Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:58

Воҳидова: Усмоновнинг ҳибсда қолиши ноқонуний


Ҳимоячи Файзинисо Воҳидова фикрича, Би-би-си мухбири қамоқда ноқонуний сақланмоқда.

6 июл куни Тожикистон тегишли идораларига ёзган расмий мактубида Воҳидова хоним “қамоқда ноқонуний сақланаётган Ўринбой Усмонов қўйиб юборилиши”ни талаб қилган.

- Тожикистон жиноий-процессуал кодексида гумонланувчи айби ишончли далиллар асосида исботлаб берилиши терговчи зиммасига юклатилган. Бироқ ўтган яқин бир ой давомида терговчи Саид Саймиддинов Усмоновга эълон қилинган айбни исботлаб беролгани йўқ. Шу важдан менинг таклифим инобатга олиниб, яқин кунларда Усмонов озод этилишига умид қиламиз, - деди ҳимоячи Воҳидова Озодлик мухбири билан суҳбатда.

Би-би-си радиосининг Сўғд вилояти бўйича мухбири Ўринбой Усмонов шу йилнинг 13 июн куни дараксиз кетганидан бир кун ўтгач, “Ҳизб ут- Таҳрир”га аъзоликда гумонланиб, хавфсизлик ходимлари томонидан ҳибсга олингани маълум қилинганди.

Шундан бери Би-би-си Жаҳон хизмати жамоаси, дунёдаги қатор нуфузли ташкилотлар Тожикистон ҳукуматидан Ўринбой Усмоновни зудлик билан озод этишни талаб қилиб, унга қўйилаётган айбловлар асоссизлигини таъкидлаб келдилар.

Маҳбус журналистнинг яқинлари ва қишлоқдошлари ҳам Ўринбой Усмонов ҳизбчи эмаслигига шубҳа йўқлигини кўп марта такрорладилар.

Ниҳоят 28 июн куни Усмоновга нисбатан аввал эълон қилинган Ҳизб ут-Таҳрирга аъзолик айби олиб ташланди.

Шундай бўлса-да, Ўринбой Усмонов озод этилмади, аксинча унга бошқа айблов, яъни Тожикистонда фаолияти таъқиқланган "Ҳизб ут-Таҳрир" фаоллари ҳақида расмий идораларига хабар бермаганлик юкланди.

Жорий ҳафта давомида айрим нашрлар Ўринбой Усмоновнинг тергови тўхтатилгани ҳақида ёздилар. Хабарларга кўра, бунга маҳбус журналистнинг терговчиси бошлиқларига олти ойлик ҳисобот бериш учун Душанбега келгани сабаб бўлган.

Аммо ҳимоячи Воҳидова хоним мухбирингиз билан суҳбатда бу маълумотларни рад этди.

- Аксинча Усмонов иши бўйича тергов давом этаяпти. Терговчи етарли маълумотлар тўплаш учун Душанбе шаҳридаги ҳибсхоналарда сақланаётган ҳизбчиларни тергов қилиш учун у ёққа боргани айтилди, -дея билдирди Файзинисо Воҳидова.

Айни пайтда Ўринбой Усмоновга нисбатан аввал эълон қилинган айблов исботланмаганига қарамай, журналист ҳамон ҳибсда қолаётганидан бонг уриб, баёнот тарқатаётган халқаро ташкилотлар сони тобора ортмоқда. Баъзи ташкилотлар эса Усмонов озодлигини талаб қилиб қайта баёнот тарқатмоқда.

Кузатувчиларга кўра, Усмонов ҳибсга олинишига халқаро ҳамжамият томонидан бундай муносабат тожик расмийларини шошириб қўйган.

Баъзи норасмий маълумотларга кўра, Ўринбой Усмоновни тергаган хавфсизлик ходими Саид Саймиддиновни пойтахтга бошлиқлар чақиртириб олган.

Аввалроқ ҳимоячи Воҳидова хоним терговчи Саид Саймиддинов Сўғд вилоят ҳокими қабулига чақиртирилиб, “Усмонов ишини тузукроқ кўриш” борасида огоҳлантирилганини айтганди.

Шу ўринда айтиб ўтсак, Тожикистонда “Ҳизб ут-Таҳрир” экстремистик ташкилотлар рўйхатига киритилиб, фаолияти таъқиқлаб қўйилган ўтган ўн йил бадалида бу ташкилотга аъзоликда гумонланган фуқароларга нисбатан ҳали бирор марта оқлов ҳукми чиқарилган эмас.

Аммо, мустақил таҳлилчи Хуршед Атоуллоевга кўра, Ўринбой Усмонов юзлаб маҳбуслардан фарқли равишда оқланишига умид кучли.

- Чунки Ўринбой Усмоновнинг озод этилишини талаб қилиб, қайта-қайта баёнот тарқатаётганларнинг аксарияти Тожикистонга қарз берувчи ташкилотлардир. Одатда, қарздорнинг қарз берувчи олдида тили қисиқ бўлади. Халқаро баёнотларга кўмилиб қолган Тожикистон ҳукумати “ўт билан” ўйнашаётганини англаб етмоқда. Расмийлар Усмоновни қамаб қўйса, оғзидаги нонидан айрилиб қолишини яхши тушунади, - дейди мустақил таҳлилчи Хуршед Атоуллоев.

Айтиб ўтсак, Усмонов ҳимоясига баёнотлар билан чиққан Европа Иттифоқи дунёдаги энг йирик донор ташкилоти ҳисобланади.

Расмий маълумотларда кўрсатилишича, бу ташкилот 1992 йилдан буён Тожикистонга кўрсатган ёрдам миқдори 500 миллион еврони ташкил қилган.

Аснода бошқа бир гуруҳ таҳлилчилар миллий хавфсизлик масъуллари бирор енгилроқ жазо, масалан жарима солиш билан Усмонов озод этилиши мумкинлигини қайд этмоқдалар.

Айни пайтда Ўринбой Усмоновнинг яқинлари халқаро баёнотлар ва хориждаги журналистларнинг норозилик намойишлари Усмоновга нисбатан муносабатни анча юмшатганини айтаяптилар.

Ҳимоячи Файзинисо Воҳидованинг гапига қараганда, Тожикистон Жиноят кодексида гумонланувчига қўйилган айбни исботлай олмаган масъуллар жиноий жавобгарликка тортилиши айтилган.

- Эълон қилинган айблов исботланмай, гумонланувчига оқлаш ҳукми чиқарилса, у ҳолда ноқонуний жиноий иш очган ҳамда вақтинчалик ҳибсхонада ноқонуний ушлаб турган масъулларга нисбатан жиноий иш очилиши қонунда белгиланган. Фуқаролик кодексимизда эса, оқланган кишига етказилган моддий ва маънавий зарар учун товон давлат томонидан тўланиши айтилган. Бордию ҳимоямдаги Усмоновга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилса, биз ана шу ҳуқуқларимиздан фойдаланамиз, - деди Воҳидова хоним.

Бироқ шу ўринда ҳимоячи Воҳидова Тожикистонда судлар мустақил эмаслигини назарга олган ҳолда, хавфсизлик масъуллари “сувдан қуруқ чиқиш”га уриниши мумкинлигига ҳам шубҳа қилмаслигини қўшимча қилди.
XS
SM
MD
LG