Линклар

Нижний Новгородда 23 ўзбекистонлик ҳибсга олинди


Россия Миграция хизмати расмийларининг ўзбекистонлик муҳожирларни қурилишда ишлаëтган жойидан олиб кетгани айтилмоқда.

Россия Миграция хизмати расмийларининг ўзбекистонлик муҳожирларни қурилишда ишлаëтган жойидан олиб кетгани айтилмоқда.

Озодлик манбаларига кўра¸ ҳибсга олинганлар Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилганликда айбланмоқда.


Москвадаги Мемориал инсон ҳуқуқлари маркази фаоли Баҳром Ҳамроевнинг Озодликка маълум қилишича, Россияда мардикорлик қилиб келган 23 ўзбекистонликнинг барчаси расмий Тошкент сўровига кўра қўлга олинган ва Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилганлик каби оғир жиноятларда айбланмоқда. Ҳуқуқ фаоли¸ Нижний Новгородда жанговар граната сақлаганликда айбланиб ҳибсга олинган андижонлик Азаматжон Эрмаковдан ташқари ҳозирча яна 5 нафар ўзбекистонликнинг исми-шарифи аниқланганини айтади.

- Бугунги кунда Авезов Бахтиёр, Матазимов Маъруфжон – андижонлик, Ҳайдаров Икром - андижонлик, Ҳошимов Бобуржон деганлари қамалган 23 одамдан бештаси эканлиги аниқланди.

Яна бир вазият бор, уни мен айтиб ўтишим керак... Мана ноҳақ ҳибс этилганларни кўриб чиқишади, агар бирортасига Ўзбекистонда жиноий ишлар қўзғатилмаган бўлса, Россия Ички ишлари тарафидан Ўзбекистонга рўйхатлар жўнатилади ва Ўзбекистон зудлик билан буларга жиноий иш қўзғаб¸ уларни экстрадиция қилишга ҳужжатлар тайёрлайди. Бундай сохталаштирилаётган ишлар Ўзбекистон ва Россия ўртасида биринчи маротаба бўлаётгани йўқ.

Россияда бошқа йўл йўқ. Улар иккита йўл тутган ҳозир. Қамалган одамнинг иши¸ албатта¸ сохталаштирилади ва ўқ-дори ёки қурол-аслаҳа ташланади. Европа суди Россиядан экстрадиция қилиш ишлари бўйича кўплаб одилона ҳукмлар чиқарилишига сабаб бўлган эди, Ўзбекистон фуқароларини Россиядан Ўзбекистонга берилмаслиги мақсадида қилинар эди, ўрганиб чиқиларди. Вазият ўзгарди¸ дейди ҳуқуқ фаоли.

Баҳром Ҳамроев Нижний Новгород шаҳрида қўлга олинган 23 муҳожирга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159 (конституциявий тузумга тажовуз қилиш), 241 (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш), 244 (Диний экстремист, сепаратист, фундаменталист ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) моддалари бўйича айбловлар эълон қилинганини айтади.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига қарши Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари олиб борган оператив амалиётлари ҳақида қўшимча маълумот олиш мақсадида қилган сўровларимизга бу ишни олиб бораётган Канавин тумани 2-полиция бўлими тергов бўлими бошлиғи Наталья Доронина жавоб бермаслигини билдирди.

Нижний Новгород прокуратураси расмийси Ольга Кравчук ҳам Озодлик радиосига ҳозирча бу иш юзасидан маълумот берилмаслигини маълум қилди.

Озодлик ўзбекистонлик тутқунлар Нижний Новгород вилояти ИИБсига қарашли маъмурий ҳибсга олинганлар учун махсус изоляторда сақланаётгани тасдиғини олди.

- Ҳа, улар бизда. Қўшимча маълумот олиш учун раҳбариятимизга учрашингиз зарур. Эртага соат 10дан раҳбариятимиз қабул эта бошлайди. У ердан бошқа жойда маълумот ола олмайсиз, деди маҳбуслар сақланаётган изоляторнинг навбатчиси.

Аниқланишича, Нижний Новгородда полиция ходимлари томонидан ўзбек мардикорларининг қўлга олинишига яқинлари ҳам гувоҳ бўлган. Тоғаси Авезов Бахтиёр билан ҳибсга олиниб¸ кейинчалик қўйиб юборилган 17 ёшли бухоролик Иномали ҳодиса тафсилотларини Озодликка гапириб берди.

- Утечино посёлкасига бетон қуятувдик. Эрталаб туриб кечгача ишлаган эдик. Қуёш кеч ботаётгани учун кечгача ишладик. Эрталаб турсам уже буларни ушлаган экан. Кейин мени ҳам ушлади. Биттаси иммиграция ходими, қолгани гражданский формада.

Озодлик: Кимлигини таништирмадими?

- Йўқ . Бизларни “Документинг қани?”, деб уриб ётибди. Акамни каллаларини кўтаришга қўймади. Чўплар билан урди, Миша ака деганни ҳам тизза бериб урди... Мен ёш бўлганим учун соқолим бор-да. Айтади «Сан террорист, сан ундай қилган, бундай қилгансан», деб ётибди. Мен ўзи русчани яхши билмайман. Гапирай десам¸ тақиллаб уради. Мен вообше тушунмадим шунга... Кейин олиб кетди бизни, даннийларимизни олди. Тоғамни даннийлари чатоқ чиқди - олиб кетди, бизни қўйиб юборди. “Сешанба куни” деди, мана чақиргани йўқ, ҳозирча,- деб эслайди Иномали.

У яқинларининг Россияда ҳибсга олинишларини Ўзбекистон сўрови билан амалга ошаётганини тахмин қилади. Иномали 17 ёшга энди кирганига қарамасдан Ўзбекистонга қайтиб бормаслиги ва Россияда жойлашиш ниятида эканини айтади.

- Ўзбекистонда тушунмовчилик кўп бўлган. Бизлар ҳаммамиз бормай турибмиз. Онам 58 ёшдалар, битта кўзлари кўрмайди, опамни грижалари бор. Битта 1992 йилги опам ёш баччалар билан қийналиб қолган. Акамга ҳам, онамга ҳам, Илҳом акамга ҳам 159 статья қўйган. Навоий СНБсида опамга ака-укаларингни ҳаммасини қаматаман, оиланг билан қуритаман, деган очиқчасига. Бизлар Тошкетга ёздик, опам ёздилар. Шундан кейин подставка қилиб онамни қамаб юборишди. 58 ёшли аёл, ким ишонади... Ҳақиқат борми, ака? Зерикиб кетганимиздан ҳар куни йиғлаймиз, ёрдам берадиган одам ҳам йўқ. Битта адвокат 20 минг долларга туширди: “СНБга пул бериб чиқараман”, деди. Она учун нима қилмайсиз?!

Мен ўзим документларимни олиб келаман. Опамни уйда мелиса қўриқлаб ўтиради, ишонасизми. Пермда, Москвадаги қариндошларимиз бор – улар ҳам қўрқиб қолган. Шунинг учун ҳаммамиз кўчиб келмоқчимиз, дейди 17 ёшида шундай муаммоларга дуч келган Иномали.

Бухоролик бу йигитча ўзи билан бирга Бобуржон, Маъруфжон, Азамат исмли одамлар ушланганини эслади.

Россия кучишлатар тизими махсус амалиётининг яна бир гувоҳи - андижонлик Сайёра бу иш ака-укаларига нисбатан сохталаштирилган жараëн эканини гапиради.

- Ака, мен ўзим тушунмаяпман. Келишиб, квартираларни синдиришиб квартираларни текширишибди. Мен ишдан жавоб сўраб боргунимча қандайдир ўқларни топишибдими-ей, мен ишонмайман, биз унақа одамлар эмасмиз. Акамни чўнтагидан граната топишибди. Матазимов Маъруф мени родной укам бўлади, Эрмаков Азамат – аммамни ўғли бўлади, у бизникига меҳмондорчиликка келган эди. 6 кишини ҳар ердан ушлаб кетишган.

Озодлик: Нима айб қўйишяпти?

- Азаматжонни террорист дейишяпти. Укамни айби аниқ эмас. “Қариндошим бўлади?”, десам “Қариндошингни граната билан ушлади, у террорист!”, деб шунақа сўкАяпти, мен билан олишяпти... Граната катта нарса қандай қилиб орқа чўнтакка жойлайди?! Яша жойимиз милицияни ёнида бўлса, унақа одам эмас булар. Намоз ўқийди, стройкада ишлайди. Ҳужжатлари жой-жойида... Азамат акамни тилаб олган биттаю-битта қизи бор. Укамни битта қизи бор, лекин бу ерда бир қирғизистонлик бир қиз 10 кунлигида ташлаб кетган қизчани ўзларини номига олиб фарзанд қилиб боқишяпти, дейди Сайёра.

Россия расмийлари ҳибсга олингларни тез орада Ўзбекистонга экстрадиция қилишга шошаëтган айни пайтда¸ Россиядаги Мемориал ва Фуқаровий кўмак ташкилотлари улар ҳимоясига киришган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG