Линклар

Грецияда ҳам ўзбек кўп...

  • Сарвар Усмон

Инқироз кунлари ҳам греклар оч қолаëтгани йўқ¸ дейди ўзбекистонлик муҳожир йигит.

Инқироз кунлари ҳам греклар оч қолаëтгани йўқ¸ дейди ўзбекистонлик муҳожир йигит.

Иқтисодий инқироздан қадди букилганига қарамай Греция ҳамон минглаб ўзбек муҳожирига иш бермоқда¸ дейди Афинадаги андижонлик йигит.


“Саодатхон, Малоҳатхон, биз Сизлар билан!”

Озодлик мухлислари Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан учрашишни талаб қилиб 12 кундан бери очлик акциясини ўтказаётган журналистлар Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқуловаларни қўллаб-қувватлашларини билдирмоқда.

Улардан бири самарқандлик Холисбек:

- Мени шу нарса ташвишлантиради-да. Ишда ҳам, кўча-кўйда ҳам шу ҳақда ташвишга тушаман. Биринчидан, ҳукуматга Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқулова каби журналистлар керак эмас. Унга мақтайдиган, маддоҳлик қиладиган роботлар керак. Менимча, Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқулова энди президентнинг асл қиëфасини билиб олган бўлсалар керак. Уларнинг президентга бўлган ишиончи бир зумдаëқ тарқаб кетди. Ҳозир президентга ҳақиқат керак эмас. "Ëшлар" телеканалидаги цензурага, менинг шахсий фикрим, президентнинг ўзи айбдор. Унда сўз ва иш бирлиги йўқ, дейди самарқандлик Холисбек.

11 йилдан бери Эроннинг Балужистонида яшаётган, асли Бухоронинг Шофирконидан бўлган Ҳазрат Жўраев ҳам Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқуловалар ўтказаётган очлик акциясига муносабатини бошқаларга эшиттириб қўйишимизни сўради.

- Саодат ва Малоҳат журналистлар очликни давом эттираëтган эканлар. Шунга фикр билдирмоқчи эдим. Бу иккала журналистга айтадиган энг аввалги гапим шуки, офарин. Аëл киши бўлиб туриб бунинг устига Ўзбекистоннинг ичида золим ҳукуматга қарши ўз норозилигини шу даражада намоëн эта олганлари учун ҳам офарин айтаман. Президент улар билан учрашмади. Бу билан президент ўзининг халқига нисбатан бефарқлигини, ҳатто аëл кишилар билан ҳам учрашишга жасорати йўқлигини кўрсатди. Демак, бу курашда Саодат ва Малоҳат ютиб чиқди. Бу иккалаларини ғалаба билан табриклайман ва уларга айтмоқчи бўлган гапим бундан кейин очликни тўхтатсинлар. Чунки Каримов бунга арзимайди, дейди Эроннинг Балужистонида яшаётган, асли Бухоронинг Шофирконидан бўлган Ҳазрат Жўраев.


Анвар бобо: Қуён йили – қурумсоқ йил

Бу йил Ўзбекистонда ёз қуруқ келгани, қурғоқчилик даражаси, айниқса, Қашқадарё вилоятида кучли эканлиги, бу вилоятдаги ем-хашак тақчиллиги туфайли ҳатто Фарғона водийси бозорларида чорва озуқаси нархи кўтарилиб кетгани тўғрисида аввал хабар берган эдик.

Сурхондарёнинг Ангоридан қўнғироқ қилган 85 ёшли Анвар бобонинг айтганлари жанубий вилоятлардаги вазият манзарасига қўшимча бир чизгидир.

- Ўт йўқ. Моллар жуда ориқ. Энди семизларини уйда боқилганларини чиқаради. У ҳам осмондаги отнинг нархини қўйган. Қашқадарëдан мол келади. Жуда ориқ. Ўт йўқ. Бу йил энди қуëн йили. Қурумсоқда қуëн. Қуëн қурмсоқ бўладику. Шунинг учун об-ҳавомиз шундай бўлиб қолди. Қолганлари ҳам мана қиммат бўлиб кетди. Сомонимиз 5000-6000га чиқиб кетди.

Озодлик: Ўтган йил шу вақтда бир той сомон неча пул эди?

- Ўтган йил жуда арзон эди. 1000-1500 сўм атрофида эди. Дағал хашаклар 4000-5000-6000гача чиқиб кетди. Бозорда буғдойнинг килоси 1000-1100 сўм бўлгандан кейин, арпа 1100 бўлгандан кейин шунга қараб ҳисоб-китоб қилиш керакда, дейди ангорлик 85 яшар Анвар бобо.


Юнонистон инқирози андижонлик кўзида

Ўзини Шокиржон, деб таништиришимизни сўраган суҳбатдошимиз меҳнат муҳожири. У бир неча йилдан бери Грецияда яшаб, ишламоқда.

