Линклар

Журналистлар президентга мурожаат қилди


Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, очлик эълон қилган журналистларга ҳамдард эканини билдираётган кишилар сони тобора кўпаймоқда.

Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, очлик эълон қилган журналистларга ҳамдард эканини билдираётган кишилар сони тобора кўпаймоқда.

Очлик акциясини давом эттираётган журналистлар тақдиридан ташвишланган ҳамкасблари президент номига очиқ хат йўллади.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов номига саккиз нафар журналист томонидан йўлланган очиқ хатда Конституция кафолати бўлган президентнинг икки журналист ҳаёти ва соғлиги учун жавобгар эканлиги айтилади.

“Биз уларнинг чақириқларига қулоқ тутишингизни, ўз давлати ва жамияти учун касбий фаолиятини давом эттириш ҳуқуқини беришингизга чақирамиз”, дейилади очиқ хатда.

Мазкур мактуб остига Галима Бухарбаева, Умида Ниёзова, Шоҳида Ёқуб, Феруза Ҳошимхонова, Сид Янишев, Олга Фозилова, Виктор Кримзалов ва Абдураҳмон Ташановларнинг имзо чеккани айтилади.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли ва журналист Абдураҳмон Ташанов ушбу мурожаатнома президентга етиб боради, деган умидда.

- Агар ҳукумат очлик акцияси билан боғлиқ бирор чора кўрадиган бўлса, “президент эшитмаган эди, президент энди эшитди, энди чора бўлади” деган гап бўлади. Лекин аслида президент эшитаётган бўлиши ҳам мумкин. Ҳозирда “подшонинг икки юзи” дегандек вазият, - дейди тошкентлик ҳуқуқ фаоли ва журналист Абдураҳмон Ташанов.

Унга кўра, Ўзбекистонда журналистларнинг норозилик намойишлари илгари ҳам бўлган, бироқ журналистлар орасида очлик эълон қилиш илк бор кузатилаётган ҳолатдир.

- Шунинг учун ҳам маҳаллий журналистлар орасида кайфият ҳар хил. Кимдир ножиддий қабул қилиб, майнавозчилик қилади. Иккинчилари ачиниш билан қарайди, учинчилари норозиликни қўллаб-қувватлайди. Ёнига бориб, қўллаб қувватламаса-да, маънан, руҳан қўллаб-қувватлайди, - дейди ҳуқуқ фаоли ва журналист Абдураҳмон Ташанов.

Ташанов айтиб ўтган журналистлардан бири очликни давом этаётган Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқуловаларга 3 июл оқшомида қўнғироқ қилган экан.

- Кеча кечқурун кутилмаганда Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Ахборот” дастуридан ҳамкасбимиз қўнғироқ қилиб қолди. У кишининг хавфсизлиги нуқтаи назаридан исмини айтишим шарт эмас, деб ўйлайман. “Қизлар, биз сиз томондамиз. Ҳамиша сизлар томонингизда бўлганмиз. Биз эркаклар қилмаган ишни қилдингиз. (Эркак киши телефон қилди-да). Иродангизга қойилмиз. Шуни билингки, телевидениеда ҳамма руҳан сизлар билан. Лекин ҳамма ўзидан, бола-чақасидан хавотир олиб, эртага ишсиз қолишидан қўрқиб, ичидагисини ташқарига чиқара олмайди. Шуни билиб қўйишингизни истайман”, деб телефон қилди. Мана шу сўзлардан ҳам анча хурсанд бўлиб қолдик, - дейди журналист Малоҳат Эшонқулова.


( YouTube видеопорталига қўйилган бу видео Тошкентдаги ҳуқуқ фаоли Владимир Ҳусаинов томонидан 3 июл куни суратга олинган)

Саккиз кундан буён очлик акциясини давом эттираётган Малоҳат Эшонқулова ўзи ва Саодат Омонованинг соғлиги ҳақида ҳам сўзлади:

- Кеча умуртқа поғонам оғриди. Уйдагиларга: “кўринглар-чи, нимага оғрияпти?” дедим. “Умуртқангизда оқиш бўлиб учта шиш бўртиб чиқибди” дейишганига, соғлигимдан хавотир олиб, яна тез ёрдам чақиришга мажбур бўлдим. Тез ёрдам шифокорлари келиб текширишди. “Елвизакда қолгансиз, қўрқманг, озроқ шамоллаш бор. Крем олиб суртсангиз, яхши бўлиб кетасиз” деб кетишди. Оғриқ эрталабгача давом этгани учун бугун хўжайиним ўзимиз таниган шифокорга олиб бориб келди. У ҳам кўриб, тез ёрдам шифокорининг гапини такрорлади. Саодат ҳам эрталабдан буён ҳолсиз бўлиб ётибди, - дейди саккиз кундан буён фақат сув истеъмол қилаётган журналист Малоҳат Эшонқулова.

Бугун Озодликка хат йўллаган Саодат Омонова 4 июлга келиб оғзида ацетон таъмини сеза бошлаганини ёзган.

Ўзбекистон миллий телерадикомпаниясининг собиқ мухбирлари Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омонова 27 июн куни Ўзбекистон президенти девони олдида очлик акциясини ўтказа бошлагач, милиция ходимлари томонидан олиб кетилиб, уч миллион сўм жаримага тортилган эди.

Шундан сўнг очлик акциясини ўз уйларида давом эттиришга қарор қилган журналистлар президент Ислом Каримов билан учрашиш имкони берилмагунича ўз акцияларини тўхтатмасликларини таъкидламоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG