Линклар

logo-print

Беларус режими қарсакларга чидай олмади


3 июл куни Беларус бўйлаб ўтказилган тинч намойишлар иштирокчилари жазоланмоқда.

3 июл куни Беларус бўйлаб ўтказилган тинч намойишлар иштирокчилари жазоланмоқда.

Беларус расмийлари ҳукуматга қарши тинч намойишда иштирок этган 140 фаолни қисқа муддатли қамоқ жазоларига маҳкум қилди. Якшанба куни мамлакат бўйлаб Минск режимига норозилигини қарсак чалиш билан билдирган намойишлар полиция томонидан куч билан тарқатилган пайтда 400 га яқин одам ҳибсга олинган эди.


Беларуслик ҳуқуқ фаоллари аксил-ҳукумат намойишларда иштирок этганларнинг камида 140 нафари қисқа муддатли қамоқ жазоларига ҳукм қилинганини айтишмоқда.

Минскдаги "Весна" ва вилоятлардаги бошқа ҳуқуқ ташкилотларига кўра, 100 киши пойтахтда, қолганлар фаоллар Брест, Гомел ва Могилёв шаҳарларида суд қилинган. Уларга икки кундан ўн беш кунгача бўлган қамоқ жазолари берилган, ҳибсдан озод этилган фаоллар эса бир миллион Беларус рубли (200 АҚШ доллари) миқдоридаги жаримага тортилган.

Мамлакат бўйлаб яна 200 га яқин иш судда кўриб чиқилмоқда.

Қамалганлар ўтган якшанба куни президент Александр Лукашенка режимига ўз норозилигини қарсак чалиш билан билдирган намойишлар полиция томонидан тарқатиб юборилган пайтда ҳибсга олинган 400 киши орасида бўлган.

Норозилик акциялари Интернетда фаолият юритаётган Ижтимоий Тармоқ Орқали Инқилоб номли виртуал мухолифат гуруҳи томонидан уюштирилди. Бу гуруҳ одамларни якшанба куни Мустақиллик байрамини нишонлагани кўчага чиқиб, тинч намойишда иштирок этишга чақирди.

Бироқ бу намойишлар полиция томонидан куч билан бостирилди. Уларни тарқатиш учун кўз ёш чиқарувчи газ ва тўқмоқлар ишга солинди. Гувоҳларнинг айтишича, фуқаролик кийимидаги хавфсизлик ходимлари ўнлаб одамларни машиналарга солиб, олиб кетган.

Беларус давлат телевидениесига кўра, намойишчиларнинг аксарига жамоат тартибини бузганлик ва руҳсат этилмаган намойишда иштирок этганлик айблари қўйилган.

Беларус ғарбидаги Гродно шаҳрида воқеаларни ёритаётган Озодлик мухбири Михал Карниевич ҳам ҳибсга олинди. У кейинчалик қўйиб юборилди, лекин 6 июл куни унинг устидан суд ўтказилади. Озодлик радиоси билан ҳамкорлик қиладиган яна бир неча журналист ҳам воқеаларни ёритаётган пайтда полиция томонидан олиб кетилди. Улардан бирининг фотоаппарати синдирилди.

Намойишларнинг куч билан бостирилиши Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ва Европа Иттифоқи томонидан қораланди.

Сешанба куни эълон қилинган баёнотда ЕХҲТ “Беларус расмийларининг ўз фуқароларига нисбатан зўравонликни қўллашда давом этаётгани хусусида жиддий ташвиш ва таассуф” билдирди.

“Беларус ҳукуматини ҳибсга олинганларни озод этиш ва тинч фуқароларга нисбатан зўравонлик қўллашдан тийилиш ҳамда фундаментал инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат кўрсатишини талаб қиламан”, деди ЕХҲТ раиси Аудрониус Азубалис.

Европа Парламенти раиси Ержи Бузек ҳам ҳибсга олинган намойишчиларни дарҳол ва ҳеч бир шартсиз озод этишга чақирди.

Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазири Кэтрин Эштоннинг матбуот котиби Майя Косянчич Озодлик билан суҳбатда иттифоқ Беларусдаги воқеаларни “жиддий ташвиш” билан кузтаётганини баён қилди.

- Биз Минск ва Беларуснинг бошқа шаҳарларида норозиликларнинг тинч иштирокчилари, жумладан журналистларнинг қаттиққўллик билан ва номутаносиб куч ишлатган ҳолда тарқатиб юборилишини қоралаймиз. Ва Беларус расмийларини ўз фуқароларининг мамлакатдаги вазият хусусида қарашлари, ташвишлари ва норозиликларини эркин билдириш ҳуқуқларини ҳурмат қилишга чақирамиз, деди ЕИ расмийси.

“Европанинг сўнгги диктатори” номи билан танилган Лукашенка Беларусни 17 йилдан бери қаттиққўллик билан бошқариб келади. Унинг ўтган декабрда қайта сайланиши мамлакатда норозиликларга сабаб бўлди.

Мухолифатнинг ўнлаб фаоллари қамоққа ташланди. Улар орасида Лукашенканинг сайловлардаги асосий рақиби Андерй Санников ҳам бор. Собиқ дипломат Санников беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Сешанба куни Польшада чиқадиган “Gazeta Wyborcza” газетасининг Беларусдаги мухбири Андрей Подзобутга шартли равишда уч йил қамоқ жазоси берилди. Журналистнинг адвокати Озодлик билан суҳбатда Подзобутдан президентни ҳақорат қилганлик айбловлари олиб ташлангани, лекин у ўз мақолаларида туҳмат қилганликда айбдор деб топилди, дея маълум қилди. Журналист Гродно шаҳридаги маҳкамада ҳукм ўқиб эшиттирилганидан кейин суд залидан озод қилинди.

Маҳкама тугагач ҳамкасблари билан мулоқот чоғида Андрей Подзобут ўзининг озод этилиши ғарб ҳукуматларининг декабр ойидаги сайловлардан кейин норозилар, фуқаролик жамияти ва журналистларни таъқиб қилиб келаётган Лукашенка режимига нисбатан қўллаган санкциялари махсули бўлганини тахмин қилди.

- Менимча, бу режимга нисбатан босимнинг натижасидир. Буни Лукашенка режимига нисбатан қўлланилган иқтисодий санкцияларнинг дастлабки натижаси, деб ҳисоблайман, деди журналист.

Журналист Подзобут ҳам сайловлардан кейинги норозилик намойишларида иштирок этгани важидан икки ҳафта қамоқда ўтириб чиққан.
XS
SM
MD
LG