Эшиттиришларимизни мунтазам тинглашини айтмоқ¸ миннатдорчилик билдириб қўймоқ учунгина қўнғироқ қилган андижонлик йигитни саволга тутдик.

"Қандай бориб қолгансиз?", деб сўрадик. "Юнонча инқироз нима?", деб сўрадик.

- Менинг Грецияга келишимнинг боиси чет элга чиқиш, чет элда ишлаш қизиқиш бор эди. Кейин Грецияга соҳа бўйича, сваршиклик бўйича ишга таклиф қилишди. Шу билан Грецияга келдик.

Озодлик: Ким таклиф қилди?

- Дўстларимиз таклиф берди. “Грецияда иш бор экан. Боргин” дейишди. Шу билан булар берган ҳужжатларни тайëрлаб топширдик. Менга энг қулайлик томони бўлганки, келганимиз билан бизни иш билан таъминлашди, Вид на жителство билан таъминлашди.

Озодлик: Оилангиз ҳам ўзингиз биланми?

- Ҳа. Оилам яқинда келди. Беш ой бўлди келганига.

Озодлик: Шу кунда ишлимисиз? Ишингиз борми?

- Шу кунда ишлайман.

Озодлик: Агар сир бўлмаса, айтгингиз келса, айтинг, бир ойда неча пул топасиз?

- Яхшигина берилади. Яхши тўлашади. 1400 евро.

Озодлик: Ўзбеклар кўпми Грецияда?

- Мен келган 2007 йили кўпчилик эди. Иқтисодий кризис туфайли кўп ўзбеклар чиқиб кетишаяпти бу ердан. Чунки ҳақиқатан иш камайиб кетаяпти. 7-8 йилдан бери ишлаëтган ўзбеклар ишлаяпти. Янги келаëтган ўзбеклар иш ўрганиб тил ўргангунча буларга имконият йўқ-да. Шунинг учун янги келган болаларнинг кўпчилиги ишсиз бўлиб чиқиб кетаяпти.

Озодлик: Сиз Афинадамисиз?

- Ҳа.

Озодлик: Бу Афинадаги аҳволми ëки бутун Греция бўйича шунақа аҳволми?

- Афинадаги аҳвол. Четдан ишлашга келган мигрантларнинг асосий қисми Афинада жойлашган. Афина атрофидаги районларда ишлар ҳақиқатан ҳам қисқариб кетган.

Озодлик: Грекча иқтисодий-молиявий бўҳрон, деганда нимани тасаввур қилиши керак бизнинг тингловчи? Одамлар оч қолаяптими, нима бўлаяпти?

- Одамлар оч қолиши, энди ишсиз бўлиб қолгандан кейин оч қолиши ҳам мумкин бу ерда. Чунки буларда уй олиш 300-400 евро нима қилинади. Унга қўшимча ўзининг оплаталари бор. Озиқ-овқати, бошқаси билан бир одамнинг бир ойлик расходи 300-400 еврога айланиб қолади. Ҳақиқатан одам ишламагандан кейин оч қолиши ҳам мумкин. Лекин у даражада оч қоладиган ҳолатда эмас греклар. Грекларнинг ороллари, туристик зоналари грекларни боқади.

Озодлик: Мана Грецияда бўҳрон туфайли ишсизлик. Лекин грекларнинг ўзига иш етмай турган бир пайтда Ўзбекистондан келган одамга, мана сизга иш бор. Буни қандай тушуниш мумкин?

- Чунки грекларнинг дунëқараши билан четдан келаëтган мигрантларнинг дунëқараши бутунлай бошқача. Грекларнинг баъзи ишларни қилгиси келмайди. Уларнинг ҳаммасининг фикрлари чиройли офисларда ишлаш, умуман давлат соҳаларида, бошқа жойларда ишлаш. Бошқа ишларни буларнинг қилгиси келмайди. Шу сабаб бўлса керак, деб ўйлайман.

Озодлик: Аслида сиз қилаëтган ишни ҳам қора иш, деб бўлмайди. Яхши пайвандчи жуда танқис мутахассис бўлади. Шунга ҳам ишлашни хоҳлашмайди денг.

- Кўпроқлари нима қилгиси келмайди. 2008 йилда Грецияда бошланди мана иқтисодий бўҳрон. Ҳозир бошқа жойларга борганда эшитиб қолаяпмиз грекларнинг ўзлари ҳам чет эллик мигрантларнинг ишини қилишаяпти. Бу нарса бўлиши мумкин. Шаҳардан чеккароқ жойга иншоот қургани борганимизда, икки грек болани ëрдамга олдик 10 кунга. Шу болалар ишлашаяпти. Ишни тугатгандан кейин “Бизни олиб кетинглар бирга. Бизга иш йўқ” деяпти.

Озодлик: Сиз газосварками электросварками?

- Ҳаммаси, дейди Афинадаги андижонлик меҳнат муҳожири.

****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG