Линклар

Azerfonнинг ҳақиқий хўжайинлари - Лайло ва Орзу


Озарбайжон президентининг ҳам икки қизи бор, улар ҳам шубҳали бизнесга аралашгани айтилади.

Озарбайжон президентининг ҳам икки қизи бор, улар ҳам шубҳали бизнесга аралашгани айтилади.

Azerfon Озарбайжондаги энг бозори чаққон ва мамлакатда 3G хизматларини кўрсатадиган ягона телекоммуникацион ширкат ҳисобланади. Бу ширкатнинг хўжайини ким ва қандай қилиб 3G хизматларини кўрсатиш соҳасини монополлаштириб олганига оид саволлар очиқ қолаётган эди. Озодлик мухбири Хадича Исмоилова ширкатнинг асосий улуши Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг икки қизига тегишли эканини тасдиқловчи ҳужжатларни қўлга киритди.


“Нар” брэнд номи остида фаолият юритувчи Azerfon ширкати Озарбайжонда катта муваффақиятга эришган ширкатлардан биридир. 2007 йилда асос солинган ширкатнинг аллақачон 1,7 миллион абоненти бор ва мамлакат ҳудудининг 80 фоизини қамраб олган. Azerfon Озарбайжонда 3G хизматларини кўрсатадиган ягона ширкат ҳамдир.

Жорий йил апрел ойида Каспий-Европа Интеграцияси бизнес клуби (бу тузилманинг фаҳрий раиси Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевдир) Azerfon ширкатини “йилнинг мобил оператори” деб эълон қилди. Бу ҳақдаги дипломни Azerfon бошқарув ҳайъати раиси Жунейт Турктанга Озарбайжон Алоқа ва ахборот вазири Али Аббосов топширди.

Лекин ширкатнинг асл хўжайинлари ким экани Azerfon фаолият бошлаганидан бери сир тутиб келинаётган эди. Озодлик ўтказган суриштирув натижасида Azerfon ширкатининг асосий улуши президент Алиевнинг қизларига қарашли экани маълум бўлди.

Алиевлар оиласи ўтмишда ҳам бир нечта шубҳали бизнес лойиҳаларга аралашган эди. Биринчи оила давлатга қарашли AZAL ҳаво ширкатининг сердаромад соҳаларини ўзлаштирган SW Holding номли ширкатни назорат қилиши маълум. 2010 йилнинг мартида “Washington Post” газетаси Алиевнинг уччала фарзанди номига Дубайда 75 миллион АҚШ долларига тенг кўчмас мулк сотиб олингани ҳақида ёзган эди. Президентининг рафиқаси Меҳрибон Алиева ва икки қизи мамлакатнинг бир нечта энг йирик банкларини назорат қилиши айтилади.

Алоқа вазирлиги 2006 йилнинг охирида Azerfon ширкати ташкил этилишини эълон қилганида у Германиянинг Siemens AG ва Британиядаги бир-иккита фирмага қарашли экани айтган эди. Вазирлик бу маълумотни кейинги йиллар давомида такрорлаб келди.

Лекин Siemens AG ширкати матбуот вакили Моника Брюклмайер-Лангендорф Озодлик билан суҳбатда ўз компанияси Azerfon ёки Озарбайжондаги бошқа мобил алоқа ширкати улушларига эгалик қилмаганини таъкидлади. Шунингдек, Финляндияда жойлашган Nokia Siemens Networks (NSN) компанияси ҳам Azerfon ширкатида ҳақдор эмаслигини маълум қилди.

“NSN ҳеч қачон Azerfon акцияларига эгалик қилмаган. NSN коммуникация соҳасида хизмат кўрсатади ва биз ўз мижозларимиз акцияларига эгалик қилмаслик сиёсатини олиб борамиз”, деди NSN матбуот котиби Анна Леҳтиранта.

Озодлик мухбири бу маълумотни Озарбайжон Алоқа вазирлигига тақдим қилганида, вазирлик матбуот вакили, яна "Siemens компанияси Azerfon ширкатининг акциядоридир", дея жавоб қайтарди.

Azerfon матбуот хизмати ўз акциядорлари ҳақидаги маълумотни Озодликка ошкор қилишдан бош тортди. Шунингдек ширкатнинг даромади ва давлатга қанча солиқ тўлаши ҳақидаги маълмотлар ҳам ошкор қилинмади. Солиқлар вақтида тўлаб келинмоқда, дея гапни қисқа қилди Azerfon матбуот хизмати.

Лекин Озодлик Озарбайжон Солиқ вазирлигидан олган ҳужжатларга кўра, Azerfon Панамада рўйхатга олинган учта фирма, Кариб денгизидаги Невис Оролида рўйхатга олинган битта офшор фирма ҳамда давлатга қарашли Азтелекомга тегишли экани маълум бўлди. Сўнггиси Azerfon ширкатининг 10 фоиз акцияларни назорат қилади, Невис Оролидаги Cellex Communications S.A. ширкати 18 фоиз, Панамада рўйхатга олинган Hughson Management, Inc., Gladwin Management Inc., ва Grinnell Management Inc. фирмаларининг ҳар бири 24 фоиздан улушга эгалик қилади.

Бокудаги Коррупцияга қарши жамғарма раиси Восиф Мовсумов Azerfon компанияси билан боғлиқ ноаниқликлар шубҳаларни туғдиради, дейди.

“Агар ҳукуматнинг иккита идораси ширкат хўжайинларига оид бир-бирига зид маълумотни берса ва ширкатнинг ўзи шаффоф бўлмаса, уни бошқаришда коррупция аралашгани эҳтимоли юқоридир”, дейди Мовсумов.

Одатда бирор ширкатнинг хўжайинлари ҳақидаги маълумотларни сир тутиш ёхуд коррупция ва пул ювиш каби ноқонуний фаолиятини хаспўшлаш мақсадида офшор давлатларда рўйхатга олинган фирмалар ишлатилади.

Панама Давлат реестри юқорида тилга олинган учта фирма тўғрисида чекланган маълумотларни тақдим этди. Бу маълумотларга кўра, Илҳом Алиевнинг тўнғич қизи, 25 яшар Лейла Алиева Gladwin ва Grinnell фирмаларнинг президенти сифатида рўйхатга олинган. Иккала фирмада ҳам Илҳом Алиевнинг иккинчи қизи, 22 яшар Орзу Алиева фирмаларнинг ҳисобчиси сифатида рўйхатда туради.

Hughson номли фирмада эса роллар алмашиб, Орзу президент, Лейла ҳисобчи сифатида рўйхатга олинган.

Ҳужжатларда уччала фирма 10 минг АҚШ долларига тенг низом капитали билан иш бошлагани қайд этилган.

Панамада рўйхатга олинган учала фирмада Оливер Местелан исмли шахс номи ҳам ҳисобчи сифтаида келтирилади. Местелан Алиевлар оиласига яқин бўлган швейцариялик бизнесмендир. Лейла Алиева Москвада чоп қиладиган “Боку” журналида Местелан санъат асарлари ҳаваскори сифатида тасвирланган. У Бокудаги “Кичик ҚалАрт” галереясининг хўжайини ва “Art ex East” жамғармаси таъсисчисидир. “Боку” журналига кўра, у ҳуқуқшунослик бўйича таълим олган ва Озарбайжонда йилда бир неча марта келиб турадиган уйи бор. “Кичик ҚалАрт” галереяси маъмурияти Озодлик мухбирига Местелан жаноблари ўз бизнес фаолияти хусусида гапирмасликни маъқул кўришини маълум қилди.

Президент маъмурияти ҳам Алиевлар оиласининг бизнес ишлари хусусида маълумот беришдан бош тортди. Озарбайжонда 2005 йилда қабул қилинган қонунга кўра, давлат мулозимлари, жумладан президент ҳам ўзи ва оила аъзоларининг молиявий активлари тўғрисида декларация топширишлари талаб қилинади. Бироқ президент Алиев бундай декларацияни ҳеч қачон очиқламаган. Озарбайжон Марказий сайлов комиссияси Озодликнинг президентнинг молиявий ҳисоботлари нусхаларини тақдим этиш тўғрисидаги илтимосини рад этди.

Azerfon ширкатига оид бошқа саволлар ҳам очиқ қолмоқда. Иқтисодий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш маркази директори Ровшан Агаевга кўра, Azerfon ширкатининг Озарбайжон бозорига кириши ҳам 2001 йилда қабул қилинган тендер лицензияси тўғрисидаги қонунга зид бўлган.

“Мамлакатда фаолият юритиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун алоқа ширкатлари тендерларда иштирок этиб ўзларининг техник ва сармоядорлик иқтидорини намойиш қилишлари зарур. Озарбайжондаги мобил телефон операторларининг бирортаси бундай тендерда иштирок этмаган. 1995 йилда Bakcell ва 1997 йилда Azercell шркатлари мамлакат бозорига кириб келганда бунга оид қонун қабул қилинмаган эди. Лекин 2006 йилда Azerfon ширкати пайдо бўлганида бу қонун-қоидалар аллақачон жорий қилинган эди”, дейди Агаев.

Унинг айтишича, алоқа вазирлиги Azerfon фаолиятига тендерсиз рухсат бериб, бу қонунни бузган.

Бундан ташқари Azerfon ширкати 3G хизматларини кўрсатиш бўйича монополияни ҳам шубҳали тарзда қўлга киритган. Ширкатнинг рақиби ва Azerfon компанияси абонентларидан икки баробар кўпроқ мижозлари бор Azercell ширкати 3G хизматларини кўрсатиш бўйича лицензия олиш учун бир неча марта Алоқа вазирлигига мурожаат қилган ва унинг аризалари рад этиб келинмоқда. Azerfon эса бундай лицензияни ҳеч бир тендерсиз қўлга киритган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG