Линклар

Авиаҳалокатда ўзбекистонликлар нобуд бўлди


Россиянинг ИЛ-76 русумидаги юк ташувчи самолёт.

Россиянинг ИЛ-76 русумидаги юк ташувчи самолёт.

Афғонистонда ҳалокатга учраган Ил-76 русумидаги юк ташувчи самолёт экипажи орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор.



Хабарларига кўра, Озарбайжоннинг “SilkWay” авиаширкатига қарашли самолёт чоршанбага ўтар кечаси тоғга урилиб ерга қулаганидан сўнг ёниб кетган.

Озодлик боғланган SilkWay ширкати расмийси Афғонистонда ҳалокатга учраган самолётнинг нобуд бўлган экипаж аъзоларидан тўрт нафари ўзбекистонликлар эканини айтди.

- Экипаж тўққиз аъзодан иборат бўлган. Улардан тўрт нафари ўзбекистонликлар. Биз экспертиза комиссиясини туздик. Улар Афғонистонга жўнаб кетади. Ҳозирча бу тўғрида бошқа ҳеч нарса айта олмаймиз, - деди ўз исмини айтмаган ширкат вакили.

Афғонистоннинг Парван вилояти ҳокими Башар Саланги айтганига асосланиб Озарбайжондаги Тренд ахборот агентлигининг хабар қилишича, ҳалокатга учраган самолётнинг қора қутиси топилган.

Саланги учувчилар жасадлари куйиб кетгани боис уларнинг шахсини аниқлаш имконсиз эканини маълум қилган.

Айни пайтда SilkWay ширкатининг расмий сайтида самолёт экипаж аъзоларининг исм-шарифлари эълон қилинди. Улар:

1. Кузьмин Сергей Викторович-капитан (Ўзбекистон)
2. Моршихин Олег Дмитриевич-иккинчи учувчи (Озарбайжон)
3. Чжен Игорь Александрович-штурман (Ўзбекистон)
4. Шатобин Владимир Геннадьевич (Ўзбекистон)
5. Хўжаев Аҳмаджан Каримович (Ўзбекистон)
6. Маҳмудов Эльнур Арастун ўғли (Озарбайжон)
7. Гахраманов Таптыг Агамаммад ўғли (Озарбайжон)
8. Рагимов Афган Аваз ўғли(Озарбайжон)
9. Гусейнов Мехман Джафаров ўғли(Озарбайжон)

Афғонистоннинг Парван вилояти маъмурияти расмийси Абдулҳалим Мужаддадий самолёт жанггарилар томонидан уриб туширилгани ҳақидаги толиблар баёнотини рад қилди.

НАТО етакчилигидаги халқаро кучлар матбуот вакили, Британия армияси майори Тим Жеймс коалиция кучларига тегишли бўлмаган Ил-76 самолёти денгиз сатҳидан 3,800 метр баландликда, тоғли минтақада ҳалокатга учраганини билдирди.

Озарбайжон Фуқаро авиацияси вакили ҳалокат рўй беришидан олдин самолётда техник нуқсон борлиги тўғрисида экипаж аъзоларидан маълумот олинмаганини билдирди.

Унга кўра, самолёт техник жиҳатдан соз бўлган ва жорий йилда икки марта техник кўрикдан ўтган.

Маълумотлрга кўра, озарбайжонлик авиаторлар Афғонистондаги халқаро коалиция кучлари билан шартнома асосида Афғонистонга гуманитар юкларни етказиш билан шуғулланган.
XS
SM
MD
LG