Линклар

logo-print

Беларусда мухолифат намойиши куч билан бостирилди


Мустақиллик байрамида сўзлаган Беларус президенти Александр Лукашенка мамлакатда ҳеч қандай инқилоб бўлмаслигини қатъий қилиб таъкидлади.

Мустақиллик байрамида сўзлаган Беларус президенти Александр Лукашенка мамлакатда ҳеч қандай инқилоб бўлмаслигини қатъий қилиб таъкидлади.

Якшанба куни Минск ва бошқа йирик шаҳарларда намойишга чиққанларга қарата полиция ёш оқизувчи газ қўллади ва намойишчилардан 100га яқинини ҳибсга олди.


Якшанба куни Беларус полициясининг мамлакат бўйлаб кўтарилган намойишлар чоғида тўпланганларга қарата кўздан ёш оқизувчи газ қўллагани ва айрим ҳудудларда намойиш фаолларини ҳибсга олгани хабар қилинмоқда.

Норозилар Минск ва бошқа йирик шаҳарларда якшанба куни кечга яқин йиғилдилар ва авторитар, дея танқид қилинадиган президент Александр Лукашенка ҳокимиятидан норозилигини билдириш мақсадида жўрликда қарсак чалдилар.

Шунингдек, Беларус мухолифати интернетдаги ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларига қарсак чалиш орқали ўз норозилигини билдириш акциясига бирлашишга чақириқ йўллади.

Мухолифат 1944 йилда нацист Германияси истилоси тугатилгани муносабати билан нишонланадиган 3 июл — Мустақилиллик кунида ушбу акцияни эълон қилди.

Минск шаҳри ташқарисида ўтказилган норозилик акцияларидан бирига гувоҳ бўлган Озодлик мухбири Ҳалина Абакунчик темир йўл бекатида ўтказилаётган намойишга ёпирилган полиция билан норозилар ўртасида тўқнашув бўлгани, кейин полиция томонидан ўнлаб намойишчи ҳибсга олинганини хабар қилди.

- Мен Минскда шу вақтгача ўзим ёритган бирорта намойишда бундай ҳаракатларга бирор марта гувоҳ бўлмаган эдим. Одамлар кўчадан тутиб кетилди. Полиция машиналари ёндош кўчалардан чиқиб келди ва улар қўлига илинган кимса, ҳатто, журналистларни ҳам ҳибсга олди, урди. Улар олдида турган кишиларнинг кимлиги билан асло қизиқмади ҳам. У ердан ўтаётганлар урилаётганларни қутқаришга уринди, аммо полиция машинасига чиқариб олиб ҳам одамларни уришда давом этди, - дейди Минск ташқарисида бўлган намойишлардан бирига гувоҳ бўлган Озодлик мухбири.

Норозилар сафида ёшлар билан бирга ёши улуғлар ҳамда ёш болалари бор аёлларнинг ҳам бўлгани айтилмоқда.

“Весна” мухолиф гуруҳи намойишлар чоғида мамлакат бўйлаб 100га яқин одам ҳибсга олинганини хабар қилди. Ҳибсга олинганлар орасида Озодлик мухбирлари ҳам бор.

Ҳибсга олинганларга ижтимоий тартибсизликда иштирок этганлик айби қўйилаётгани ва ишнинг судга оширилаётгани ҳақида маълумотлар бор.

Бироз муқаддам Беларус полицияси президент Александр Лукашенка нутқ сўзлаётганда қарсак чалиб, унга халақит беришга уринган мухолифат фаолларини ҳибсга олгани хабар қилинган эди.

Бунинг ортидан қўзғалиши мумкин бўлган норозиликлар олдини олиш мақсадида Беларус ҳукуматининг интернетдаги ижтимоий тармоқларни ҳам тўсиб қўйгани хабар қилиноқда.

Ўтган йили декабр ойида мамлакат мухолифатининг тинч намойишларини зўравонлик билан бостирганидан сўнг Лукашенка ҳукумати халқаро изоляцияда қолмоқда.

Якшанба куни ўз халқига мурожаат қилган Лукашенка ташқи кучларни мамлакатда рангли инқилобларни келтириб чиқаришга уринишда айблади.

- Алоҳида давлатларнинг пойтахтларида бўлган рангли инқилоблардан кўчирма қилиб ёзилган сценарийларни кимдир бизнинг давлатимизга давомли равишда зўр бериб тиқиштиришга уринмоқда. Бу ҳеч қачон бизда содир бўлмайди, - дея қатъий равишда огоҳлантирди ҳарбий кийимда қад ростлаб, халққа қилган мурожаати чоғида Беларус президенти Александр Лукашенка.
XS
SM
MD
LG