазмундаги танқидлар Ғарб матбуотида пайдо бўлганидан кейин Стинг расмий Тошкентдан масофалашди.

Стингнинг Тошкентда, Гулнора Каримова ҳузурида қўшиқ айтгани ҳақидаги хабарлар Британия матбуотида пайдо бўлгач, у баёнот бериб, Ислом Каримов ва унинг диктатураси хақида, унинг биқиқ мустабидона тафаккури ҳақида ëзди.

"Ўзбекистон президентининг инсон ҳуқуқлари ва атроф-муҳит борасидаги даҳшатли репутациясидан жуда яхши хабардорман. Шунга қарамай¸ Ўзбекистонга бориб концерт беришга қарор қилдим.

Ўз тажрибам натижасида маданий бойкотларнинг нафақат маънисиз ҳаракат экани¸ балки тескари натижа беришига амин бўлдим. Зотан бундай шароитда жиноятчига чиқарилган режимлар очиқ ғоялар дунëсидан янада узоқлашади ва натижада янада ëпиқлашади¸ васвачаси ва ваҳимачи бўлиб қолади.

Очиғини айтсам¸ ўзининг ўрта асрлардаги каби мустабидлик дунëқараши ичида мутлақ қамалиб олган Ўзбекистон президентининг мен каби артистларнинг ўз мамлакатига бориб концерт бериш-бермаслиги билан бир пуллик ҳам иши йўқ ”¸ дейилади Британия жамоатчилиги босими остида Стинг эълон қилган баëнотда жумладан.

Бразилия ўрмонларини сақлаб қолиш учун курашган жаҳон юлдузи, 2009 йилнинг 17 октябрида ўзбек президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ташкил этган Тошкентдаги "Style.uz” модалар ҳафталигида концертда иштироки учун "иккиюзламачи” номини олди.

"Стинг ўз душманларини сувда пиширган диктаторнинг қизи учун куйлади” сарлавҳали мақолани чоп этган "Daily Mail” газетаси инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан танилган британиялик қўшиқчининг Тошкентдаги базмда куйлаш орқали ўз обрўсига жиддий путур етказганини ëзди.

"Daily Mail”га интервью берган Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей Стингни "иккиюзламачи” дея атади.

"Ўзбекистонда режим ҳукмронлигини билмаслиги учун Стинг ўта нодон бўлиши лозим эди. Унинг ҳуқуқ ва экология ҳимоясидаги фаолияти, гўё бир тутун каби тарқаб кетди”, деди Мюррей.

"Собиқ коммунист Ислом Каримов, ёзади газета, ҳукумат тепасига 1989 йили келди, ўшандан бери, унинг ҳукмронлигини савол остига қўйган 6000 одамни турмаларга ташлади.

2005 йили ўзбек армияси коррупция ва қашшоқликка қарши кўтарилган Андижондаги намойишчиларни қатл этди. Бу мамлакатда минглаб болалар, пахта плантацияларида қул ўрнида ишлатилади."

Крейг Мюррей фикрини ривожлантирган мусиқашунос Герман Попов Стинг Ўзбекистондаги концертдан хулоса чиқармаганини айтади.

“Агар у хулоса қилганида Назарбоев таваллуд кунига аталган концертга бошиданоқ рози бўлмас эди.”

Попов назарида Стингнинг кейинги пушаймони ўзига душман бўлди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG