Линклар

logo-print

Фарғонада чегара бўйича музокара бўлиб ўтмоқда


Жалолободдаги Чек қишлоғи ҳам қирғиз-ўзбек чегарасидаги 50 дан ортиқ баҳсли ҳудуднинг биридир.

Жалолободдаги Чек қишлоғи ҳам қирғиз-ўзбек чегарасидаги 50 дан ортиқ баҳсли ҳудуднинг биридир.

Ўзбек ва қирғиз расмийларидан иборат Чегараларни аниқлаш бўйича давлатлараро комиссияси чегара масалалари бўйича галдаги музокарага йиғилди.

Бу ҳақда Қирғизистон Чегара хизмати раҳбари Закир Тиленов 6 июл куни Бишкекда ўтган матбуот анжуманида маълум қилди. Унинг айтишича, ҳозирги кунгача ўзбек-қирғиз чегарасининг 320 чақирими аниқланмаган.

- Қирғизистон билан Ўзбекистоннинг чегараси 1378 чақирим. Унинг 320 чақирими шу кунгача аниқланмаган. Икки давлат ўртасида чегараларни аниқлаш бўйича комиссия тузилган эди. Бугунги кунда комиссия чегаранинг айнан қайси қисмлари аниқланмаганини ўрганмоқда. Бу борадаги музокаралар Ўзбекистонда ўтказилаяпти, - деди Закир Тиленов.

Айтиб ўтиш лозимки, чегараларни аниқлаш иши уч йил аввал тўхтаб қолган эди. 2009 йилда Ўзбекистон ва Қирғизистон томони вакиллари учрашиб, чегара бўйича музокараларни 2010 йилнинг ёзида бошлашни келишиб олишган. Бироқ Қирғизистонда 7 апрел инқилоби, кейинроқ Ўш қирғини содир этилгани сабабли чегара масаласидаги музокаралар тўхтаб қолган эди. Бу музокаралар жорий йилнинг ёзидан бошлаб қайта жонланди.

Мутахассисларнинг айтишларича, Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида 50 дан ортиқ баҳсли ҳудуд мавжуд. Чегара борасидаги музокараларнинг тўхтаб қолишига ҳам кўпроқ мана шу баҳсли ҳудудлар масаласидаги келишмоқчиликлар сабаб бўлмоқда.

Узоқ йиллар чегарани аниқлаш бўйича давлатлараро комиссия раҳбари бўлган ҳукумат расмийси Саламат Аламанов фикрича, баҳсли ҳудудлар масаласи ҳал этилиши асосан Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарларининг сиёсий иродасига боғлиқдир.

- Бу масалада қулай вазиятни кутиб ўтириш билан ҳеч нарсани ҳал қила олмаймиз. Чегара масаласини ҳал этилишида давлат раҳбарларининг ўзаро муносабати, бир-бирини тушуна олиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Икки давлат раҳбарлари ўзаро келишиб олишса, мутахассислар чегара масаласини тез орада ҳал этиш салоҳиятига эга, - дейди Саламат Аламанов.

Айни пайтда чегарадаги баҳсли ҳудудларнинг айниқланмай қолаётгани мазкур ҳудудларда яшаётган аҳоли учун кўплаб ижтимоий ва сиёсий муаммоларни яратмоқда. Масалан, баҳсли ҳудудларда яшовчи аҳолини фуқаролигига қараб у ёки бу мамлакат ичкарисига кўчириш, уй-жой билан таъминлаш ва ҳаёт кечириш учун керакли бўлган шароитларни яратиш масаласида муаммолар бор.

Хавфсизлик ва чегара масалалари бўйича эксперт Иманберди Жалилов баҳсли ҳудудларда яшовчи аҳолини биринчи навбатда ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоялаш зарур, деб ҳисоблайди.

- Энг аввало чегара ҳудудларида яшовчиларнинг мақомини қонунан аниқлаш керак. Мазкур ҳудудда яшовчиларни ижтимоий жиҳатдан қўллаш дастурларини амалга ошириш лозим, - дейди Иманберди Жалилов.

Ҳозиргача Қирғизистон Хитой ва Қозоғистон билан чегараларини тўлиқ аниқлаб олган. Айни пайтда Ўзбекистон билан бир қаторда қирғиз-тожик чегараси тўла аниқланмай қолмоқда. Қирғиз-тожик чегара чизиғи 971 чақиримни ташкил этса, унинг 471 чақирими баҳсли ҳудуд бўлиб қолаётир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG