Линклар

Бунга Роғун сув омбори ҳудудидан кўчирилаётган аҳолига етарлича товон пули берилмаётгани сабаб бўлаяпти.

Роғун сув омбори тушадиган ҳудуд, яъни Нуробод ва Роғун туманидаги қишлоқлардан 30000 киши кўчирилиши совет давридаёқ режалаштирилган эди.

Лекин, Тожикистондаги ҳуқуқ фаолларига кўра, ҳукуматнинг аҳолини кўчириш дастурида мавжуд айрим чигалликлар сабабли кўпчилик оилалар ўз яшаш жойларини тарк этишдан бўйин товламоқда.

Ҳуқуқ фаоллари маҳаллий аҳолини кўчиришда расмийлар халқаро меъёрларга амал қилиши зарурлигини таъкидламоқдалар.

Нуробод ва Роғун аҳолисини кўчириш бўйича мониторинг ўтказган Душанбедаги инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси вакиласи Тахмина Жўраеванинг Озодликка маълум қилишича, ҳукуматнинг фуқаролар мулки учун ажратган компенсацияси миқдори озлиги кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлмоқда экан.

- Аҳоли уйларига бундан бир неча йил аввал нарх белгиланган эди. Нуробод ва Роғун аҳолиси билан мулоқотларда уларни айнан мулк учун товон тўлаш масаласи ташвишга солаётгани маълум бўлди. Улар ҳукумат ажратган пулга ҳатто бир хонали уй ҳам қура олмасликларидан шикоят қилишди, - деди Душанбедаги инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси расмийси Тахмина Жўраева.

Жўраева хонимнинг айтишича, бошқа бир муаммо ҳукумат компенсацияси аҳолига тўрт босқичда берилаётганидадир.

Жўраевага кўра, кўчирилаётган оилаларга белгиланган товон пули миқдори 70 000 сомонийдан 200 000 сомонийгачадир (14 мингдан тахминан 40 минг АҚШ долларигача - таҳр.).

Маълум бўлишича, республиканинг бошқа ҳудудларига кўчиб ўтаётган оилаларга аввал шу пулнинг 40 фоизи, қолган қисми эса маълум вақтдан кейин берилади. Бу ўз навбатида аксарият оилалар норозилигига сабаб бўлмоқда.

Микрофонга гапиришни истамаган Сичароғ қишлоғида яшовчи Давлатой ҳукуматнинг кўчириш дастуридан норози эканини айтди.

- Масалан, қачон кўчамиз, қандай ва қаёққа кўчамиз - буни ҳеч ким бизга тушунтириб бермаяпти. Ундан ташқари, ажратилган маблағ қисмларга бўлиб берилар экан, бу энг катта муаммомиз. Ҳозирги нархларни қаранг - йигирма, ўттиз минг долларга уй қуриб бўладими? Умуман айтганда, ҳуқуқларимиз поймол қилинаётгани алам қилаяпти, - дейди сичароғлик Давлатой.

Унинг гапига қараганда, яшаш жойларини ташлаб кетишни хоҳламаётганларнинг аксарияти кекса ёшдаги кишилардир.

Давлатойнинг айтишича, тўғон қурилгач, ота-боболари ва жигарбандлари ётган ўнлаб қабристон ГЭС сув омбори тагида қолиб кетишини истамаётган маҳаллий аҳоли Роғун қурилишига қарши чиқмоқда экан.

Мустақил таҳлилчилар фикрича, аҳолисининг қарийб 98 фоизи мусулмон бўлган Тожикистонда аждодлар руҳига ҳурматсизлик жамият норозилигига туртки бўлиши мумкин.

Душанбедаги инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси вакиласи Жўраева хоним ўз ташкилоти маҳаллий аҳолини кўчириш билан боғлиқ муаммоларни кузатиб боришини ва бу муаммоларни бартараф этиш учун эса тегишли ташкилотларга расман мурожаат қилишини қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, Роғун қурилгач, ГЭС сув омбори тагида қолиб кетиши айтилаётган ҳудуд аҳолисини кўчириш тадбири 2009 йилда бошланган эди.

