Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:58

Бишкекка рад жавоби берилди


Россия ва Ўзбекистон Қирғизистонда жиноят қилганликда гумонланган 16 шахсни Бишкекка топширишдан бош тортди.

Бу ҳақда Қирғизистон Бош прокуратурасига таянган ҳолда Марказий Осиё янгиликлар хизмати хабар тарқатди.

Маълумотларга кўра, 2011 йилнинг биринчи ярим йиллигида Бош прокуратура томонидан МДҲ мамлакатларида экани аниқланган ва ушланган жиноятда гумонланувчиларни Қирғизистонга топшириш бўйича Россияга 34 та, Қозоғистонга 10 та, Ўзбекистонга 3 та сўровнома юборилган.

Бош прокуратуранинг сўрови бўйича Россия 14 кишини, Ўзбекистон эса 2 кишини Қирғизистонга топширмаслигини билдирган, қолганларнинг иши эса кўриб чиқилмоқда. Қирғизистон прокуратурасига рад жавоби берилишига сўралаётган шахсларнинг жиноий жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетгани, уларнинг хатти-ҳаракати қонунчилик бўйича жазоланмаслиги ҳамда сўралаётганларнинг бошқа мамлакат фуқаролигини олгани асос ўлароқ келтирилмоқда.

Аснода жорий йилнинг ўтган 6 ойида Қирғизистонга МДҲ мамлакатларидан жиноий жавобгарликка тортилиш учун 12 шахс келтирилгани айтилмоқда. Уларнинг ҳаммаси ҳозирда Бишкекдаги 1-тергов изоляторида сақланаяпти.

Қирғизистон Бош прокуратураси маълумотларига кўра, 2011 йилнинг биринчи ярим йиллигида Россия Федерациясида ўтган йилнинг июн ойида Ўш ва Жалолободда содир бўлган воқеаларга алоқадорликда гумонланган 10 киши ушланган. Бу шахслар иши бўйича Қирғизистон ва Россия Бош прокуратуралари ўртасида мунтазам равишда экстрадицияга оид ёзишмалар олиб борилмоқда. Бир киши эса Қозоғистондан экстрадиция қилинган бўлиб, прокуратура маълумотига мувофиқ, унинг суди ҳам аллақачон бўлиб ўтган.
XS
SM
MD
LG