Линклар

logo-print

Матбуот анжумани ўтказилмай қолди

  • Садриддин Ашур

Иккала журналист очликнинг 11 кунида.

Иккала журналист очликнинг 11 кунида.

Ўн бир кундан бери очлик акцияси ўтказаётган журналистлар таклиф қилган шахслар улар билан учрашувга келмади.


Матбуот анжуманига ҳеч ким келмади

Ўзбекистон Миллий телерадиокампанияси "Ëшлар" телеканали собиқ мухбирлари Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омоновалар ўтказмоқчи бўлган матбуот анжумани 7 июл соат 10.30 га белгиланган эди. Бу тадбирга Ўзбекистондаги хорижий элчихоналар, халқаро ташкилотлар вакиллари, мустақил журналистлар ва инсон ҳуқуқи ҳимоячилари таклиф этилган эди.

Саодат Омонованинг Озодликка айтишича, матбуот анжуманига фақат Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари мустақил ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ва Ўзбекистон телевидениесининг таклиф қилинмаган ходимлари келди:

- 10 яримда матбуот анжумани ўтказмоқчи эдик. Афсуски, элчихоналар вакиллари келишмади. Суръат Икромов билан рафиқалари келдилар. 10 яримларда светни ҳам ўчириб қўйишди. Уйнинг ҳам атрофида машиналар турибди. Кейин Суръат ака билан ўтирдик. Яна ишхонамиздан иккита ходим касаба уюшмалари раиси Жалол Ботиралиев, яна Дилбар Қосимова дегани келди. Бу аёл “Мен сизларни деб ишдан кетганман” деб бу ерда анча жанжал кўтарди, бақир-чақир қилди. Менинг юрагим ëмон бўлиб қолди. Скорий чақирдик. Давление ошиб кетган экан. Анча гаплашдик. Уларни бу ерга жўнатишган-да. Элчиларнинг олдида бизни қоралашмоқчи бўлишганми, бизнинг юзимизни қора қилишмоқчи бўлишганми¸ ишқилиб келиб гапириб-гапириб кетишди. Биз ҳам дардларимизни айтдик. Лекин бизнинг соғлиғимиз улар билан гап талашиб ўтиришни кўтара олмайди. Малоҳат опанинг юраклари ҳам тез уриб қолди, - дейди Саодат Омонова.

Журналистлар уйининг қуршовга олингани айтилмоқда

Очлик акциясини ўтказаётган иккинчи журналист Малоҳат Эшонқуловага кўра, шу куни эрталабдан улар яшаётган уйнинг олди ғайриоддий манзара касб этди:

- Бизни ҳайратга соладиган нарса шуки, энди биз кўчага чиққанимиз йўқ, мана қизим, хўжайиним чиқиб келиб кўрдилар ëки келган Суръат ака ҳам шундай ахборот бердиларки, эрталабадан жамики фаррошларни олиб келиб подъездларгача, ҳовлиларгача, кўчаларгача тозалик, ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Ундан кейин уйимизнинг олдида ҳар кунгидан фарқли ўлароқ 20дан ортиқ машиналар тўлиб кетди. Бундан ташқари подъездимизнинг шундай тўғрисига кўндаланг қилиб водовоз дейдику, катта сув ташийдиган машина, ўшани олиб келиб уйимизнинг тагига қўйибди. Яна энг қизиғи¸ эрталаб соат 10.20ларда свет ўчиб қолди. Кейин ҳам милиция формасидаги, ҳам граждан формасидаги одамлар уй атрофини ўраб олишди, - дейди Малоҳат Эшонқулова.

Журналист фикрича, хорижий элчихоналар ва ташкилотлар вакилларининг матбуот анжуманига келмаслигига уларга юборилган таклифномалар етиб бормаган бўлиши, инсон ҳуқуқи ҳимоячилари ва мустақил журналистларни эса уй атрофидаги хавфсизлик хизмати ходимлари тўхтатиб қолган бўлиши мумкин.

Ғарб элчихоналари хабардор¸ аммо сукут сақлашни афзал билмоқда

Журналистларнинг очлик акцияси ҳақидаги таклифномаларни жўнатишга ёрдам берган инсон ҳуқуқи фаоли Суҳроб Исмоиловнинг айтишича, таклифномалар ҳаммага ўз вақтида юборилган:

- Ҳамма мактублар жўнатилган. Копиясини ўзларига ҳам жўнатганман. Икки марта жўнатганмиз қайта-қайта. Америка, Британия, Франция, Германия, Швейцария, ОБСЕ, БМТ мана шу элчихоналарга, кейин Тошкентдаги мустақил журналистларга, шу воқеалардан хабардор бўлиб юрган ҳуқуқ ҳимоячиларига жўнатилган,- дейди Суҳроб Исмоилов.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати қонунчилик қўмитаси раиси Светлана Ортиқова Озодлик билан суҳбатда журналистларнинг очлик акцияси ўтказаётгани ҳақида етарли маълумотга эга эмаслиги ва бу масалани ўрганиб, сўнгра муносабат билдириши бериши мумкинлигини айтди.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати очлик акцияси эълон қилган журналистларнинг матбуот анжумани ҳақида таклифнома олганини на тасдиқлади, на инкор қилди. Элчихона ходими бу воқеага ҳеч қандай шарҳ билдирмасликни маъқул кўришини таъкидлади.

Малоҳатнинг қизи ҳам очликка қўшилди

Айни пайтда¸ Малоҳат Эшонқулованинг 17 ёшли қизи Зарнигор ҳам очлик акциясига қўшилганини айтмоқда. Зарнигорга кўра, халқаро ташкилотлар ва инсон ҳуқуқи ҳимоячиларининг онаси ва Саодат Омонова аҳволига бефарқлиги ўзининг очлик бошлашига сабаб бўлган:

- Алам қилиб кетди-да. Наҳотки шу эшитишмаса. Вообше таъсир қилиб кетди. Охири ойимга “Қанақа аҳвол бу” дедим. Ойимларга билдирмасдан қанча йиғлаб олдим буларнинг қилиқларидан. Келиб қанақадир ҳол-аҳвол сўраш ҳам бўлмади. Охири “Ойи, президентга етиб бормаган экан¸ мен ҳам сизга қўшилиб очлик эълон қиламан. Сафинглар биттага кўпаяди. Мен ҳам туриб бераман” дедим. Ўзи 11 кундан бери бўлаëтган бўлса, уйда 11 кундан бери овқат пиширилгани йўқ. Иссиқ овқат ичганим йўқ¸ масалан. Фақатгина мева-чева. Олма, ўрик, тарвуз каби нарсалар еб, 11 кундан бери овқат ҳидини сездирмаëтган эдим. Даже бир куни тарвуз еб олдиларига борсам, тарвузнинг ҳиди келиб кетди¸ деяптилар. Қанақадир ойим қалтираб кетдилар. Кейин даже тарвуз ҳам емай қўйдим. Газ ëқилмайди. Газ қайноқ сувга ëқилади. Шунинг учун мен ойимга “Мен ҳам сизларга қўшиламан. Мен ҳам туриб бераман. Қабул қилмагунча, мен ҳам очлик эълон қиламан” деб шу қарорга келдим. Худо хоҳласа¸ чидаб ҳаммасига туриб бераман.

Озодлик: Сиз ëш организм, ҳали сиз боласиз. Мана икки киши очлик эълон қилди. Ҳеч ким эшитмаяпти. Сиз қўшилганингиз билан барибир бир нарса ўзгариб қолмас. Соғлиғингизга хавф бўлиб қолмасин деган хавотир ҳам бор-да.

- Майли. Мен кимдир ойимнинг бунақа устидан кулишини ëки нимадир бўлишини, бу вообшеда бу, билаяпсизми бу одамга қанақа тегиб кетади. Мен ҳам туриб бераман-да. Худо хоҳласа¸ президентимиз эшитади бу нарсаларни ва ҳаммасининг жазосини беради. Лекин мен шу нарсага қарор қилдим. Мен соғлиғимни йўқотаманми, бошқасими, ойим шунча пайт туриб ҳалигача тирикларми мен ҳам 10-15 кун тирик бўлиб туриб бера оламан. Ойимдан анча ëшман мен. Организмим ҳали кучли. Бемалол бу нарсани ҳазм қила оламан деб ўйлайман, дейди Зарнигор Эшонқулова.

Ойдин Солиҳ : Очликдан чиқаëтганда эҳтиëт бўлинг!

Туркияда беморларни асосан очлик билан даволаб келаëтган табиб¸ "Ҳақиқий табобат" китоби муаллифи Ойдин Солиҳ¸ Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омоновалар бошлаган очлик акциясини ахборот воситалари орқали кузатаëтгани ва бу жараëннинг боришидан хавотирда эканини айтади.

- Очлик соғлиққа ўта зарарли бўлиши мумкин¸ фойдали ҳам бўлиши мумкин. Бу очликни қандай ўтказишга боғлиқ.

Албатта¸ биринчи мартада 10 кундан кўп очлик қилиш керак эмас эди. Умуман очлик 21 кундан ошмаслиги керак.

Мен бу қизларни хавфдан огоҳ қилмоқчи эдим. Хавф эса мана бундай:
очликдан чиқаëтиб улар дарҳол овқат ейишга бошласа – бу ўта хатарли¸ ҳатто фожиа билан тугаши мумкин.

Очликдан чиқаëтиб тузли нарсаларни мутлақо емаслик керак. Агар уларга тиббий ëрдам кўрсатилса бу ҳам хатарли. Чунки Ўзбекистондаги аксар врачлар очликдан чиқариш ҳақида билимга эга эмаслар. Улар қизларни сунъий озиқлантириши ва уларга глюкоза бериши мумкин. Бу жуда хавфли.

Улар очликдан чиқиш пайтида мева суви ичиши керак. Кейин мева ейиши. Кейин эса сабзавотлар. Мен яна бир марта эслатиб қўймоқчиман - очликнинг ўзидан кўра¸ ундан чиқиш пайти хатарлироқдир. Бу даврда қизлар алоҳида жиддият билан парҳезга риоя қилсин¸ дейди йиллардан бери беморларни очлик воситасида даволаб келаëтган табиб Ойдин Солиҳ.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг "Ёшлар" телеканалида ишлаб келган журналистлар Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқуловалар телевидениедаги қонунбузарликлар, маҳаллийчилик ва цензурага чек қўйилишини талаб қилиб, ўтган йили 6 декабр куни Тошкентнинг марказий майдонида пикет ўтказганидан кейин 9 декабр куни ишдан ҳайдалган эдилар.

27 июн куни Ўзбекистон президенти девони олдида очлик акциясини ўтказа бошлагач, милиция ходимлари томонидан олиб кетилиб, уч миллион сўм жаримага тортилганларидан кейин Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омонова норозилик сифатида очлик акцияси бошлади.

Журналистлар ўзларига президент Ислом Каримов билан учрашиш имкони берилмагунича норозили акциясини тўхтатмасликларини айтмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG