Линклар

logo-print

Ўзбекистон дори бозори: ўзимизникими¸ хорижники?

  • Садриддин Ашур

Қиммат бўлса-да¸ Ўзбекистон аптекаларида хориж¸ айниқса Европда ишлаб чиқарилган дориларнинг харидоргирлиги айтилади.

Қиммат бўлса-да¸ Ўзбекистон аптекаларида хориж¸ айниқса Европда ишлаб чиқарилган дориларнинг харидоргирлиги айтилади.

Озодлик суҳбатлашган мутахассисларга кўра¸ ўзбекистонликлар ҳамон хорижда чиқарилган дориларга кўпроқ ишонади.


Ўзбекистонда дори-дармон ишлаб чиқаришга ихтисослашган хорижий фармацевтик фирмалар ва маҳаллий корхоналар сўнгги ўн йилда 661 фоизга кўпайди. Агар 2001 йилда Ўзбекистонда ихтисослашган хорижий фармацевтик фирмалар ва маҳаллий корхоналар сони 207 та бўлган бўлса, 2010 йилга келиб улар сони 1370 тага етди.

Тошкент фармацевтика институти ўқитувчилари Низом Суюнов ва Гўзал Икромованинг Remedium.ru интернет сайтида эълон қилган мақоласида ана шу рақамлар келтирилади. Мақолада ëзилишича, инвестиция дастурларини амалга тадбиқ этиш натижасида Ўзбекистонда сўнгги 10 йилда саккизта дори-дармон ишлаб чиқарувчи корхона фойдаланишга топширилган.

Бироқ Ўзбекистон аҳолисининг эҳтиёжи учун ишлатиладиган дори-дармоннинг қанча фоизи Ўзбекистонда ишлаб чиқарилади, қанчаси хориждан келтирилади, деган саволга жавоб топиш мушкуллигича қолмоқда.

“Ўзфармсаноат” компаниясининг ўзини таништирмаган ходими Озодлик билан суҳбатда бу саволларга жавоб олиш учун компания раиси номига расмий хат билан мурожаат қилишимизни маслаҳат берди.

Маркази Лондонда жойлашган Business Monitor International ахборот ва таҳлил марказига кўра¸ Ўзбекистондаги дори-дармон бозори йилига 10¸37 фоизда ўсишда давом этмоқда ва 2014 йилга бориб ундаги савдо айланмаси 519 миллион долларга етади.

Бу маълумотлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон аҳолиси йилдан-йилга дорихўр бўлиб бораяптимиrкин, деган саволга жавоб излашга ҳаракат қилдик.

Тошкентдаги “OXY-MED” аптекасининг ўзини Гулнора деб таништирган сотувчисига кўра, ўзбекистонликларни "дорихўр" эмасу хорижда ишлаб чиқарилган дориларга ўч, деб айтса бўлади.

- Бизларда кўпроқ хорижда ишлаб чиқарилган дориларни олишади. Биз уларга таклиф қиламиз, мана ўзимизни дорилар ҳам яхши, ҳам арзон, деб. Йўқ, барибир хорижникини кўпроқ сўрашади,- дейди Гулнора.

Унга кўра, аптекадаги дориларнинг тахминан 30 фоизини Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган дорилар ташкил этади, 70 фоизи эса четдан келтирилган.

“Ношир-фарм” фирмасининг ўзини Дилноза деб таништирган фармацевти фикрича, аҳолининг дорига бўлган талаби камайгани йўқ ва асосан антибиотикларнинг бозори чаққон:

- Ўтган йилнинг сентябр ойидан бошлаб, дориларни рецепт орқали сотиш ҳақида қарор чиқди. Шундан сўнг, дорилар рецепт билан сотилаяпти. Бироқ нархлар ҳам кун сайин ошиб бораяпти. Фирмалар қайси дори кўпроқ сотилса¸ ўшанга нархни оширади, буни ўз тажрибамизда кўриб турибмиз. Хориж дорилари қиммат, одамлар пачкалаб эмас, доналаб оладиган бўлиб қолишган,- дейди Дилноза.

Унга кўра, сўнгги пайтда ўзбекистонликлар, айниқса, депрессияга қарши дориларни кўпроқ сотиб оладиган бўлишган:

- Ҳозир бош оғриқ, кўнгилни тинчлантирадиган, айниқса депрессиядан чиқарадиган дориларни жудаям кўп олишяпти. Чунки одамларда асаб бузилиш, стресс ҳолатлари жуда кўп бўляпти. Энди бунинг сабабини ўзингиз биласиз, - дейди Дилноза.

Қашқадарё вилоятидаги қишлоқ амбулатория-врачлик пунктларидан бири шифокори Тоҳир Давлетовнинг айтишича, ҳозир аптекаларда исталган дорини топиш мумкин, бироқ дори-дармон таъминоти текин¸ деб қўйилган касалхона ва поликлиникалардан керакли дориларнинг йўқолганига кўп бўлган:

- Касалхоналар ва поликлиникаларда фақат биринчи ёрдам учун дори-дармон бор. Лекин касалларга бемалол бериладиган дори-дармон йўқ ҳозир. Аслида бу давлат томонидан бепул таъминланиши керак. Мустақил бўлганимиздан сўнг булар йўқолиб кетдику, - дейди шифокор.

Тоҳир Давлетовга кўра, ҳозир аптекаларда Хитойда ишлаб чиқарилган сифатсиз ва арзон дорилар пайдо бўлиб қолган, бироқ одамлар кўпроқ Украинада ва Россияда ишлаб чиқарилган дориларни харид қилмоқда.

Мутахассис ва оддий ўзбекистонликлар фикрича, аптекаларда сотилаётган дорилар сифати ва бу аптекалар фаолияти ҳар доим ҳам қонун талабларига мос келмайди.

Масалан, Uzmetronom.com интернет сайти маълумотига кўра, ўтган йили Ўзбекистондаги аптекалар фаолияти текширилганда, уларнинг учдан бир қисмида қалбаки ва сифатсиз дорилар сотилгани аниқланган.

Ўзбекистонга киритиладиган дори-дармонларнинг бир қисми контрабанда йўли билан олиб ўтилиши айтилади.

Озодлик суҳбатлашган кузатувчилар¸ Ўзбекистонда ҳам аста-секин асосий турдаги антибиотиклар ва бошқа талаб кучли дориларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилаëтганини тилга олдилар.

6 июл куни ЎзА ахборот агентлигининг хабар қилишича¸ Cирдарё вилоятининг Сирдарё туманида дори-дармон ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Темур Мед Фарм” ҳиссадорлик корхонаси иш бошлаган. Айтилишича¸ янги корхонада глюкоза, хлорид натрий, метронидазол каби 9 хил дори ишлаб чиқарилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG