Линклар

Ўзбекча иқтисодий ўсиш: xуфя иқтисод+муҳожир пули?

  • Замира Шукур

Мутахассислар фикрича¸ Ўзбекистон каби ривожланаëтган давлатлар умум иқтисодининг ярмидан кўпроғига қадар хуфя иқтисод ташкил қилади.

Мутахассислар фикрича¸ Ўзбекистон каби ривожланаëтган давлатлар умум иқтисодининг ярмидан кўпроғига қадар хуфя иқтисод ташкил қилади.

Ўзбекистон расмийлари¸ мамлакатда ялпи ички маҳсулот ўсишининг келаси беш йилда 1¸5 бараварга ошишидан гапирмоқда.


Ўзбекистон иқтисодий тадқиқотлар маркази мутахассисларининг мамлакат тараққиëт истиқболларига оид ҳисоблаган тадқиқотига кўра¸ 2011-2015 йилларда Ўзбекистондаги ялпи ички маҳсулот ( ялпи ички маҳсулот – мамлакатда ишлаб чиқарилган товарлар ва хизматларнинг пулдаги қиймати - таҳр.) ҳажми 1¸5 бараварга ошади. Хусусан¸ саноат ўсиши 1¸6 баравар¸ қишлоқ хўжалик секторидаги ўсиш эса¸ 1¸3 бараварга кўтарилади¸ транспорт ва маиший хизматлар ҳажми 2¸5 бараварга ошади¸ мамлакатга кирадиган сармоя миқдори 77¸4 миллиард АҚШ долларига етади.

Расмий Тошкент даъвосича¸ 2010 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажми 8¸5 фоизга ўсган. Ўзбекистон расмийлари¸ айни пайтда Осиë тараққиëт банки ва Европа тикланиш ва тараққиëт банки мутахассислари 2011-2012 йилларда ўсиш даражасининг 8¸5 фоиз атрофида бўлишини тахмин қилмоқдалар.

Ўзбекистон давлат статистикасининг мамлакатдаги иқтисодий ўсиш ҳақидаги баëнотлари¸ мустақил экспертлар¸ қолаверса оддий ўзбекистонликлар томонидан кучли шубҳа билан қарши олинади. Мамлакат иқтисодининг асосий тармоқлари¸ қолаверса давлат бюджети¸ экспорт ва импорт ҳажми¸ инфляция ва ишсизлик даражаси ҳақидаги асл рақамларнинг жамоатчиликдан бекитилиши¸ ана шундай шубҳаларни озиқлантириб келмоқда.

Аммо Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ мутасаддиси¸ ҳозирда Остонадаги Евроосиë бозор институти декани¸ иқтисод фанлари номзоди Сапарбой Жубаев ўзбек иқтисодининг ўсиш суръатларига оид расмий рақамларга гумон қилмаслигини айтади.

Сапарбой Жубаев: Бу йил ўсиш проценти ўсган бўлса¸ келаси йил у яна ўсади. Бу сложный процент дейилади ва агар ўсиш 8 фоиздан бўлса¸ беш йилда ўсиш 55 фоиз бўлади. 55 фоиз эса¸ бир ярим баравардан кўпроқ. Агар Ўзбекистон иқтисоди¸ ҳар йил 7-8 фоиздан ўсадиган бўлса¸ ялпи ички маҳсулотнинг беш йиллик ўсиши бир ярим бараварни ташкил қилади. Бу оддий арифметика ва бунинг тўғрилигига гумон келтириш керак эмас.

Озодлик: Ўзбекистон иқтисоди¸ унинг асосий кўрсаткичи саналмиш ялпи ички маҳсулот ниманинг ҳисобига ўсмоқда?