Ҳукумат режасига кўра, 2015 йилгача Роғун ва Нуробод туманларидаги 63 қишлоқдан 4726 оила, аниқроқ айтадиган бўлсак, 30000 тожикистонлик мамлакат жанубидаги Данғара, Дарбанд ва Ўзбекистон билан чегарадош Турсунзода туманларига кўчирилиши лозим.

Жаҳон банки масъуллари, расмий маълумотларга таянган ҳолда, 2009 йили бу ҳудуддан 600 оила ва 2010 йилда эса 1000 оила кўчирилганини айтади.

Норасмий маълумотларга кўра эса, аҳоли фақат ҳужжатларда кўчирилган бўлиб, аслида улар ўз яшаш жойлари ҳали-ҳануз тарк этгани йўқ.

Бироқ бу маълумотларни тасдиқламаган Нуробод туман ҳукумат расмийси Додаржон Жобиров 2009 йилдан шу кунгача тахминан 700 оила республиканинг хавфсиз ҳудудларига кўчирилганнини билдирди.

- Нурободнинг Чорсада, Сарипул ва Алигалабон қишлоқларидан 700 оилани Данғара, Турсунзода ва Рудакий туманларига кўчирдик. Бу оилаларга аллақачон ер бўлиб берилган. Данғарада 140 оила янги қурилган уйларда яшаяпти. Турсунзода туманида эса 30 дан ортиқ янги уйлар қурилди. Ҳозирда ана шу янги бунёд этилган маҳаллалар инфраструктураси борасида ишлар қизғин кетаяпти, - дер экан Додаржон Жобиров Роғун атрофидаги аҳолини кўчириш дастури бўйича ҳукумат барча зарур чораларни кўрганини таъкидлади.

Дунёдаги энг йирик гидроиншоотлардан бири саналган Роғун ГЭСининг илк пойдевори ўтган асрнинг 80-йилларида қўйилган.

Йилига 3,6 Мвт электр энергия ишлаб чиқариши айтилаётган ГЭС лойиҳасининг умумий қиймати 2,5 миллиард АҚШ долларига тенг.

ГЭСнинг тўғон баландлиги 335 метр бўлиб, у дунёдаги энг баланд тўғонлардан саналади.

Тожикистонга қўшни Ўзбекистон Роғун қурилишига очиқдан-очиқ қаршилик кўрсатиб келади.

Ўзбекистон расмийлари ва экологларига кўра, ГЭС тўғони шу баландликда қурилса, минтақага тузатиб бўлмас экологик зиён етказади.

Бошқа томондан бу баландликдаги тўғон кучли ер силкинишига бардош беролмайди, натижада Тожикистон дохил минтақа мамлакатларининг бари сув тагида қолиб кетади.

Аммо тожик расмийлари бу ўзбекистонликларнинг фантазияси эканини таъкидлаб келади.

Ниҳоят икки қўшни ўртасидаги узоқ тортишувлардан сўнг Жаҳон банки Ўзбекистоннинг Роғун ГЭСи лойиҳаси халқаро экспертизадан ўтказилишига оид талабини қондирди ва 2010 йил Тожикистон томони билан бу борада ўзаро шартнома ҳам имзолади.

Айни пайтда Жаҳон банки молиявий кўмагида ўтказилаётган халқаро экспертиза натижалари 2012 йил бошида эълон қилиши айтилмоқда.

Бироқ халқаро экспертиза натижалари эълон қилинмай туриб, Тожикистон ҳукумати яна янги муаммоларга дуч келаётгани кузатилади.

Мустақил таҳлилчиларга кўра, Тожикистон ҳукумати мамлакат ичкарисидаги аксилроғунчилар талабларини халқаро меъёрлар талаби даражасида бажармаса, халқаро ҳамжамият олдида обрўси тушиб кетиши табиий.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG