Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:44

Яна бир таълим вазири кеткизилди¸ таълимда ўзгариш бўладими?


Ўзбекистонда таълим сифатининг кун сайин ëмонлашгани айтилади.
Ўзбекистонда таълим сифатининг кун сайин ëмонлашгани айтилади.

Ўзбекистон президенти фармонига кўра¸ Халқ таълими вазири Аваз Мараҳимов лавозимидан бўшатилди.



Озодлик мухбирининг Халқ таълими вазирининг лавозимидан бўшатилиши сабабини билиш мақсадида вазирликка қилган қўнғироғига жавоб берган вазирлик ходими Аваз Мараҳимовнинг бошқа ишга ўтганини айта солиб¸ гўшакни илиб қўйди.

Халқ таълими вазирлигига қарашли “Маърифат” газетаси ходими ҳам вазирнинг ишдан олинганини тасдиқлади¸ аммо бу ўзгариш сабабини билмаслигини қўшимча қилди.

Uzmetronom мустақил интернет-газетасига кўра, Мараҳимов Бош вазир ўринбосари Рустам Қосимов ҳимоясидаги вазир бўлган. Рустам Қосимов 2009 йил октябрида лавозимидан бўшатилган ва кейинроқ Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори этиб тайинланган. Газетанинг ëзишича¸ ўз ҳомийси курсисидан ажрагач¸ Мараҳимовнинг бошидаги булутлар қуюқлашиб қолган ва оқибатда у ҳам вазирлик ўрнидан мосуво бўлган.

Воқеадан яхши хабардор манбага асосланишини даъво қилганUzmetronom интернет-газетасининг ёзишича, Авазжон Мараҳимов Халқ таълими вазири ўринбосари лавозимида ишлаган пайтда ўрта таълим муассасаларини компютер техникаси билан таъминлаш ишларини бошқарган ва мактабларни компютерлаштириш жараëнида каттагина бойлик орттирган. Газетанинг тахминича¸ Авазжон Мараҳимов мамлакат Халқ таълими вазири лавозимини эгаллаганидан кейин ҳам буни давом эттирган бўлиши ва шу сабаб лавозимидан бўшатилган бўлиши мумкин.

Тошкентлик ўқитувчи Шавкат Усмон Халқ таълими вазири Авазжон Мираҳимовнинг ишдан олинганига коррупция ва таълим тизимининг абгор аҳволда экани сабаб бўлганини эҳтимолдан соқит қилмайди.

- Вазирнинг ишдан олинишига расмий идоралардан расмий изоҳ талаб қилганингиз билан бунинг ҳақиқий изоҳини ололмайсиз. Очиқ-ойдин айтилмайди бу. Очиқ-ойдин айтиладиган бўлса, осонликча амалдан кетмайди булар. Кетказиш учун жиноят иши қўзғатган ҳолда кетиши мумкин. Яна бир сабаби бўлиши мумкин бу ерда. Компютерлар билан таъминлаш масаласи давлатнинг хазинасидан эмас¸ қўл остидаги идораларга тегишли бўлган маблағлардан олиб ишлатиб компютерлар билан таъминлаган бўлиши мумкин. Ҳозир ҳамма соҳада худди шу система. Бирорта соҳа йўқки, кўзланган нарсаларга ишлатилиши керак бўлган маблағлар билан хўжакўрсинга дўндирилганини рапорт қилаверишади. Таълим масаласида, бу соҳа жуда ҳам абгор аҳволда. Болалар бутунлай билимсиз. Мана шу ҳам унинг ишдан кетишига сабаб бўлган бўлиши мумкин. Буни ҳозир тахмин қилишимиз мумкин. Аниқ мана шу сабаб, деб айтиш жуда ҳам қийин, - дейди Шавкат Усмон.

Сирдарёлик ўқитувчи Бобур ҳам Халқ таълими вазири Авазжон Мараҳимовнинг ишдан олинишига таълим соҳасида илдиз отган коррупция, таълим сифатининг тушиб кетгани каби қатор омиллар сабаб бўлган¸ деган фикрда.

- Вазирнинг ишдан олиниши¸ биринчидан, ҳақиқатан халқ таълими соҳасида менимча, коррупция авж олиб кетган. Иккинчиси, мактабларда билим савияси тушиб кетган. Учинчиси, система билан ҳам боғлиқ. Системани ўзгартириш керак. Агар шу система билан кетадиган бўлсак, умуман Ўзбекистонда билим бўлмайди деб ҳисоблайман, - дейди сирдарёлик ўқитувчи.

Авазжон Мираҳимов 2010 йил март ойида Халқ таълими вазири этиб тайинланишидан олдин Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари лавозимида ишлаган.

Ҳуқуқ фаоли ва журналист Абдураҳмон Ташанов Халқ таълими вазири Авазжон Мараҳимовнинг ишдан олинишига асосий сабаб ўқувчилар билим даражасининг пасайиб кетгани эмас¸ балки коррупция деган фикрда. Унга кўра, Ўзбекистонда халқ таълимини ислоҳ қилиш учун системани ўзгартириш керак.

- Бунга бошидан қараш керак бўлади. Мана масалан¸ ўтган йили Маориф вазири билан Олий ва ўрта махсус таълим вазири коррупция, талон-тарожликда айбланиб ишдан олинди, лекин бу ерда мантиқсизлик шундан иборатки, ишдан олинган вазирнинг ўринбосари Халқ таълими вазири этиб тайинланди. Мантиқсизлигининг сабаби, агар вазир Азимжон Парпиев ҳақиқатан талон-тарожчи бўлиб коррупцияга алоқадор бўлса, одатда унинг ўринбосари ҳам жавобгарликдан холис бўлиши керак эмас. Шу маънода ҳозир кўпчилик Авазжон Мараҳимовдан ислоҳотчи раҳбар сифатида қаҳрамон ясамоқчи бўлишаяпти. Кимдир жабрдийда сифатида қараяпти, кимдир кланларнинг ўзаро қурбони бўлган бўлса керак¸ деган гапларни гапираяпти. Менимча, буларнинг ҳаммасида ҳам маълум даражада жон бор. Олий таълим вазирлиги бўладими, Халқ таълими вазирлиги бўладими умуман мамлакатдаги ҳукумат идораларида коррупция жуда ривожланган. Шунинг эвазига¸ у ерда коррупцияга қўл урмаслик мумкин эмас. Болаларнинг билим савияси пасайиб кетаëтгани, таълим соҳасида ислоҳотлар юрмаëтгани учун вазирни ишдан олган бўлса, албатта¸ пастдагиларни ҳам олиш керак. Бутунлай таълим тизимини ўзгартириш керак. Муаммонинг кўлами ҳукумат даражасида, - дейди Абдураҳмон Ташанов.

Янги ўқув йили яқинлашар экан¸ ҳозирча Халқ таълими вазири лавозими бўш қолмоқда.
XS
SM
MD
LG