Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:15

Хориждан қайтарилган талабалар яна кетмоқда


Хориждаги мадрасалардан қайтарилган тожик ёшлари ўзларига берилган ваъдалар бажарилмагани туфайли яна юртни тарк этаяпти.

Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси масъуллари ҳукумат тегишли идораларининг бугунги кундаги асосий вазифаси хориждаги мадрасалардан қайтарилган ёшларни иш жойлари билан таъминлаш ва уларга ўқишни давом эттиришлари учун зарур шароитлар яратиб беришлари лозимлигини таъкидламоқдалар.

Хатлон вилоят миллий хавфсизлик бошқармаси муовини Нусратулло Мирзоев юртига қайтган тожикистонликлар мамлакатдаги ишсизлик ва ўқиш учун шароит йўқлигини рўкач қилиб, турли йўллар билан мамлакатдан чиқиб кетаётганини маълум қилди.

- Улар Россияга ва бу мамлакат орқали ўзлари ўқиган ўша хорижий давлатларга чиқиб кетаяпти. Агар биз жойларда бу ёшларни иш жойлар ва таҳсилини давом эттириши учун имконият яратиб бермасак, улар Тожикистонни бутунлай тарк этади. Натижада улар ўша мамлакатлардаги мухолиф партиялар ва экстремистик гуруҳлар томонидан Тожикистонга қарши тайёрланади. Шуни назарга олган ҳолда, биз қисқа вақт ичида хориждаги мадрасалардан қайтарилган ёшларни иш жойлари билан таъминлаш ва уларнинг таҳсилни давом эттиришлари учун шароит яратиб беришимиз зарур, - деди Миллий хавфсизлик қўмитаси масъули Мирзоев.

Расмийдаги маълумотларга кўра, хориждаги мадрасалардан қайтарилган хатлонликларнинг тахминан 225 нафари Россияда ишлаш баҳонаси билан чет элга чиқиб кетган.

Нусратулло Мирзоев ёшларнинг чет элга чиқиб кетишларига маҳаллий муллалар воситачилик қилаётганини қистириб ўтди.

Тожикистон Бош прокуратураси масъули Юсуфжон Юсуфзода Диний ишлар бўйича қўмита ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги расмийларини ёшлар тақдирига лоқайдликда айблади.

- Биз террор хавфидан бонг уриб, маблағ сарфлаб, ёшларимизни чет элдан қайтардик. Бироқ шуни билингки, Тожикистон учун ундан ҳам хавфлироғи ёшларимизнинг норози бўлиб, такроран юртдан чиқиб кетаётганидир. Нега биз шу кунгача уларни иш жойи билан таъминлаш ва ўқишини давом эттиришлари учун имконият яратиб бермадик, уларнинг мамлакатда қолиб яшашлари учун шароит яратмадик? Ёшларимизнинг мамлакатдан қайта чиқиб кетишлари уларнинг сиёсатимиздан, аҳоли турмуш тарзидан норозилигидан далолатдир. Бу аниқ. Бу хатони тузатиш учун ҳаракат қилишимиз лозим, - деди Бош прокуратура расмийси Юсуфзода.

Шу ўринда эслатсак, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон буйруғи билан ўтган йил декабридан бошлаб хорижда таҳсил олаётган тожикистонликларни ортга қайтариш кампанияси бошланиб кетганди.

Ҳукумат расмийлари ёшларни иш жойлари билан таъминлаш ва уларнинг мамлакат ичкарисида ўқишлари учун барча шароитлар муҳайё қилинишини ваъда қилган эди.

Бироқ, мустақил таҳлилчилар қайдича, ҳукумат ўз ваъдасининг устидан чиқмади.

Расмийларнинг ёшлар тақдирига лоқайдлиги, таҳлилчиларга кўра, ёшларни шундай йўл тутишга мажбур қилган.

Хориждаги таҳсили тўхтатилиб, Тожикистонга қайтарилганлардан республика бўйича неча киши қайта чет элга чиқиб кетгани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Аснода ватанини тарк этаётган ёшларнинг кўпчилиги ортга қайтмасликларини айтмоқда.

Шаҳринав туманида яшовчи Маликахон укаси Собиржоннинг Россия орқали Туркиядаги мадрасага етиб борганига анча кун бўлиб қолганини айтади.

Маликахоннинг айтишича, Собиржон яқинлари билан хайрлашиш чоғида ҳеч қачон ортга қайтмаслигини айтган.

- Қайтишни хоҳламайди, ўқийди. “Бу ерда ислом масаласи бориб-бориб Ўзбекистондек бўлиб қолади. Намоз ўқигани қўймайди, босим ўтказади. Ана шунинг учун мен бошқа қайтмайман, Туркияда қолиб кетаман”, деди укам, - дейди Маликахон.

Дин соҳасида мустақил таҳлилчи Худойберди Эгамбердиев қайси соҳада ўқиган бўлишидан қатъий назар, чет элда таълим олиб қайтганларга мамлакат ичкарисида иш берилмаслигини айтади. Таҳлилчига кўра, республика масжидлари ва диний таълим даргоҳларида уларга ўрин йўқ.

- “Четда ўқиб келганларга мана шу идорада иш бор” деган гап йўқ бу ерда. Масжидларимизда ишлаётган баъзи имомларимиз, саводсиз бўлишига қарамай, ишлаб юрибди. Лекин четда ўқиб келган саводли болаларни уларнинг ўрнига қўймайди ҳеч қачон. Ҳукумат нима деса, ўшанинг чизиғидан чиқмайдиган, бошлиқларнинг айтганини сўзсиз бажарадиган бўлса, ишлайди, - дейди мустақил таҳлилчи Худойберди Эгамбердиев.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган 6 ой ичида чет элдаги мадрасаларда ўқиб келган 6 ёшдан 30 ёшгача бўлган 1500 ортиқ тожикистонлик ватанига қайтарилган.
XS
SM
MD
LG