Сапарбой Жубаев: Энди бунинг сабаблари кўп. Аммо асосийси¸ бу экстенсив ўсиш. Яъни Ўзбекистондаги экономиканинг ўсиши аҳолининг ўсиши билан баҳонинг ўсишига асосланган ва бу экстенсив ўсишдир. Хоҳлайсизми¸ хоҳламайсизми¸ жаҳонда озиқ-овқат маҳсулотлари¸ энергетика ресурслари нархининг ўсиши Ўзбекистонда ҳам бу нархларнинг ошишига олиб келади. Айни пайтда¸ бу маҳсулотлар истеъмолчиси¸ яъни Ўзбекистон аҳолиси ҳам ўсиб бормоқда. Шунинг ҳисобига Ўзбекистон иқтисодининг ҳажми¸ табиий суратда ўсади. Шунинг учун Ўзбекистонда иқтисодий ўсишнинг йилига 7-8 фоизни ташкил қилишига ишонса бўлади. Ўзбекистон иқтисодига оид асосий кўрсаткичлар сир тутилгани боис¸ бу рақамларга кўпчилик¸ хусусан хориж иқтисодчилари шубҳа билан қарайди. Лекин мен ўз тажрибамдан келиб чиқиб¸ Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш борлигини биламан.

Озодлик: Агар мамлакатдаги ялпи ички маҳсулот ҳажми муттасил ўсаëтган бўлса¸ бу ўсиш халқ фаровонлигида ҳам акс этиши керак¸ тўғрими? Ялпи ички маҳсулот ўсиши билан аҳоли турмуш даражасининг кўтарилиши ўртасида тўғридан-тўғри алоқадорлик борми ўзи?

Сапарбой Жубаев: Умумий боғлиқлик бору¸ лекин мен аввал айтганим каби¸ икки хил – экстенсив ва интенсив ўсиш бор. Агар аҳоли сони ошмай туриб¸ ялпи ички маҳсулот ўсаëтган бўлса¸ бу интенсив ўсиш дейилади ва бунда ялпи ички маҳсулот аҳоли жон бошига тақсимланганда ҳам ўсишга олиб келади. Аммо экстенсив ўсишда¸ ўсиш асосан аҳоли сонининг ўсиши ҳисобига бўлгани боис¸ унинг жон бошига тақсимлангандаги қиймати ўзгаришсиз қолаверади.

Ўзбекистондаги ўсиш¸ боя айтганим каби¸ интенсив эмас¸ балки экстенсив. Ўзбекистонда бугун интенсив ўсиш борми-йўқми¸ бу жуда муҳим масала. Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ўсиб бораëтгани ҳар бир оила¸ ҳар бир корхона ҳаëтига ижобий таъсир қилаяптими-йўқми¸ бунга жавоб бериш қийин.

Озодлик: Бугун Ўзбекистонда давлатнинг макроиқтисодий кўрсаткичлари¸ ҳукумат таъкидича¸ ўсиб бормоқда. Айни пайтда¸ ишсизлик¸ қимматчилик¸ иқтисодий вазиятнинг оғирлашгани ҳақидаги шикоятларга қарамай¸ аҳоли турмуш тарзида ҳам сезиларли ўсиш кўзга ташланади – бугун Ўзбекистоннинг шаҳару қишлоқларида асосан хориждаги меҳнат муҳожирлари юбораëтган пуллар ҳисобига янги уй қураëтган¸ янги машина олаëтган¸ катта-катта тўйу маърака қилаëтган ўзбекистонликлар сони ҳам кўпаймоқда. Бир қарашда¸ бир-бирига параллел икки иқтисод – расмий¸ яъни очиқ ва норасмий¸ яъни хуфя иқтисод ривожланаëтгандек. Бу иккаласи ўртасидаги алоқадорлик қандай ва у Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ўсишини ҳисоблашга қанчалик таъсир қилади?

Сапарбой Жубаев: Бу нарса ривожланаëтган иқтисодларнинг ҳаммасида бор. Русчада теневая экономика¸ ўзбекчаси қоронғу иқтисод бўлган сиз айтган иккинчи параллел иқтисод ривожланаëтган давлатларнинг ҳаммасида бор. Бу ҳисобга олинмайдиган¸ солиққа тортилмайдиган¸ статистикага тушмайдиган иқтисоддир. Масалан¸ Ўзбекистонда уйида мол боқиб¸ уни бозорга чиқариб сотиш орқасидан тирикчилик қиладиган оиланинг даромади ҳеч қаерда кўрсатилмайди. Ëки ерида етиштирилган мева-сабзавотини Қозоғистон ë Россияга олиб бориб сотиб¸ пулини белига тугиб қайтиш ҳам хуфя иқтисод. Чунки бу ҳеч қаерда ҳисобга олинмайди¸ Ўзбекистон расмий иқтисодига қўшилмайди¸ солиққа тортилмайди. Нобел мукофоти лауреати¸ перулик иқтисодчи Саконинг айтишича¸ ривожланаëтган давлатларда хуфя иқтисоднинг мамлакат иқтисодидаги улуши учдан бир қисмидан¸ ярми ва ундан кўпигача бўлиши мумкин. Бу ҳукуматларнинг иқтисодий сиëсатига боғлиқ. Мамлакат иқтисоди ривожланган сайин¸ хуфя иқтисод улуши камайиб бораверади. Энди ялпи ички маҳсулот ҳажми ўсишига хуфя иқтисоднинг таъсири масаласига кесак¸ шубҳасиз унинг кучли таъсири бор.

Озодлик: Демак¸ расмий иқтисод билан норасмий¸ хуфя иқтисод ўртасида бевосита боғлиқлик бор?

Сапарбой Жубаев: Албатта бор. Масалан¸ расман қайд этилмаган нақд пулга эртага уй қуради¸ меҳмонхона қуради ëки йўл қуради. Эртага бу пуллар товар ва хизматлар учун тўланади ва банкка тушади. Яъни теневой иқтисод очиқ иқтисодга ўтишга мажбур бўлади.

Озодлик: Бугун Ўзбекистонда хорижга чиқиб ишлаëтган меҳнат муҳожирлари норасмий ҳисоб-китобга кўра¸ 5 миллиондан 8 миллионгача боради. Баъзилар бугун бу рақамни 10 миллионга яқинлашиб қолганини айтади. Бундан уч йил аввал қилинган энг камтар ҳисоб-китобга кўра¸ меҳнат муҳожирларининг бир йил ичида Ўзбекистондаги ўз оиласига юборадиган маблағи 8 миллиард АҚШ доллари атрофида чамаланган эди. Меҳнат муҳожирларининг Ўзбекистонга сурункали юбораëтган бу пулларини мамлакатдаги иқтисодий ўсиш мотори¸ деб айтса бўладими?

Сапарбой Жубаев: Мен буни мотор демаган бўлардим. Меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга юбораëтган пуллар ҳисобда бор ва бу пуллар тўлов баланси деган статистикадан ўтади. Чунки муҳожирлар бугун ўз пулларини асосан банк орқали юборади. Бу хуфя иқтисод эмас. Ҳукумат бу пулларни тийинигача билади. Менинг маълумотим бўйича¸ бу 5 миллиард доллар ва бу Ўзбекистон учун жуда катта маблағ. Агар Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти 40 миллиард доллар атрофида дейилса¸ унинг саккиздан бири четдан келаяпти дейиш¸ бу жуда катта нарса!

Шунинг учун саккиздан бири иқтисоднинг мотори бўла олмайди¸ мотор Ўзбекистоннинг ўз иқтисоди. Лекин четдан келаëтган пуллар аҳоли уй хўжалигининг ривожланишига жуда катта таъсир қилмоқда ва ялпи ички маҳсулотнинг ўсишига ҳам тўғридан-тўғри таъсир қилмоқда. Айни пайтда¸ меҳнат муҳожирлари юбораëтган пуллар норасмий¸ хуфя иқтисодни ҳам ривожлантираëтган кучли омил бўлиб қолмоқда.
XS
SM
MD
LG