Линклар

Британиядаги энг йирик газета ёпилмоқда


“News of the World” газетаси раҳбари Жэймс Мёрдок.

“News of the World” газетаси раҳбари Жэймс Мёрдок.

Британияда энг катта тираж билан чиқадиган “News of the World” газетаси телефонларни эшитиш билан боғлиқ жанжал боис ёпилмоқда. Якшанба куни унинг охирги сонини чоп этилади.

Бу ҳақда нашр хўжайини медиа-магнат Руперт Мёрдокнинг ўғли ва "News Corporation" ширкатининг Европа бўлими раҳбари Жэймс Мёрдок пайшанба куни эълон қилди.

Мёрдок 168 йиллик тарихга эга газетани ёпиш қарори “раҳбар ҳамкасблар” билан маслаҳатлашиб, қабул қилинганини таъкидлади.

Якшанба кунлари чиқадиган “News of the World” таҳририяти ўз мухбирлари сиёсатчилар, таниқли шахслар ва қирол оиласига алоқадор кишиларнинг телефонларини эшитишни йўлга қўйганини тан олди.

Кейинги бир неча кун давомида эса газета мухбирлари, шунингдек, бедарак йўқолган болалар, 2005 йил 7 июл террор ҳуружи қурбонларининг яқинлари ҳамда Афғонистонда ҳалок бўлган аскарлар оила аъзолари телефонларини ҳам эшитиб келганига оид айбловлар пайдо бўлди.

Мёрдок Sky News телеканалига берган интервьюсида медиа-ширкат газетада қўлланилган усулларни маъқулламаслигини таъкидлдади.

- Мен афсусдаман. Баъзи журналистлар қўллаган амалиёт биз, мен ҳамда бу ширкат ишонган журналистика тамойиллари ва сифатига мос келмайди, деди Мёрдок.

Бу жанжал газета обрўсига катта путур етказди ва ўнлаб ширкатлар унга берган рекламаларини қайтариб олди.

Мёрдок газетанинг охирги сонидан олинган фойда яхши ниятларда ишлатилишини таъкидлади.

Британия Бош вазири Дэвид Камерон рўй берган жанжалдан “даҳшатга” тушганини баён қилди.
XS
SM
MD
LG