Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:32

Ўзбек пахтасини бойкот қилган ширкатлар кўпаймоқда


АҚШдаги қатор йирик ширкатлар Ўзбекистонда етиштирилган пахтани бойкот қилиш акциясига қўшилди.

АҚШдаги нуфузли WWD интернет нашрининг хабар қилишича, болаларни эксплуатация қилиш ҳисобига етиштирилаётган Ўзбекистон пахтасини бойкот қилиш тадбирига АҚШдаги Walmart, Macy's Eileen Fisher, Nautica, Liz Claiborne ва Nike каби йирик ширкатлар қўшилган.

“Ўзбекистон ҳукумати пахтадан юқори ҳосил олишга 2 миллион бола кучи билан эришмоқда. Уларнинг кўпини етти ёшдан катта бўлмаган болалар ташкил қилади”, деб ёзар экан WWD пахта териш мавсумида ўзбекистонлик ўқувчилар икки ой ўқишдан маҳрум этилишини қўшимча қилади.

Ўзбек пахтасини бойкот қилаётган америкаликлар пахта теримида иштирок этаётган болаларнинг зарарли кимёвий моддалардан заҳарланаётгани, уларга пахта териш бўйича кунлик меъёр белгилаб қўйилгани, нормани бажармаган ўқувчилар мактабдан ҳайдалиши ва ҳатто жисмоний жазога тортилиши кабиларга эътибор қаратадилар.

Шу йилнинг май ойи охирида АҚШнинг болалар кийими ишлаб чиқарувчи "Gymboree" ширкати ўзбек пахтасини сотиб олишдан воз кечганини эълон қилди.

”АҚШ ва Канадада 600 дан ортиқ дўконга эга ширкат бу қарордан мақсад Ўзбекистон ҳукуматини пахта ҳосилини йиғиб олишда мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланмасликка кўндиришдир”, дейилганди ширкат вэб-саҳифасида эълон қилинган баёнотда.

Ўзбекистон пахта далаларидаги болаларнинг мажбурий меҳнати билан боғлиқ муаммо 21 июн куни Европа Парламентида ҳам муҳокама этилганди. Бу масала қатор халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, жумладан, Қулликка қарши кураш халқаро ташкилот ҳамда Берлиндаги Ўзбек-Немис форуми шикоятлари ортидан Европарламент муҳокамасига қўйилганди.

Сўнгги йилларда бир қатор Ғарб ширкатлари, жумладан, "Tesco", "Marks & Spenсer" каби йирик ширкатлар ҳам мажбурий бола меҳнатидан фойдаланилгани боис ўзбек пахтасини бойкот қилиб келишади.

Ўзбекистонда ҳар куз балоғатга етмаган болалар мажбурий пахта йиғим-теримига жалб этилади. Бироқ Ўзбекистон ҳукумати пахта терими мавсумида болалар меҳнатидан фойдаланаётганини рад этиб келади.

Пахта экспорти бўйича дунёда учинчи ўринда турадиган Ўзбекистон пахта савдосидан йилига бир миллиард АҚШ долларидан ортиқ фойда олиши тахмин қилинади.
XS
SM
MD
LG