Линклар

logo-print

Қирғизистон Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегараларини қўриқлашни кучайтиргани ҳақида мамлакат Чегара хизмати маълум қилди.

Қирғизистон Чегара хизмати раҳбари Закир Тиленовнинг 6 июл куни Бишкекда ўтказилган матбуот анжуманида мамлакатга асосий хавф Афғонистондан бўлиши мумкинлигини айтди. Тиленовга кўра, Афғонистондаги вазият мураккаблашуви билан турли қуролли гуруҳларнинг Қирғизистон тоғли ҳудудларига қочиб ўтиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Чегаранинг кучайтирилган тарзда назорат қилиниши асосий сабаби ҳам мана шунда.

Қирғизистон Чегара хизмати раҳбари тажриба ёз мавсумида чегарада турли ноқонуний ҳолатлар кўпайишини кўрсатганини ҳам айтиб ўтди. Бу эса ўзбек-қирғиз ва қирғиз-тожик чегараси кучайтирилган тарзда қўриқланишининг иккинчи сабабидир.

- Чегарачилар томонидан 2011 йилнинг биринчи ярим йиллигида чегарани бузган 155 одам, чегара тартибини бузган 59 одам қўлга олинди. Битта қурол яширилган жой топилди. 7 та ўқотар қурол ва 55 та турли калибрдаги ўқ-дори мусодара қилинди. 47 та контрабандачи қўлга олинди. Чегарада 23 та нохуш ҳодисанинг олди олинди. Шуларнинг ҳаммаси чегарани кучайтирилган тарзда қўриқлашга сабаб бўлмоқда, - деди Закир Тиленов.

Қирғизистон чегара хизмати бошлиғи Зокир Тиленов

Айни пайтда Тиленов Ўзбекистон ўз чегараларини бир томонлама ёпиб қўйгани муносабати билан ўзбек-қирғиз чегарасида контрабанда ва чегара бузиш ҳолатлари кўпайганини, чегарачилар бу кўринишларга қарши жиддий курашаётганини маълум қилди.

Қирғизистондаги бир қатор нодавлат ташкилотлари ҳам Ўзбекистон бир ярим йилдан бери чегарани очмаётгани муносабати билан чегара ҳудудида ноқонуний ҳолатлар, жумладан, контрабанда маҳсулотларини олиб ўтиш кўпайганини, бундан эса ўзбек ва қирғиз чегарачилари моддий манфаат топаётганларини эътироф этадилар.

- Чегара ёпиқ бўлгани билан турли йўллар орқали чегаранинг икки тарафига маҳсулотлар олиб ўтилаяпти. Чегарадан яширин йўл билан ўтиш учун бир одам 100 қирғиз сўми, яъни 2,5 доллар, маҳсулот олиб ўтиш учун эса 300 сўм, яъни 7,5 доллар миқдорида пора беради. Юк машиналарида маҳсулотлар олиб ўтувчилар, албатта, кўпроқ пул беришади, -дейди Ўшдаги Халқаро тадбиркорлик кенгаши ижрочи директори Актилек Тунқатаров.

Аммо “ҳар ёмонликда бир яхшилик бор” деганларидек, Ўзбекистон чегарасини бир томонлама ёпиб қўйгандан сўнг ўзбек чегарачилари томонидан қирғиз фуқароларига нисбатан ўқотар қурол қўллаш содир этилмаган.

Қирғизистон Чегара хизмати раҳбари Закир Тиленовнинг айтишича, жорий йилда аввалги йиллардаги каби ўзбек чегарачилари томонидан қирғиз фуқароларига қарата ўқ узиш, ноқонуний хатти-ҳаракатлар, Қирғизистон фуқароларининг Ўзбекистон чегарасидаги миналардан жабрланиши каби ҳолатлар қайд этилмаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG