Линклар

logo-print

Вилоятдан келган абитуриентлар сарсон

  • Абдулла Искандар

Вилоятдан келган абитуриентлар ҳужжатлари турли баҳоналар билан қабул қилинмаëтир.

Вилоятдан келган абитуриентлар ҳужжатлари турли баҳоналар билан қабул қилинмаëтир.

Вилоятдан келганларни Тошкент олийгоҳларига қабул қилмаслик ҳақида расмий низом бўлмаса-да¸ улар ҳужжатлари олинмаëтир.



Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига 2011- 2012 ўқув йили учун қабул тўғрисида қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Президенти 4 июл куни имзо чеккан PQ-1564 унвонли қарор¸ ўзбек абитуриентлари ва уларнинг ота-оналари орасида тарқалган кўп саволларга бир қадар ойдинлик киритди.

Қарордан Ўзбекистон олий ўқув юртларидаги давлат гранти асосида бериладиган талабалик ўрни қисқаргани маълум бўлди.

Ўзбекистон Олий таълим вазирлиги мутахассисига кўра¸ давлат грантлари бултургига қараганда 2 фоизга қисқарган.

Қарорда мамлакатнинг чекка ҳудудларидаги олий ўқув юртлари “ролини ошириш” деган жумла ҳам бор. Бу жумла қабул мавсуми арафасида талабалар ва Тошкент аҳолиси орасида “Вилоятдан келганлар Тошкентдаги олий ўқув юртига қабул қилинмас экан деган” миш-мишларда асос борлигини кўрсатди.

Қарор иловаси эса¸ қайси мутахассисликка қанча талаба қабул қилинишини аниқ ифодалайди.

Қарор ижроси Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиëев зиммасига юклатилди.

Рақамлардаги манзара

2011-2012 ўқув йилида Ўзбекистон олий ўқув юртлари 62 минг 600 нафар талаба қабул қилади. Яна ҳам аниқроқ айтсак¸ 56 минг 607 бакалавр ва 5 880 магистр учун ўрин ажратилди. Яна 115 талаба сиртдан таълим олиши мумкин.

Бултурги қабул билан солиштириш учун Ўзбекистон Олий таълим вазирлиги Олий ўқув юртлар бошқармасига телефон қилдик.

Ўзини бошқарма бошлиғи Иномжон Мажидовнинг ëрдамчиси деб таништирган мулозим баъзи маълумотларни Озодлик билан баҳам кўрди.

- Бу йил биринчи курсга кираëтган талабалар (бакалаврлар ) сони ўзгармади. Бултур 56 минг 507 эди¸ бу йил ҳам шунча. Магистрлар учун квота бу йил бир оз ошди. Бултур 5856 эди бу йил 5880. Давлат грантлари қисман камайди. 2011-2016 йилга қадар республика Олий ўқув юртларига барча йўналишлар бўйича давлат гранти ажратилган 35 фоиз талабалик ўрни 33 фоизга камайтирилди.

Озодлик билан суҳбатда мулозим баъзи факултетлар қисқаргани ва вилоятларда ўқиш квоталари оширилганини ҳам айтди.

Инглиз тилига иштиëқ

Ўзбекистондаги барча ўқув юртларида энг кўп талаба қабул қилинадиган соҳа инглиз тили экани қарор иловасидан маълум бўлди. Ўзбекистон бўйлаб олий ўқув юртларда 2450 абитуриент инглиз тили факултетига ўқишга киради.

Айни пайтда 1360 талабалик ўрни ўзбек тили учун¸ 530 ўрин эса рус тили ва адабиëтига ажратилган.

Шунингдек ўзбек олийгоҳларида тожик¸ қозоқ¸ қирғиз¸ корейс ва мандарин тили мутахассислари ҳам етиштирилади.

Тарғиботчи касби

Ўзбек миллий мафкураси тарғиботчиси бўлиш учун ҳам олий ўқув юртини хатм қилиш керак.

Ўзбекистон олий ўқув юртларида “Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари “ факулететларида 2011-2012 йилларда 525 “мутахассис” тайëрланади. Бу мутахассислар туман¸ вилоят ҳокимиятлари¸ ҳарбий қисмларда “режим” тарғиботини таъминлайди.

“Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари “ деб аталган “ўзбекча Руҳнома” дарси барча факултетлар талабалари учун мажбурий ҳисобланиб¸ давлат имтиҳонлари рўйхатига кирган.

2011 -12 ўқув йилида 15 нафар талаба ахборот хавфсизлиги соҳасида магистр бўлади.

Бу талабалар расмий Тошкент назарида исталмаган ахборот тизимларини тўсиш услубларидан таҳсил олишади.

Талабаларсиз Тошкент

Ўзбекистон президенти 4 июл куни имзо чеккан қарорда¸ мамлакатнинг чекка ҳудудларидаги олий ўқув юртлари “ролини ошириш” деган жумла бор.

Олий таълим вазирлиги мулозимлари ва Тошкент олий ўқув юртлари қабул комиссияси ҳодимлари бу жумлани “вилоятдан келганлар қабул қилинмасин” деган мазмунда талқин қилишмоқда.

Фароғат исмли қизини ўқишга (Миллий университетга) киргизиш учун Хоразмдан Тошкентга келган ота билан суҳбатдан шундай хулоса чиқди.

- Аввалига мутлақо қабул қилмаймиз¸ вилоятдагилар вилоятда ўқисин¸ деб эшикдан қайтаришди. Мен маҳкам турдим. Қани ҳужжат дедим. Кейин улар олдин бориб вақтинча пропискага туринг¸ кейин ҳужжатларни қабул қиламиз¸ дейишди. Вақтинча прописка тақиқланибди. Кейин борсам прописка бўлмаса мумкин эмас¸ деб туриб олишди. Мен яна талаб қилсам¸ Каримов шунақа қарор қабул қилди. Регионларда олий таълим ривожланиши керак¸ деб туриб олишди.

Қабул мавсуми арафасида талабалар ва Тошкент аҳолиси орасида “вилоятдан келганлар Тошкентдаги олий ўқув юртига қабул қилинмас экан деган” миш-мишлар тарқаган эди.

Интернетдаги Uznewsnet нашри Ўзбекистон Олий ва ўрта таълим вазирлиги¸ вилоятдан келганларнинг ҳужжатлари олий ўқув юртларига қабул қилинмасин¸ деган оғзаки “ тавсия” бергани ҳақида ëзди.

Ўзбекистон Олий ва ўрта таълим вазирлигининг ўзини Сардор деб таништирган мулозими¸ вилоятдан келганларнинг ҳужжатлари Тошкент олий ўқув юртларига қабул қилинмасин¸ деган гап асоссиз эканлигини айтди. Сардорга кўра олий ўқув юртларига қабул қилиш борасидаги қонун-қоида ва йўл йўриқларга ўзгариш киритилмаган.

Мирзо Улуғбек номли Ўзбекистон Миллий университети ректори ëрдамчиси¸ ўзини Людмила деб таништирган суҳбатдош назарида “вилоятдан келган¸ абитуриентлар ҳужжатларини қабул қилмаслик” деган жумла¸ моҳиятан қабул қилиб бўлмайдиган даражада нотўғри.

- Биз республика олийгоҳимиз. Республиканинг қайси бурчагидан келган бўлмасин¸ барча учун эшигимиз очиқ. Олий ўқув юрти бир шаҳар учун эмас¸ балки бутун республика ўқув масканидир. Қолаверса¸ Ўзбекистон фуқароларининг эркин ҳаракатланиш ва таълим олиш ҳуқуқи бор. Яна бир бор такрорлайман вилоятдан келганларга Миллий университетимизда ҳеч қандай чеклов йўқ¸ деди Миллий университет расмийси.

Аммо олий ўқув юртлари мулозимларининг “уйдаги гапи-кўчага” тўғри келмаяпти.

Чеккадаги олий ўқув юртларини ривожлантириш ҳақида гапирилаëтган бир паллада¸ Ангрендаги Педагогика институтининг тугатилаëтгани маълум бўлди.

Тошкентни талабаларсиз шаҳарга айлантириш ғояси 1992 йил январида юз берган студентлар исëнидан кейин ўртага чиққан эди.

Талабалар исëнидан қўрққан Ислом Каримов¸ ҳар бир вилоятда университетлар очиш тўғрисида қарор қабул қилди. Тошкентга вилоятдан келган талабалар ўз ўқишларини вилоятда давом қилдириши учун махсус автобус ва учқичларда бир ҳафта ичида уйларига еткизилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG