Линклар

Британияда 168 йиллик News of the World газетаси ёпилмоқда


Муҳаррир Ребекка Брукс ва медиа-магнат Руперт Мердок яқин ҳамкор бўлгани боис Буюк Британия жамоатчилиги томонидан News of the World нашри ходимлари айбланаётган жиноятларга масъул шахслар ўлароқ кўрилмоқда.

Муҳаррир Ребекка Брукс ва медиа-магнат Руперт Мердок яқин ҳамкор бўлгани боис Буюк Британия жамоатчилиги томонидан News of the World нашри ходимлари айбланаётган жиноятларга масъул шахслар ўлароқ кўрилмоқда.

Бунга шов-шувли хабарлар ортидан қувиб келган нашр мухбирларининг алоҳида шахслар телефонига ҳужум қилгани сабаб бўлди.


Мухбирлари минглаб одам телефонида қолдирилган овозли хабарлар тизимини бузиб кирганликда айбланганидан сўнг Британиядаги оммабоп ҳафталиклардан бири бўлган News of the World нашри ёпилмоқда.

Шахсий телефонлардаги овозли хабарлари ўғирланганлар орасида болалари қотиллик қурбони бўлган¸ шунингдек яқинлари Афғонистон уруши ва Лондон метросидаги портлашларда қурбон бўлган оилалар бор.

Бу жанжал баробарида 168 йилдан бери ҳар ҳафта якшанба куни 2¸5 миллиондан ошиқ нусдада сотилиб келинаётган нашрнинг ёпиб қўйилиши ҳам Британияда катта шов-шувга сабаб бўлмоқда.

Одамларга тегишли шахсий хабарларни ўғирлаш газета мухлислари ва британиялик сиёсатчилар томонидан “ахлоққа зид” деб қораланаётган кезда News of the World эгаси Жэймс Мердок газета сўнгги сонида ўз баёнотини чоп этиши кутилмоқда ва ҳозирдан жамоатчиликка ошкор қилинган баёнотда, жумладан, шундай дейилади:

“News of the World нашри қилган яхши ишларга унинг нотўғри ҳатти-ҳаракати доғ бўлиб тушди. Аслида қўйилган айбловлар ҳақиқат бўлиб чиқса, у ҳолда бу ноинсоний ҳаракатдир ва бизнинг компаниямизда бунга ўрин йўқ. News of the World ҳамиша бошқаларни масъулиятга чақириб келган. Аммо ўзига келганда бунга амал қилмади. Бу якшанба куни нашрнинг охирги сони чоп этилади”, дейилади Жэймс Мердок баёнотида.

SKY News телевидениесига берган интервюсида Мердок “алоҳида шахсларнинг қилмишлари News Corporationда белгиланган журналистлик ахлоқ талабларига мос келмаслигидан чуқур афсусда” эканини айтди.

- Бу даъволар ўта даҳшатли ва жуда ачинарлидир. Бу ҳозир нафақат шу компания ичида¸ балки News Corporationнинг дунё бўйлаб бўлинмаларида ишлаётган, ўз ўқувчилари учун астойдил меҳнат қилаётганига ишончи комил бўлган ҳар бир журналистимиз ҳис қилиб турган кечинмадир, - деди отаси Руперт Мердок етакчилик қилаëтган News Corporationнинг Буюк Британия бўлимига раҳбарлик қилаётган Жэймс Мердок.

Айни пайтда полиция News of the World мухбирлари нишонига учраган 4000 дан ортиқ шахсга оид ҳолатни текшираётганини айтмоқда.

Ҳар якшанба куни чоп этиладиган ва ҳафталик тиражи 3 миллионга яқин бўлган газета бунга қадар ҳам бир неча шахс телефонидаги овозли хабарлар тизимига ҳужум қилганини тан олган ва 2007 йилдаги маҳкамада бундай ишлар учун газетанинг битта хабарчи ва битта хусусий терговчини ёллагани тўғрисида полиция хулосаси эълон қилинган эди.

Яқинда газета ходимларининг қотиллик қурбони бўлган 13 ёшли Милли Доулер телефонидан маълумот ўғирлаб, полицияни чалғитгани ва бедарак йўқолган қизнинг оиласига ёлғон умид бергани, бундан ташқари, Ироқ ва Афғонистонда ўлдирилган британиялик аскарлар оила-аъзоларининг телефонларидан маълумот ўғирлагани ошкор бўлганидан сўнг жамоатчиликда яна жиддий эътироз туғилди.

Натижада, интернетда газетанинг қилмишига қарши ташкил қилинган петицияга имзо чекканлар сони юз мингдан ошиб кетди.

Жамоатчилик жунбушга келиб турган бир пайтда¸ Британия Меҳнат партияси етакчиси Эд Миллибанд юзага келган вазиятда 1969 йилда News of the World газетасини сотиб олган медиа-магнат Руперт Мердок учун ягона чора уни ёпиш экани ҳақида сўзлади.

Мухолифатчи партиянинг парламентдаги аъзоси Том Ватсон эса¸ газета ёпилишини “покиза инсонлар учун ғалаба” деб атади ва газетадан “қутулганимиз рост бўлсин!” деди.

Айни пайтда британиялик журналистлар алоҳида масъул ходимлар, жумладан, айрим мухбирлар ноқонуний фаолият юритгани ортидан муҳаррирлик қилган Ребекка Бруксни жазолаш ўрнига бутун бошли жамоани ишсиз қолдириш қарорига эътироз билдирмоқда.

Британия Бош вазири Дэвид Камерон эса газета ёпилишидан ташқари содир этилган ҳар битта қилмиш ортидан тергов олиб бориш ва шунингдек, журналистлар бир бора жазоланганидан сўнг ҳам нега газета бундай ҳаракатини давом эттиргани сабаблари аниқланиши кераклигини айтди.

- Биз конкрет нима содир бўлганини аниқлашимиз учун тергов¸ эҳтимол, кўплаб терговлар ўтказилиши зарур. Таъкидлаш керакки, бу ерда гап сиёсатчи ёки машҳур шахслар ҳақида бормаяпти. Бу ерда қотиллик қурбонлари, эҳтимолий террор жабрдийлари ҳақида, уларнинг телефонларига қилинган ҳужум ҳақида гаплашаяпмиз. Бу қилинган ишлар мутлақо жирканчдир, - деди Британия Бош вазири якшанба кунги охирги сонини чоп этишга ҳозирланаётган News of the World нашри мухбирлари қилмишларини қоралаб.
XS
SM
MD
LG