Линклар

logo-print

Медведев Магнитский ўлимига жиноий ҳаракат сабаб бўлганини тан олди


Сергей Магнитский 2009 йилда қамоқда вафот этган.

Сергей Магнитский 2009 йилда қамоқда вафот этган.

Россиялик ҳуқуқ фаоллари Hermitage Capital жамғармаси юристи Сергей Магнитскийнинг ўлими учун терговчилар, қамоқ расмийлари ва шифокорлар масъул, деган хулосага келди.

37 ёшли Магнитский 2009 йилда қамоқда вафот этган эди. У ҳукумат расмийлари ноқонуний схемалар воситасида Hermitage Capital жамғармаси тўлаган солиқлардан 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги пулни ўзлаштирганини ошкор қилиш ниятини билдирганидан кейин, солиқдан бўйин товлаганлик айби билан ҳибсга олинган эди.

Россиялик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиларидан иборат комиссия ўтказган тергов натижалари сешанба куни Налчик шаҳрида президент Дмитрий Медведевга топширлди.

Мустақил тергов ўтказган комиссия аъзоларидан бири Валерий Боршчев Рейтерсга берган интервьюсида Магнитский калтаклаб ўлдирилгани ҳақида хулоса қилинганини маълум қилди.

- Бу ерда тиббий ёрдамнинг кўрсатилмагани, унга ҳалақит берилгани, яъни яшаш ҳуқуқининг бузилгани аниқ кўриниб турибди ва шифокорлар бунинг учун жазоланиши керак. Лекин асосийси Магнитскийнинг калтакланиши бўлган. Мен қамоқ нозирларининг уни ўлдириш ниятлари бўлган, деб ҳисобламайман, менимча улар буйруқни бажаришган, бу бизнинг тахминимиздир. Лекин у организми заифлашгани ва саломатлиги ёмонлашгани оқибатида ҳалок бўлган, деди ҳуқуқ фаоли.

Медведев Магнитскийнинг ўлимига жиноий ҳаракатлар сабаб бўлгани ҳақидаги фикрларга қўшилиши ва ҳисоботни ўрганиб чиқиб тегишли чоралар кўрилиши тўғрисида буйруқ берганини айтди.

Душанба куни Федерал тергов қўмитаси тиббий ёрдамнинг кўрсатилмагани Магнитский ўлимининг “бевосита сабаби” эканини илк бор тан олди.
XS
SM
MD
LG